Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ХАТАРЛИ ОМИЛЛАР

ХАТАРЛИ ОМИЛЛАР


Касаллик ривожланишига туртки бўлувчи омилларга хатарли омиллар деб айтилади. Цереброваскуляр касалликлар ривожланишига туртки бўлувчи хатарли омилларни излаб топиш ва ўрганиш ХХ асрнинг 60-йилларида бошлаб юборилди. Тез орада бир қатор хатарли омиллар излаб топилди ва уларнинг касаллик ривожланишидаги ўрни ўрганилиб бошланди.

Бугунги кунда хатарли омиллар 2 турга ажратиб ўрганилади: ўзгартириб бўлмайдиган ва ўзгартириб бўладиган (1-жадвал).

1-жадвал
Цереброваскуляр касалликлар ривожланишига туртки бўлувчи хатарли омиллар
Ўзгартириб бўлмайдиган омиллар
Ўзгартириш мумкин бўлган омиллар

        Чекиш

        Спиртли ичимликлар
        истеъмол қилиш
Ёш*    
Жинс    
Насл
        Гиподинамия

          Семизлик
    Психоэмоционал стресс
    Депрессия
    Гиперхолестеринемия*
    Артериал гипертензия*
    Каротид стеноз*
    Ҳилпилловчи аритмия*
    Гипергомосистеинемия
    Анемия





Изоҳ. * – хатарли омиллар ичида энг хавфлилари.

Эслатма: битта одамнинг ўзида хатарли омиллар сони кўпайган сайин, унда инсульт ривожланиш хавфи ошиб боради: 1-2 омил – 5-7%; 3 ёки ундан кўп омил – 19-21%.

Хатарли омиллар хавфлилик даражаси ва аҳоли орасида тарқалиши бўйича бир-биридан фарқ қилади (2-жадвал).

2-жадвал
Хатарли омилларнинг нисбий хавф кўрсаткичлари ва умумий
популяцияда тарқалиш даражаси (Чалмерс эт ал., 2010)
Хатарли омиллар    

   Нисбий хавф
Популяцияда тарқалганлиги,%

Артериал гипертензия
2,0-4,0
30
Юрак ишемик касаллиги
1,0-3,0
20
Ҳилпилловчи аритмия
6,0-18,0
1
Қандли диабет
2,0-8,0
3
Ўтказилган инсульт ёки ТИА
1,0-10,0
2
Чекиш
2,0-4,0
25
Чекиш
1,0-4,0
5
Гиперхолестеринемия
1,0-2,0
5
Ортиқча туз истеъмол қилиш
1,0-2,0
30




А) Ўзгартириб бўлмайдиган хатарли омиллар

       Ёш. Цереброваскуляр касалликлар ёшга боғлиқ бўлиб, ёш ўтган сайин уларнинг сони ҳам оша боради: 50 ёшдан сўнг инсультнинг учраш даражаси ҳар 10 йилликда 2 баробарга ошади. Деярли 50% инсульт 70 ёшдан ошганларда учрайди, 80 ёшдан ошганларда инсульт 50 ёшдагиларга қараганда 30 баробар кўп кузатилади. Сўнгги 20 йилликда инсультнинг «ёшариб» бораётганлиги қайд этилмоқда, яъни 40 ёшгача бўлган даврда инсульт билан касалланганлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳолат ёшларда чекиш, ичиш ва гиподинамия каби омилларнинг кўпайиб бораётганлиги билан изоҳланади.
      Жинс. Инсульт билан касалланишнинг жинслараро фарқи унча катта эмас. Инсульт аёлларга қараганда эркакларда кўпроқ учрайди. Бироқ сўнгги йилларда бу кўрсаткичлар тенглашаётгани қайд этилмоқда. Инсультдан ўлим кўрсаткичлари эса аёлларда юқори.
       Насл. Инсульт наслга боғлиқ касаллик бўлиб, яқин қариндошларда инсульт кузатилганларда бу касалликнинг ривожланиш хавфи ҳам ортади.

Б) Ўзгартириш мумкин бўлган хатарли омиллар

      Чекиш. Чекиш – инсульт ривожланишига туртки бўлувчи мустақил хатарли омил. Чекиш инсульт ривожланиш хавфини деярли 2 баробарга оширади ва бу кўрсаткич чекилаётган сигаретлар сонига боғлиқ. Бир кунда 20 дона сигарет чекадиганларда инсульт ривожланиш хавфи кунига 10 дона сигарет чекадиганларга қараганда деярли 2 баробар юқори ҳисобланади. Чекиш нейрокимёвий механизмлар орқали АГ ривожланишига ҳам туртки бўлади. Чекиш, шунингдек, АС ривожланишини тезлаштиради ва қоннинг реологик хусусиятларига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис сигарет чекувчиларда АГ ва АС кўп учрайди. Маълумки, АГ ва АС инсультга олиб келувчи энг йетакчи хатарли омиллардир.
       Спиртли ичимликлар. Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳам инсульт ривожланишига туртки бўлувчи хатарли омил ҳисобланади. Инсульт ривожланиш хавфи спиртли ичимликнинг қанча миқдор ва қачондан буён истеъмол қилинаётганлиги ва унинг турига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўткир спиртли ичимликларни кунига 50 г дан кўп истеъмол қилиш инсульт ривожланиш хавфини 1,5-2 баробарга оширади. Спиртли ичимлик ишемик инсультга қараганда геморрагик инсульт ривожланишига кўпроқ туртки бўлади. Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчиларда АГ, юрак аритмияси, нейроинтокцикация, мия томирларида токсик вазодилатация ва серебрал перфузиянинг пасайиши кўп аниқланади. Ушбу патологик ҳолатларнинг биргаликда намоён бўлиши инсульт ривожланиши хавфини оширади.
       Гиподинамия. Йилдан-йилга жисмоний ҳаракатлар орқали бажариладиган ишлар сони ва ҳажми камайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби турмуш тарзимизга компютернинг жадал кириб келиши ва, айниқса, дистансион алоқа воситаларининг кенг қўлланилиб бораётганлигидир. Пировардида гиподинамия яққол хатарли омиллардан бирига айланиб бормоқда.
       Гиподинамия организмда липидлар парчаланишини сустлаштиради. Оқибатда липидлар организмда, айниқса, артериялар деворида тўпланиб, АС ривожланишини тезлаштиради. Бу эса артерияларнинг торайиб бориши ва юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфини оширади. Гиподинамия АГ га қараганда АС ривожланишига кўпроқ туртки бўлади. Шунингдек, фаол жисмоний ҳаракат билан шуғулланмайдиганларда мия ва юрак артерияларида капиллярлар даражасидаги коллатерал қон айланиш тармоқлари ўта суст ривожланган бўлади. Ваҳоланки, коллатерал қон айланиш тармоқлари мукаммал ривожланган одамларда ишемияга учраган соҳалар тез тикланади.
        Гиподинамия организмдаги барча физиологик жараёнларга салбий таъсир кўрсатувчи хатарли омилдир. Айниқса, у семизлик ривожланишига туртки бўлади. Гиподинамия организмда Т- ва В-лимфоцитларнинг йетарли миқдорда ишлаб чиқарилишини пасайтиради ва организмни юқумли касалликларга мойил қилиб қўяди. Гиподинамия организмнинг таянч аъзоларига салбий таъсир кўрсатиб, умуртқа остеохондрози ва артропатиялар ривожланишига ҳам туртки бўлади. Шунингдек, гиподинамия деярли барча ички аъзоларнинг нормал иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатадики, бунинг оқибатида бевосита ёки билвосита цереброваскуляр касалликлар ривожланиши тезлашади.
       Семизлик (ортиқча вазн). Семизлик авваламбор қандли диабет, АС, АГ ва ЮИК ривожланишига туртки бўлувчи хатарли омил ҳисобланади. Ушбу касалликларнинг ривожланиш хавфи семизлик даражасига ҳам боғлиқ: семизлик даражаси ошган сайин у билан боғлиқ бўлган касалликлар ривожланиш хавфи ошиб боради.
Семизлик даражасини аниқлаш учун тана вазни индекси (ТВИ) ўлчанади: ТВИ = ТО/Р2, бу ерда ТВИ – тана вазни индекси, ТО – тана оғирлиги (кг), Р2 – (кв.м), яъни квадратга оширилган бўй узунлиги (3-жадвал).

3-жадвал     
Тана вазни индекси ва семизлик даражаси
Тана вазни индекси, кг/кв.м
Семизлик даражаси
20-25
Норма
25-30
Тана вазни ошган
30 ва ундан юқори
Семизлик



     Демак, ТВИ нормада 20 ва 25 кг/кв.м орасида бўлиши керак. Агар ТВИ 30 кг/кв.м дан юқори бўлса, бу семизлик ҳисобланади.
       Психоэмоционал стресс. Психоэмоционал стресс – артериал гипертензия ва атеросклероз ривожланишига олиб келувчи энг хавфли омиллардан бири. Стресс мия инсульти ва миокард инфаркти ривожланишига бевосита туртки бўлувчи хатарли омил ҳамдир. Доимий психоэмоционал зўриқишлар организмда мураккаб патофизиологик жараёнларни бошлаб беради. Айниқса, психоэмоционал зўриқишлар пайтида қонга кўп миқдорда катехоламинлар ажралиб чиқиши АҚБ нинг кескин кўтарилиши, артериялар спазми ва коагулопатияларга сабабчи бўлади. Бу патологик жараёнлар доимий равишда давом этса, АС ривожланиши тезлашади. Шунингдек, ўткир психоэмоционал зўриқишлар пайтида қонда қанд миқдори ошади ва инсульт ривожланишида алоҳида ўрин тутувчи ҚД ривожланишига мезон яратилади. Баъзида ҚД ўткир психоэмоционал стрессдан сўнг дарров ривожланади.
       Бир қатор илмий марказларда ўтказилган тадқиқотлар натижаси психоэмоционал стресс билан АГ, АС ва ҚД ривожланиши орасида кучли коррелляцион алоқа борлигини кўрсатди. Йилдан-йилга юрак-қон томир касалликларининг ошиб бораётганлиги ва ундан ўлим ҳолатлари кўп кузатилаётганлигининг асосий сабабларидан бири – бу психоэмоционал зўриқишларнинг кўпайиб бораётганлигидир. Психоэмоционал стресс юрак-қон томир касалликлари билан касалланиш ва улардан ўлим даражасига бир хил таъсир кўрсатади.
       Депрессия. Депрессия – кардиоваскуляр ва цереброваскуляр касалликлар ривожланишида алоҳида ўрин тутувчи хатарли омил. Ушбу хулосага йирик илмий марказларда ўтказилган проспектив текширувлар натижасида келинган. Бугунги кунда депрессия чекиш, гиперхолестеринемия, психоэмоционал стресс ва АГ каби хатарли омиллар қаторидан ўрин олган. Халқаро тадқиқот марказлари АГ билан касалланганларнинг 30-50% ида депрессия аломатлари аниқланиши ва уларда гипертоник кризлар кўп кузатилишини таъкидлашади. Статистик маълумотларга кўра, депрессия касаллик прогнозига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади: депрессия фонида ривожланган миокард инфарктида ўлим кўрсаткичлари депрессиясиз ривожланган миокард инфарктига қараганда 2-4 баробарга юқорилиги исбот қилинган.
       Ўзбекистонда ҳам депрессия ва инсульт ривожланиши орасидаги боғлиқлик даражаси ўрганилган (Ибодуллаев З. Р. ва б.қ, 2009). Бу тадқиқотлар депрессиянинг инсульт ривожланишидаги нисбий хавф кўрсаткичи 1,6 га тенг эканлигини кўрсатди. Депрессия инсультдан кейинги функционал тикланиш даражасига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
       Артериал гипертензия. АГ инсульт ривожланишига туртки бўлувчи ўта хатарли омиллардан биридир. Инсульт ривожланиш хавфи АҚБ даражасига бевосита боғлиқ. Фремингем тадқиқот маркази маълумотларига кўра (2010), систолик АҚБ нинг 10 мм сим. уст. га ошиши инсульт ривожланиш хавфини эркакларда 1,9 баробарга, аёлларда 1,7 баробарга оширади. АҚБ 160/95 мм сим. уст. га етганларда АҚБ нормал даражада бўлганларга қараганда, инсульт ривожланиш хавфи 4 баробарга юқоридир. АҚБ 200/115 мм сим. уст. га етганларда бу кўрсаткич 10 баробарга ошади.
       Бир неча бор тинч ҳолатда ўлчанган АҚБ 140/90 мм сим. уст. дан юқори бўлса, беморда артериал гипертензия бор, деб хулосага келинади. АҚБ нинг нормал кўрсаткичлари қандай бўлишлиги тўғрисидаги узоқ давом этган баҳс-мунозаралар «прегипертензия» атамасини таклиф этиш билан тугалланди. Бунга биноан АҚБ 120/80-139/89 мм сим. уст. орасида бўлган шахслар прегипертензия гуруҳига киритилади. Бу гуруҳга кирганларда, кейинчалик АГ ривожланиш хавфи жуда юқори. Уларга профилактик дозаларда антигипертензив дорилар қабул қилиб юриш тавсия этилади ва бу беморлар доимий равишда УАВ назоратига олинади.
       Қандли диабет. Қандли диабет ҳам ўта хатарли омиллардан бири саналади. Инсульт ривожланишида ҚД нинг нисбий хавф кўрсаткичи 1,5-3 га тенг. ҚД атеросклероз ривожланишини жадаллаштиради, АГ ривожланиш хавфини оширади. Шунингдек, диабетик серебрал микроангиопатия бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишларини юзага келтиради ва ишемик инсульт ривожланишига замин яратади. Қондаги қанд миқдори 6,6 ммол/лдан ошган сайин инсульт ривожланиш хавфи ошиб бўлади. Фрамингем тадқиқот маркази маълумотларига кўра (2010), ҚД билан касалланганларда ишемик инсульт 2-4 баробар кўп кузатилади.
       Уйқу артериялари стенози. Уйқу артериялари стенози ТИА ва ишемик инсульт ривожланишида йетакчи хатарли омиллардан ҳисобланади. Уйқу артерияларининг симптомли стенозида 2 йил мобайнида инсульт ривожланиш хавфи 26% га тенг (нисбий хавф 2,2), агар стеноз ТИА билан намоён бўлса, бу хавф 2 йил мобайнида 70% га йетади (нисбий хавф 4,6). Ишемик инсульт ривожланган беморларнинг 70% дан ошиғида ички уйқу артериясининг атеросклеротик зарарланиш белгилари аниқланади.
       Ўтказилган инсульт ва ТИА. Анамнезида ТИА ва ишемик инсульт ўтказган беморларнинг 40% ида 5 йил ичида ишемик инсульт яна ривожланади, шундан 20% инсульт касалликнинг ўткир даврида, қолган 50% – бир йил мобайнида ривожланади.
       Бошқа хатарли омиллар. Инсульт ривожланишига туртки бўлувчи омилларга яна қуйидагилар киради: интра- ва экстрацеребрал томирлар аномалияси, антифосфолипид синдром, мигреноз статус, гипергомоцистеинемия, тромбоцитопения, краниоцеребрал ўсмалар ва жароҳатлар, бўйин остеохондрози, турли этиологияли ангиопатиялар, аллергик касалликлар, юракка қўйилган сунъий клапанлар, фибромускуляр дисплазия, ОИТС, захм, артериялар қатланиши (диссекцияси), турли вирусли нейроинфекциялар, орал контрацептив дориларни истеъмол қилиш, гиёҳвандлик, полицитемия, лейкоз, веноз тромбоз, облитерацияловчи эндаартериит ва б.қ.
       Хулоса қилиб айтганда, юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, цереброваскуляр касалликлар ривожланишига туртки бўлувчи хатарли омиллар сони 100 дан ошади. Инсульт ривожлангандан кейин ҳам сақланиб қолган хатарли омиллар ногиронлик даражаси ва ўлим хавфини бир неча баробарга оширади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz







Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha