Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Фрейддан кейинги психоанализ

Фрейддан кейинги психоанализ


Зигмунд Фрейд таълимотининг тарафдорлари ҳам, танқидчилари ҳам кўп бўлган. Унинг энг яқин сафдошлари ва шогирдлари бўлмиш Алфред Адлер ва Карл Густав Юнг унинг таълимотини аввалига қўллаб-қувватлашди, кейинчалик ундан қисман воз кечишди. Улар ўзларининг таълимотини яратишди. А. Адлер индивидуал психология, К.Г. Юнг эса аналитик психология таълимотини. Бу олимлар З. Фрейдни танқид қилишса-да, аслида улар танлаган йўналиш психоанализнинг давоми эди.
Алфред Адлер (1870–1937)    

Карл Густав Юнг (1875–1961)

       А. Адлер фанга «етишмовчилик ҳисси» деган тушунчани киритди. Унинг фикрича, бу туйғу табиий ва туғма бўлиб, ҳар биримиз учун хос ва шахс ривожланишида катта аҳамиятга эга. А.Адлер фикрига кўра, ҳар бир инсон умри мобайнида ўзидаги ушбу етишмовчиликдан қутулиш учун бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга, уларнинг фаоллигини бостиришга интилиб яшайди. Бунинг учун у ўзидаги барча имкониятларни ишга солади ва жамиятда ўз ўрнини топишга интилади. А. Адлер бу жараённи компенсация ёки суперкомпенсация деб атади. Суперкомпенсация – бу етишмовчилик ҳиссига бўлган туғма реакцияларнинг ижтимоий бир кўринишидир. Адлернинг фикрича, ана шу туғма инстинктлар одамни атрофдагиларга тажовузкор қилиб қўяди. Демак, одамда невроз ривожланишининг олдини олиш учун ундаги етишмовчилик ҳиссини бартараф этиш зарур. Ваҳоланки, А.Адлер ҳам ўз таълимотида инсон руҳияти ривожланишида инстинктив реакцияларга урғу берган.
      К.Г. Юнг таълимоти бироз бошқача эди. У «жамоа онгсизлиги» деган тушунчани таклиф этди. Юнг индивидуал онгсизлик ва жамоа онгсизлиги орасида аниқ бир чегара чизиғини ўтказди. Унинг фикрича, жамоа онгсизлиги индивидуал онгсизликдан фарқли ўлароқ, авлоддан авлодга узатилади ва «Мен» жамоа онгсизлиги таъсири остида ривожланади.
       Юнгнинг фикрича, индивидуал онгсизлик одамнинг шахсий тажрибасида акс этади. Бу тажрибалар, албатта, қачонлардир онгда акс этган, лекин онгдан сиқиб чиқарилиши натижасида унут бўлиб кетган. Жамоа онгсизлиги — бу умуминсоний тажрибалар бўлиб, ҳар бир миллат ва элатлар учун хос, у ўтмишимизнинг яширинган хотира изларидир. У мифологияда, халқ достонларида, диний қарашларда акс этган бўлиб, ҳозирги замон кишиларининг онгида туш кўриш орқали намоён бўлиб туради. Юнг Фрейднинг сексуал назариясини тан олмади ва невроз ривожланишининг бошқа бир қанча сабабларини кўрсатиб, уларни исбот қилиб берди. Уларнинг ичида ижтимоий келишмовчиликлар, киши ҳаётидаги фожиали даврларни ҳам асосий омил сифатида кўрсатди.
       З. Фрейд назариясини талқин ва танқид қилувчилар сафи яна кенгайиб борди. ХХ асрнинг 30-йиллари охирида неофрейдизм шакллана бошлади. Бу йўналишнинг энг кўзга кўринган тарафдорлари немис олими Эрих Фромм (1900–1980) ва америкалик олима аёл Карен Хорни (1885–1952) эди. 
             
Эрих Фромм (1900–1980)    Карен Хорни (1885–1952)

       Улар психоанализга сотциологик йўналишдаги таълимотларни киритишди. Бу таълимотлар ҳам психоанализни пансексуализмдан йироқлаштирди. Э. Фромм ва К. Хорни инстинктив жараёнларни инкор қилмаган ҳолда инсоннинг яшаш фаолиятида одамлар орасидаги муносабатларни устун қўйишди. 
       Неофрейдизм тарафдорлари неврознинг келиб чиқиш сабабини қуйидагича талқин қилишади: одам боласи туғилгандан хавотирда яшайди, чунки унинг қаршисида адоватли дунё пайдо бўлади ва бу хавотир эътибор ва меҳрибонликнинг йўқлигидан кучайиб боради. Кейинчалик эса индивид ижтимоий омилларнинг қақш атқич зарбасига дуч келади ва жамиятда ёлғизланиб қолади, у ўзининг жамиятга нисбатан бегоналигини англайди. Демак, неофрейдистлар фикрича, жамият шахснинг синхрон ривожланишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун ҳам неврознинг асосий сабабчиси жамиятдир ва айнан индивидни соғломлаштириш орқали жамиятни соғломлаштириш мумкин. 
       Эрих Фромм шахс ривожланишида туғма омиллар аҳамиятини, яъни боланинг сексуал ривожланиши, Эдип комплекси ва жинсий муносабатларнинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатмасликни айтади. У ҳар бир одамдаги руҳий кечинмаларни ижтимоий муҳитга шўнғиб кетганлик, деб билди. Демак, сексуал инстинктлар шахсни шакллантирмас экан, балки шахснинг ўзи уларни белгилаб беради. 
       Карен Хорни таълимотида ҳам ижтимоий омиллар аҳамияти юқори эканлигини кўриш мумкин. Жамиятга нисбатан муносабатига қараб 3 тоифа одам шаклланишини кўрсатиб ўтди: 1) одамларга интилувчилар, яъни меҳрибонлик изловчилар; 2) одамлардан йироқлашувчилар, яъни ёлғизликка интилувчилар; 3) одамларга қарши турувчилар, яъни ҳукмронликка интилувчилар. Ушбу хусусиятларнинг қай бири устун келишига қараб 3 хил невротик шахс шаклланади: 1) итоаткор, қандай бўлмасин, бошқаларнинг муҳаббати ва эътиборини қозонишни истовчи; 2) жамиятни ёқтирмай ундан йироқлашишга интилувчи; 3) давлатпараст ва одамлар устидан ҳукмронликка интилувчи. 
       К. Хорни фикрича, бу реакцияларнинг барчаси инсонни қониқтирмайди, хавотир ҳеч қачон йўқолмайди, аксинча, борган сари кучайиб, янги ва янги келишмовчиликларни юзага келтираверади. Бу эса барибир одамда невроз ривожланишига мезон яратади. 
       Шундай қилиб, К. Хорнининг невроз ҳақидаги таълимотини қуйидагича шарҳлаш мумкин: невроз куртаклари бола туғилгандан сўнгги хавотирдан бошланади ва адоватли дунё билан курашиб ҳаёт кечиради. Бунинг натижасида юқорида қайд қилинган учта ҳимоя стратегияси ишлаб чиқилади.
       Демак, хулоса шуки, невроздан қутулиш қийин. Биз ушбу бобни пессимистик руҳда тугаллаш ниятимиз йўқ. Албатта, Фрейд яратган  психоанализ назарияси ва ундан кейинги таълимотлар невроз ривожланиши сабабларини жуда яхши кўрсатиб берган ва албатта бунга қарши психодинамик терапия ҳам ишлаб чиқилган. 
       Бугунги кунда психоанализ асосида яна янги йўналишлар пайдо бўлди. Биз шу ерда ўз концепциямизни ҳам илгари сурмоқчи эдик. Ўйлаймизки, бизнинг концепция невроз профилактикаси учун ҳам, давоси учун ҳам ва оғир асоратларини тўхтатиш учун ҳам хизмат қилади. Неврозни юзага келтирувчи қандайдир воқеа рўй берса, “Шундай бўлиши керак эди”, деб хитоб қилиш ва шу ҳолатга яна тушмаслик учун “Шундай бўлмаслиги мумкин эди” деб хитоб қилиш зарур. Бу бизга нима беради? Каттами, кичикми кўнгилсиз воқеа рўй берганида “шундай бўлиши керак эди”, деб хитоб қилиниши ўша одам учун вазиятни тўғри баҳолаш ва унинг илк сабабларини англаш учун ёрдам берса, “шундай бўлмаслиги мумкин эди”, деб хитоб қилиниши, шу ва шу каби ҳолатларга яна тушмаслик учун индивидуал стратегия ишлаб чиқишга ёрдам беради. Биз илгари сураётган ушбу концепсия невротик бузилишлар ҳали авж олиб кетмасдан уни бартараф этишга жуда катта имконият яратиб беради ва бунинг учун психоаналитик шарт бўлмаслиги мумкин. Бунда беморнинг ўзи психоаналитик ролини ўтайди. Бунинг учун ушбу иккала иборани нафақат хитоб қилиш, балки унга амал қилиш ҳам керак. Бу эса осон. Бир неча йиллардан буён биз ўзимиз ишлаб чиққан ушбу концепсияни юзлаб беморларда қўллаганмиз ва деярли ҳар доим ижобий натижа олганмиз Бу концепсия ҳар қандай саволга жавоб топади ва ҳар қандай жумбоқнинг ечимини топиб бера олади. 
Биз беморлар билан психоаналитик суҳбат ўтказаётганда ушбу иккала иборага қандай амал қилишни тушунтирамиз, изоҳлаб берамиз. Ушбу услуб нафақат невроз, депрессия, хавотир ва стрессни энди куртак отган заҳоти бартараф этишда, балки ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ҳам олдини олишда қўл келмоқда.
       Неврознинг илк сабаблари ва моҳиятини ўрганишни бошлаган невролог олим Зигмунд Фрейд, кейинчалик машҳур психоаналитик ва файласуф бўлиб етишди. Бугунги кунда унинг таълимоти тиббий ва ижтимоий фанларга чуқур кириб келган. Булар неврология, психиатрия, психология, сексология, фалсафа, бадиий санъат, этика, эстетика, адабиёт ва ҳ.к.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha