Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Рефлекс ва унинг турлари

Рефлекс ва унинг турлари


Нерв системаси фаолияти рефлектор принципга асосланган. Организмнинг рецепторлардан келган таъсиротларга жавоб реакциясига рефлекс дейилади. Рефлекс ҳар қандай жонли мавжудот учун хос бўлиб, нерв системаси иштирокида амалга оширилади. Рефлекс юзага келиши учун уни қўзғовчи таъсирот керак, агар бундай таъсирот бўлмаса, рефлекс чақирилмайди. Шартсиз ва шартли рефлекслар фарқланади. 
Шартсиз рефлекслар. Шартсиз рефлекс туғма бўлиб, олий нерв фаолияти иштирокисиз амалга оширилади. Шартсиз рефлекслар умрбод сақланиб қоладиган доимий рефлектор ёйга эга. Уларнинг оддий рефлектор ёйи орқа мия ва мия устунида туташади. Бундай рефлекслар жуда кўп бўлиб, уларга бицепс, трицепс, тизза, ахилл, корнеал, ютқум ва юмшоқ танглай рефлексларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 
Шартли рефлекслар. Шартли рефлекслар ҳаёт мобайнида оттирилган рефлекслар бўлиб, олий нерв фаолияти иштирокида амалга оширилади. Шартли рефлекслар шартсиз рефлекслардан фарқли ўлароқ доимий эмас ва мустаҳкам рефлектор боғланишларга эга эмас. Шу боис улар гоҳ сўниб, гоҳида яна пайдо бўлиб туради. Шартли рефлекс шаклланиши учун шартли таъсирот бир неча бор такрорланиши керак. 
Рефлектор ёй. Шартсиз рефлекснинг рефлектор ёйи рецептор, афферент йўл, марказ (оралиқ нейрон), эфферент йўл ва бажарувчи аъзодан ташкил топган. Мия устунида ҳосил бўлувчи рефлектор ёйнинг афферент қисмини краниал нервнинг сезги ядроси, эфферент қисмини уларнинг ҳаракат ядроси ташкил қилади. Масалан, ютқум рефлексининг афферент қисмини IX ва X нервларнинг сезги ядролари ва йўллари ҳосил қилса, эфферент қисмини ушбу нервларнинг ҳаракат ядролари ва йўллари ҳосил қилади.
Орқа мия ёки мия устунида туташадиган рефлектор ёй 2 ёки 3 нейронли бўлиши мумкин. Икки нейронли рефлектор ёй афферент (марказга интилувчи, сезги) ва эфферент (марказдан қочувчи, ҳаракат) нейронлардан иборат. Афферент нейрон рецептор нейрон деб ҳам аталади. Уч нейронли рефлектор ёйда эса оралиқ нейрон ҳам мавжуд. Оралиқ нейрон – афферент нейронни эфферент нейрон билан боғловчи нейрон. Демак, афферент нейрон сезги импульсини перифериядан марказга узатувчи, эфферент нейрон эса ҳаракат импульсини марказдан периферияга узатувчи нейрондир.
Орқа мияда боғланувчи оддий рефлектор ёйни тизза рефлекси мисолида кўриб чиқамиз. Неврологик болғача билан lig. patellae га урилса, ушбу пайда ва тўрт бошли мускулда жойлашган рецепторлар қўзғалади. Қўзғалиш натижасида пайдо бўлган сенсор импульслар сон нервининг (n. femoralis) афферент толалари бўйлаб орқа миянинг сегментар аппарати томон йўналади, яъни спинал тугун ва орқа илдизча орқали орқа шохга тушади (1.2-расм). 



Орқа шохга тушган ушбу импульс оралиқ нейрон орқали олдинги шохга узатилади. Бу пайтда сенсор импульс ҳаракат импульсига айланади. Олдинги шохда жойлашган ҳаракат нейрони толалари орқали ҳаракат импульслари орқа миядан чиқиб кетади ва сон нервининг эфферент толалари бўйлаб тўрт бошли мускулга етиб боради. Бунинг натижасида ушбу мускул қисқаради ва оёқ тизза бўғимида ёзилади. 
Юзаки ва чуқур рефлекслар. Рецепторлар жойлашган жойига қараб юзаки ва чуқур рефлекслар фарқланади. Тери ва шиллиқ қаватни таъсирлантириш орқали чақириладиган рефлексларга юзаки рефлекслар дейилади. Терида юзаки рефлексларни чақириш учун, унда жойлашган рецепторлар нинанинг ўтмас учи билан чизиб таъсирлантирилади. Шиллиқ қаватдаги юзаки рефлекслар учли момиқ пахта ёрдамида чақирилади. Масалан, корнеал ёки коньюктивал рефлексларни чақиришда шундай қилинади. Бироқ юмшоқ танглай ва ютқум рефлекслар шпателни тегизиб чақирилади.
Пай ва мускуллар чўзилиши ва қисқариши ҳисобига юзага келадиган рефлексларга чуқур рефлекслар дейилади. Периостал рефлекслар ҳам чуқур рефлекслар сирасига киради. Бундай рефлекслар неврологик болғача ёрдамида чақирилади.

Нормал рефлексларни текшириш усуллари
Соғлом одамда юзаки рефлекслар ҳам, чуқур рефлекслар ҳам симметрик тарзда чақирилади. Рефлекслар тинч ва қулай шароитда текширилиши керак. Чуқур рефлексларни текшираётганда мускуллар бўшашган ҳолатда бўлиши лозим. Хулоса ёзаётганда рефлекснинг нормал чақирилиши, ошганлиги, пасайганлиги ёки йўқолганлиги кўрсатиб ўтилади. Мускул таранг ҳолатда бўлса, ўша соҳада пай рефлекслари суст чақирилади. Бу эса нотўғри хулосага сабаб бўлади.
Юзаки ва чуқур рефлексларни чақириш усуллари, жавоб реакцияси ва рефлектор ёй туташадиган сегментлар 1.1-жадвалда акс эттирилган.
1.1-жадвал

Нормал рефлексларни чақириш усуллари ва уларнинг рефлектор ёйи

Рефлекслар
Чақириш усули
Жавоб реакцияси
Рефлектор ёй туташадиган соҳа

А. Ю з а к и   р е ф л е к с л а р 

Тери рефлекслари
Қорин рефлекслари:
юқори

Қорин териси пастки қовурға ёйи бўйлаб ичкарига чизилади
Шу соҳада қорин девори  мускуллари қисқаради
Th–Th8 спинал  сегментлар
Ўрта

Қорин териси киндик томонга қараб чизилади
Шу соҳада қорин девори  мускуллари қисқаради
Th–Th10 спинал  сегментлар
Пастки
Қорин териси чов бурмасининг юқори қисми бўйлаб ичкарига чизилади

Шу соҳада қорин девори  мускуллари қисқаради
Th11 –Th12 спинал  сегментлар
Эслатма: Болада қорин рефлекслари 5-6 ойга тўлгандан кейин чақирилиб бошлайди.
Кремастер рефлекс
Соннинг ички юзаси бўйлаб ўтмас нина билан тепага қараб чизилади
Мояк кўтарилади
L1 – Lспинал сегментлар
Эслатма: Кремастер рефлекс ўғил болаларда 4-5 ойга тўлгандан кейин чақирилиб бошлайди.
Анал рефлекс
Орқа тешик ёнига ўтмас нина билан тегизилади
m. sphincter ani externus қисқариб орқа тешик тораяди
S4-S5 спинал  сегментлар
Оёқ кафти рефлекси
Оёқ кафти пастдан юқорига қараб чизилади 
Бармоқлар букилади
L5– S1 спинал сегментлар
Эслатма: Оёқ кафти рефлекси бола 2 ёшга тўлгандан кейин чақирилиб бошлайди.
Шиллиқ қават рефлекслари
Корнеал рефлекс
Кўзнинг шох пардаси момиқ пахта учи билан таъсирлантирилади
Қовоқлар қисқариб (m. orbicularis oculi) кўз юмилади
Афферент қисми –  n.ophthalmicus n. trigemini, эфферент қисми – n. facialis нинг ҳаракат ядроси    
Конъюктивал рефлекс 
Конъюктива момиқ пахта учи билан таъсирлантирилади
Қовоқлар қисқариб (m. orbicularis oculi) кўз юмилади
Афферент қисми –  n.ophthalmicus n. trigemini, эфферент қисми – n. facialis нинг ҳаракат ядроси    
Юмшоқ танглай рефлекси
Юмшоқ танглай шпатель билан таъсирлантирилади
Юмшоқ танглай қисқариб кўтарилади
IX ва X нервларнинг афферент ва  эфферент йўллари
Ютқум рефлекси 
Ҳалқумнинг орқа девори шпатель билан қўзғатилади
Ютиш, қусиш ёки йўталиш ҳаракатлари пайдо бўлади
IX ва X нервларнинг афферент ва  эфферент йўллари

В. Ч у қ у р   р е ф л е к с л а р 

Бицепс рефлекс
Қўл тирсак бўғимида  ярим букилган ҳолда ушлаб турилади ва икки бошли мускул пайига урилади
m. bicipitis brachii қисқариб қўл тирсак бўғимида букилади.
С5—С6 спинал сегментлар
Трицепс рефлекс 
Қўл тирсак бўғимида ярим букилган ҳолда ушлаб турилади ва уч бошли мускул пайига урилади
m. tricipitis brachii қисқариб қўл тирсак бўғимида ёзилади
С6—С7 спинал сегментлар
Билак периостал рефлекси (карпорадиал рефлекс)
Билак суяги дистал қисмининг радиал юзасига неврологик болғача билан урилади
Қўл тирсак бўғимида букилиб енгил пронация кузатилади, бармоқлар ҳам бироз букилади
С5 С6, С7, С8 спинал сегментлар
Тизза рефлекси
Тўрт бошли мускул пайига неврологик болғача билан урилади
Болдир тизза бўғимида ёзилиб яна пастга тушади
L2–Lспинал сегментлар
Ахилл рефлекси 
Ахилл пайига неврологик болғача билан урилади
m. tricipitis surae қисқариб оёқ панжаси орқага букилади
S1–S2 спинал сегментлар 
Қош усти рефлекси  
Қош устининг  ички томонига неврологик болғача билан секин урилади
Қовоқлар қисқариб (m. orbicularis oculi) кўз юмилади
Афферент қисми –  n.ophthalmicus n. trigemini, эфферент қисми – n. facialis нинг ҳаракат ядроси    
Пастки жағ (мандибуляр) рефлекси
Оғиз бироз очиқ ҳолатда ияг устига неврологик болғача билан секин урилади.
Чайнов мускуллари қисқариб пастки жағ бироз кўтарилади.
V нервнинг афферент ва эфферент йўллари



1.2-расм. Нормал (физиологик) рефлексларни текшириш усуллари




Изоҳ. Краниал рефлексларни текшириш усуллари “Краниал нервлар” бобида келтирилган. 


Рефлекслар ўзгариши

Рефлекслар турли касалликларда ўзгаради. Рефлекс пасайишига гипорефлексия, ошишига гиперрефлексия, сўнишига арефлексия дейилади. Агар бир томондаги рефлекс иккинчи томондаги рефлексга қараганда баландроқ чақирилса, у ҳолда анизорефлексия ҳақида сўз боради.
Марказий фалажликда пай рефлекслари (шу жумладан, периостал рефлекслар) ошади, периферик фалажликда эса пасаяди ёки йўқолади. Мия инсултида рефлекслар ошиши ва полиневропатияда пасайишини бунга мисол бўла олади. Қайси рефлекс ўзгарганига қараб МНС ва ПНС да патологик ўчоқ топографиясини осон аниқлаб олинади. Бунинг учун рефлектор ёй туташган сегментни яхши билиш керак.
Пай рефлекси пасайиши. Рефлектор ёйни ташкил қилувчи афферент ёки эфферент йўлларнинг қайси қисми зарарланишидан қатъи назар, рефлекс ё пасаяди ёки сўнади. Бунда чуқур рефлекслар ҳам, юзаки рефлекслар ҳам пасайиб сўнади. 
Спинал тугун ва орқа илдизча зарарланса, пай рефлекси пасайиши билан биргаликда сегментар типдаги сезги бузилиши ҳам кузатилади. Олдинги шох ва олдинги илдизча зарарланса, пай рефлекси пасайиши билан биргаликда мускул атрофияси ва атонияси ҳам кузатилади. Учта “А” феномени, яъни арефлексия, атония, атрофия – булар периферик мотонейрон зарарланганини кўрсатувчи патогномоник симптомлар.
Пай рефлекси сўниши рефлектор ёйнинг афферент ёки эфферент йўлларида узилиш пайдо бўлиши билан боғлиқ дедик. Бироқ баъзи соғлом одамларда тизза рефлекси умуман чақирилмайди. Одатда, бу туғма бўлади. 
Пай рефлекси ошиши. Гиперрефлексия марказий пирамидал йўллар зарарланиши учун жуда хос. Бу йўлларнинг қайси қисми зарарланса ҳам пай рефлекси ошади. Пай рефлекси билан биргаликда, албатта, периостал рефлекс ҳам ошади. Чунки иккала рефлекснинг рецептори битта, яъни проприорецептор. 
Пўстлоқдаги олдинги марказий пуштадан бошланган пирамидал йўлнинг орқа миягача бўлган қайси қисми зарарланса ҳам, пай рефлекслари ошади. Мия инсультида кузатиладиган марказий гемипарез, монопарез ёки спинал касалликларда юзага келадиган пастки марказий парапарез бунга мисол бўла олади.
Марказий пирамидал йўл зарарланишида гиперрефлексиядан ташқари, мускул кучи пасаяди, мускул тонуси спастик тарзда ошади ва патологик пирамидал симптомлар (Бабинский, Оппенгейм) пайдо бўлади. Ана шундагина органик этиологияли гиперрефлексия ҳақида хулоса қилиш мумкин. 
Рефлекс ошувига ҳар доим ҳам МНС нинг органик касаллиги сабаб бўлавермайди. Нерв системасининг функционал касалликларида ҳам пай рефлекслари ошади. Неврозда, айниқса, унинг гиперстеник турида пай рефлекслари иккала томонда ҳам ошган бўлиши мумкин. Бу ҳолатга рефлексларнинг функционал типда ошуви дейилади. Бундай вазиятга, айниқса, тизза рефлексини чақираётганда гувоҳ бўламиз.
Нормал рефлекслар ошган беморда патологик рефлекслар (Бабинский, Оппенгейм) бор-йўғлигига албатта эътибор қаратиш лозим. Масалан, неврозда нормал рефлекс кучайиши мумкин, бироқ ҳеч қачон патологик рефлекс аниқланмайди. Чунки, невроз органик касаллик эмас.  Патологик пирамидал симптомлар мавжудлиги, албатта, марказий пирамидал йўллар зарарланганига ишора. 
Пай рефлекслари кескин ошган пайтларда клонуслар чақирилади. Пастки спастик параплегия, яъни Штрюмпел касаллигида юзага келадиган клонусларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Қорин рефлекси ўзгариши. Қорин рефлекс пасайиши ҳам периферик мотонейрон, яъни спинал рефлектор ёй,  ҳам марказий пирамидал йўллар зарарланиши учун хос. Қорин рефлекси кўп туққан аёл, озғин қария, яъни қорин мускуллари мутлақ бўшашиб қолса ёки қорин ўта таранг бўлган ҳолат, яъни ҳомиладорликнинг сўнгги даври, асцит ёки перитонитда ҳам чақирилмайди.
Патологик рефлекслар. Марказий пирамидал ядро ва унинг йўллари зарарланиши туфайли чақириладиган рефлексга патологик рефлекс дейилади. Унинг иккинчи номи – патологик пирамидал симптом. Соғлом одамда патологик рефлекс чақирилмайди. Унинг мавжудлиги беморни чуқурроқ текширишни талаб қилади. Бола 2 ёшга тўлгунга қадар патологик рефлекс чақирилиши – бу физиологик ҳолат. Чунки бу ёшгача ҳали пирамидал йўллар миелинизацияси тугамаган бўлади.

Патологик рефлексларни текшириш усуллари

Нормал рефлекслардан сўнг патологик рефлекслар текширилади. Патологик рефлекслар марказий пирамидал йўллар зарарланиши сабабли юзага келадиган рефлекслар бўлиб, соғлом одамда чақирилмайди. Уларнинг мавжудлиги беморни чуқурроқ текширишни талаб қилади. Бироқ илк болалик даврида пирамидал йўллар миелинизацияси тугагунга қадар (одатда, 2 ёшгача) патологик рефлекслар чақирилиши мумкин. Патологик рефлексларни чақириш усуллари 1.2-жадвалда келтирилган.
1.2-жадвал. Патологик рефлекслар ва уларни чақириш усуллари

Патологик рефлекслар
Чақириш усули
Жавоб реакцияси

Ёзувчи  патологик рефлекслар

Бабинский рефлекси
Оёқ панжасининг таги пастдан юқорига қараб тўғноғичнинг ўтмас қисми билан чизилади.
Бош бармоқ орқага қайрилади, қолган бармоқлар елпиғичсимон ёйилади.
Оппенгейм рефлекси
Болдирнинг олд юзаси бўйлаб бош ва кўрсаткич бармоқлар тизза томондан пастга қараб юргизилади
Бош бармоқ орқага қайрилади
Гордон рефлекси
Болдир мускули қўл билан қисилади
Бош бармоқ орқага қайрилади
Шеффер рефлекси 
Ахилл пайи қўл билан қисилади
Бош бармоқ орқага қайрилади
Изоҳ: ёзувчи  патологик рефлекслар фақат оёқларда текширилади.

Букувчи  патологик рефлекслар

Россолимо рефлекси
Врач беморнинг бармоқлари учига ўзининг бармоқлари билан чертади. 
Бармоқлар букилади 
Бехтерев I рефлекси
(Бехтерев-Мендел рефлекси) 
Оёқ ва қўл панжасининг орқа юзаси бўйлаб III-IV бармоқлар тагига болғача билан урилади
Бармоқлар букилади
Бехтерев II рефлекси
Неврологик болғача билан товонга, қўлда эса кафтнинг пастки қисмига урилади
Бармоқлар букилади
Жуковский рефлекси
Оёқ ва қўл кафтининг ўртасига неврологик болғача билан урилади
Бармоқлар букилади

Изоҳ: букувчи  рефлекслар оёқларда ҳам, қўлларда ҳам текширилади


1.3-расм. Патологик рефлексларни текшириш усуллари





Клонус. Мускул пайи кескин чўзилиши пайтида кузатиладиган мускулнинг  ритмик титрашига клонус деб айтилади. Клонуслар ҳам патологик рефлекслар сирасига киради ва қуйидагича чақирилади (1.4-расм).

1.4-расм. Клонусларни чақириш усуллари




Тизза қопқоғи клонуси. Бемор чалқанча ҳолатда ётади. Врач қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан тизза қопқоғининг юқори қисмидан тутиб, уни кескин пастга силжитиб ушлаб туради Бу пайтда соннинг тўрт бошли мускул пайи чўзилиши ҳисобига тизза қопқоғи тепага-пастга йўналиб ритмик титраш пайдо бўлади. Бунга тизза қопқоғи клонуси дейилади. 
Оёқ панжаси клонуси. Бемор чалқанчасига ётади. Врач беморнинг оёғини чаноқ-сон ва тизза бўғимларида букади. Сўнгра бир қўли билан болдирни, иккинчи қўли билан оёқ панжаси тагидан ушлаб кескин равишда тепага букади. Ахилл пайининг кескин чўзилиши натижасида оёқ панжаси ритмик тарзда букилиб-ёзилаверади. Бунга оёқ панжаси клонуси дейилади. Врач қўлини қўйиб юбормасдан ушлаб туриши керак. Ана шунда клонус узоқроқ давом этади. Тизза қопқоғи клонусига қараганда оёқ панжаси клонуси осон чақирилади ва кўп учрайди.    
Ушлаб олиш рефлекси. Неврологик болғача ёки бошқа буюмни беморнинг кафтига яқинлаштирса, уни дарров ушлаб олади ва қўйиб юбормайди. Янишевксий томонидан ёзилган бу рефлекс пешона бўлагининг премотор соҳаси зарарланиши учун хос.
Парадоксал рефлекс. Бундай рефлекс спинал рефлектор ёйнинг эфферент қисми зарарланганда ёки марказий пирамидал назорат издан чиққанда кузатилади. Масалан, икки бошли мускул пайига уриб бицепс рефлексни чақирмоқчи бўлсангиз, унинг ўрнига трицепс рефлекс чақирилиб қолади. Демак, бу беморда бицепс рефлексни таъминловчи С56 сегментнинг эфферент қисми зарарланган. Бунинг натижасида С5сегментнинг афферент йўллари орқали орқа мияга келиб тушган импульс  С6сегментга ўтиб кетади ва бицепс ўрнига трицепс рефлекс чақирилади. 
Яна бир ҳолат:  чап томонда тизза рефлексини чақирмоқчи бўлсангиз, бу рефлекс ўнг томонда ҳам чақирилади ёки фақат ўша томонда чақирилади. Чунки рефлектор ёйнинг чап томондаги афферент йўли орқали кирган импульс марказий пирамидал назорат сустлиги боис, ўнг томондаги рефлектор ёйга қисман ёки тўла ўтиб кетади.
Аддуктор рефлекс. Бошқа патологик рефлекслар каби аддуктор рефлекслар ҳам марказий пирамидал йўллар зарарланиши  (демиелинизацияси) учун хос. Клиник амалиётда спино-аддуктор ва тизза-аддуктор рефлекслари кўп текширилади.
Спино-аддуктор рефлекс. Рефлекс қуйидагича чақирилади. Бемордан кушеткага ўтириш сўралади. Бунда оёқлар ораси очиқ қолдирилиши керак. Сўнгра врач беморнинг умуртқа поғонаси ўсиқчасига неврологик болғача билан тепадан пастга қараб уриб келади. Перкутор уришлар ён устундан ўтувчи марказий пирамидал йўллар зарарланган жойга яқинлашган сайин, ораси очиқ турган иккала оёқ бир-бирига яқинлаша бошлайди. Бу ҳолат турли этиологияли пастки спастик параплегия учун жуда хос. Зарарланиш ёки демиелинизация қаерда кучли бўлса, ўша ерда спино-аддуктор рефлекс яққол чақирилади.
Тизза-аддуктор рефлекс. Бу рефлекс бор-йўқлигини тизза рефлексини чақираётганда билиб олиш мумкин. Бунинг учун бемордан оёқлар орасини очиб курсида ўтириш сўралади. Бир оёқда тизза рефлексини чақираётганда иккинчи оёқдаги аддуктор мускуллар қисқариб ўша оёқ ичкарига тортилади. Чунки бир томондаги рефлектор ёй орқали юборилган импульснинг бир қисми марказий пирамидал иннервация сустлиги туфайли қарама-қарши томондаги рефлектор ёйга ўтиб кетади.
Орал автоматизми рефлекслари. Пешона бўлагининг мотор ядролари ва улардан бошланувчи кортиконуклеар йўллар икки томонлама зарарланишида пайдо бўлади. Унга Маринеску-Родович, хартум ва назо-лабиал рефлекслар киради.
Маринеску-Родовичнинг кафт-ияг рефлекси. Кафтнинг тенар соҳасига  тўғноғич билан чизиб-чизиб чақирилади. Бу пайтда ияг мускуллари ўша томонда ва кам ҳолатларда қарама-қарши томонда қисқаради.
Хартум рефлекси. Неврологик болғача билан устки лабга секин урилади. Бунга жавобан лаблар чўччаяди. Баъзида болғачани беморнинг лабларига яқинлаштиришнинг ўзи кифоя. Бир ёшгача бўлган болаларда бу рефлекс физиологик ҳисобланади. В.М. Бехтерев томонидан ёзилган.
Назо-лабиал рефлекс. Неврологик болғача билан каншарга урилганда лаблар чўччаяди. Бир ёшгача бўлган болаларда бу рефлекс физиологик ҳисобланади. М.И. Аствацатуров томонидан ёзилган. 
Ҳимоя рефлекслари. Ташқи таъсиротга жавобан тўла фалажланган оёқ ёки қўлларда юзага келадиган ихтиёрсиз ҳаракатларга ҳимоя рефлекси дейилади.  Масалан, умуртқа поғонаси кўкрак соҳасида синиши натижасида орқа мия кучли эзилди ёки узилди. Натижада марказий пирамидал иннервациясиз қолган жароҳатдан пастдаги спинал сегментларда спинал автоматизм шаклланади.
Ҳимоя рефлекси жароҳатдан пастдаги спинал рефлектор ёй сақланиб қолиши ҳисобига рўй беради. Бу рефлексни оёқ панжаси бармоқларини пастга кескин букиб чақириш ҳам мумкин. Натижада ўша оёқ тос-сон ва тизза бўғимида букилади. Бунга Мари-Фуа-Бехтерев рефлекси дейилади (1.5-расм). 
    1.5-расм. Мари-Фуа-Бехтерев рефлекси

Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
                        © Ибодуллаев энциклопeдияси   
                        © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha