Фригидлик


Аёлларда учрайдиган жинсий совуққонликка фригидлик деб аталади. Либидоси йўқ ва оргазм кузатилмайдиган аёллар фригид ҳисобланишади. Фригидликнинг 3 даражаси фарқланади: I даража – жинсий алоқа озгина бўлса-да, ёқимли таассуротлар остида рўй беради, қин ҳўлланади, лекин оргазм кузатилмайди; II даража – жинсий алоқага бефарқ, жинсий қўзғалиш ва ёқимли таассуротлар йўқ; III даража – жинсий алоқани ўта ёмон кўради, жинсий алоқадан қочишга интилади, жинсий алоқа пайтида кучли оғриқ сезади.
       Мутахассислар шартли равишда фригидликнинг 4 турини ажратишган: 1) ретардацион; 2) психоген; 3) симптоматик; 4) конституционал.
       1. Ретардацион фригидлик  жинсий ҳирснинг кеч ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, ўтиб кетувчи хусусиятга эга. Умуман олганда, ҳамма соғлом аёлларда ҳам оргазм жараёни бир хил даврда  ривожланавермайди. Оргазм турмуш қургандан бир ҳафта, бир ой, баъзан йиллар ўтгандан сўнг кузатилади. Кўпчилик аёлларда у ўсмирлик давридан бошланса, бошқаларда фақат турмушга чиққач ёки туққанидан сўнг ривожланади. Аксарият қизларда оргазм (тахминан 25 %) тўла жинсий балоғат ёшига етганда пайдо бўлади. Жинсий ҳаётга бўлган талаб 25-30 ёшгача бўлган эркакларда юқори бўлади, 30 ёшдан сўнг эса либидо бироз пасайиб боради. Аксарият аёлларда бунинг акси кузатилади, яъни либидо 30  ёшдан сўнг кучаяди. Лекин 45-50 ёшга етмасдан жинсий майли пасайиб борадиган ва бутунлай йўқоладиган аёллар сони ҳам кўп. Бу иккала бир-бирига зид ҳолатнинг аниқ бир статистик кўрсаткичлари йўқ. Баъзан эркаклар ёш аёлларнинг жинсий ҳаётга бўлган физиологик талабини ортиқча баҳолаб юборишади ва йоши каттароқ аёлларникини эса паст деб ўйлашади. Чунончи, 30 ёшгача бўлган аёлларнинг аксарияти турмуш ўртоғининг жинсий томондан жуда фаоллигини айтишса, 30 ёшдан ошгандан сўнг эса уларнинг сустлигидан шикоят қилишади. 16-18 яшар қизларнинг жинсий ҳаёти 25-30 яшар аёлларникидан бироз фарқ қилади. Уларнинг кўпчилиги учун севиш ва севилиш, хиёбонларда сайр қилиш, тез-тез учрашиб туриш, ўпишиб-қучоқлашиш жинсий алоқага қараганда афзал ҳисобланади. Жинсий яқинликка, асосан, йигитлар мажбурлашади, эрта бошланган (ўзаро хоҳиш билан бўлса-да) жинсий ҳаётдан аксарият қизлар ўзларини ҳақоратлангандек сезишади.
        2. Психоген фригидлик. Психоген фригидлик сексуал эҳтиёжларни руҳий йўллар билан тўхтатиб юришда рўй беради. Бунинг сабаблари турлича. Севмасдан турмуш қуриш, эрининг жинсий заифлиги, оилавий жанжаллар, бошқа бировни севиб қолиш, фарзанд бўлмаслиги, жинсий алоқалар пайтида ҳар томон ўз усулини таклиф қилавериши каби психологик ҳолатлар психоген фригидлик ривожланишига олиб келади. Лекин бу бузилишлар вақтинча бўлиб, психологик тўсиқлар олиб ташлангандан сўнг ўтиб кетади. 
       Бу вазиятга оид адабиётларда ёзиб қолдирилган бир мисолни келтириб ўтамиз. Жисмоний тарбия институтини тугатган 25 ёшли қиз кичик бир шаҳарга ўқитувчи бўлиб ишга келади. Ўша шаҳарга ўзи билан бирга ўқиган жисмонан бақувват йигит ҳам ишга юборилади. Қиз унга турмушга чиқишга розилик беради. Никоҳнинг биринчи кечаси вино ичиб маст бўлиб қолган куёв авваллари қизлар билан нима ишлар қилгани, улар унинг қобилиятини доимо юқори баҳолаганликларини мақтаниб, оқизмай-томизмай ёрига гапириб беради. Бу гаплар қизда йигитга нисбатан қаттиқ нафрат уйғотади. Турмуш ўртоғининг жинсий қобилияти яхши бўлса-да, унга нисбатан ҳеч қандай жинсий майл сезмайди. Бошқа йигит билан (жинсий томондан унча кучли бўлмаса-да) жинсий алоқа пайтида оргазм кузатилган. У эри билан ажрашиб, ўша йигитга турмушга чиққан. Бу воқеа психологик фригидликка яққол мисол бўла олади ва жинсий алоқанинг нафақат физиологик, балки психологик жараён эканлигини тасдиқлайди.
       Жинсий туйғуни тўхтатадиган руҳий омилларга жинсий алоқа пайтида кузатиладиган оғриқли дефлорация, касалланиб қолиш ва бошқаларга гап-сўз бўлишдан қўрқиш каби ҳолатлар ҳам киради.
       3. Симптоматик фригидлик. Бирорта касаллик натижасида ривожланадиган фригидликка симптоматик фригидлик деб аталади. Бош мия ва орқа миянинг органик касалликлари, эндокрин бузилишлар, урологик ва гинекологик касалликлар, наслий касалликлар, гиёҳвандлик, ароқхўрлик, турли этиологияли энтсефалопатиялар, эндоген депрессиялар, оғир юқумли касалликлар фригидликка олиб келиши мумкин.
       4. Конституционал фригидлик. Бунинг асосида психосексуал функцияларнинг туғма етишмовчилиги ётади. Масалан, худди туғма мусиқий карлик бўлгани каби туғма фригид аёллар ҳам бўлади. Бу аёлларда бошқа ҳамма аъзо ва системалар соғлом, жинсий аъзолари анатомик жиҳатдан яхши ривожланган, оналик функцияси сақланган бўлиши мумкин, лекин уларда турли даражада ифодаланган фригидлик кузатилади. Бундай аёллар учун фригидлик касаллик эмас, балки туғма нуқсондир. Одатда, улар ичида онанизм билан шуғулланганлари бўлмайди, эркаклар билан жинсий яқинликка интилишмайди, одатда, севиб турмуш қуришмайди, жинсий алоқа оргазм билан тугамайди, врачларга бориб даволанишни хоҳлашмайди ҳам. 
       Фригидликнинг бундай таснифини мукаммал деб бўлмайди, чунки симптоматик ва ретардацион фригидликда психологик омилни инкор қилиш қийин.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha