Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi РОМБЕРГ КАСАЛЛИГИ

РОМБЕРГ КАСАЛЛИГИ


(ЮЗНИНГ ЗЎРАЙИБ БОРУВЧИ ГЕМИАТРОФИЯСИ)

       Ромберг касаллиги (юзнинг зўрайиб борувчи гемиатрофияси) – юзнинг ярмида тери ва унинг остида жойлашган тўқималарнинг зўрайиб борувчи атрофияси билан кечувчи касаллик. Бу патологияга 1825-йили дастлаб англиялик врач К. Парри (1755–1822) эътибор қаратган. Бир неча йиллардан сўнг, яъни 1846-йили немис олими М. Ромберг (1795–1873) уни батафсил ўрганган. Касаллик 10–15 ёшларда бошланади.
       Этиологияси. Ҳанузгача номаълум. Баъзида юз гемиатрофияси ушбу соҳадаги ҳар хил патологик ҳолатлардан сўнг ривожлана бошлайди. Масалан, юз соҳасидаги жароҳатлар, йирингли абсцесс ва тишларни суғуриб ташлагандан сўнг юзнинг ярми оза бошлаган. Буни мутахассислар юз териси ва мускулларини иннервация қилувчи V ва VII нервлар тармоқларининг (шу жумладан, вегетатив толалар) травматик ва инфекцион зарарланишлари билан боғлашган. Бироқ юз соҳасида бундай жароҳатлар ва инфекцияларни ўтказганларнинг ҳаммасида ҳам Ромберг синдроми ривожланавермайди. Шунингдек, бўйин соҳасида жойлашган симпатик ганглияларнинг травматик ва инфекцион зарарланишларидан сўнг ҳам юз гемиатрофияси ривожланган. Баъзи мутахассислар юз гемиатрофиясига склеродермиянинг бир клиник тури сифатида қарашади. Баъзида касаллик ҳеч қандай ташқи таъсирларсиз бошланади.
       Клиникаси. Дастлаб юз териси ранги ўзгариб, унда жигарранг доғлар ва склеродермияга ўхшаш ўчоқлар пайдо бўлади. Юзнинг ярми аста-секин оза бошлайди ва кичрая боради. Юз териси юпқалашади, териости ёғ қатлами кичраяди ва юз мускуллари атрофияга учрай бошлайди. Юз териси эластиклигини йўқотади ва бужмайиб таранг тортилиб қолади. Атрофия томонда киприклар ва қош тушади. Парестезия ва невралгик оғриқлар юзага келиши мумкин. Тилнинг ярми ҳам атрофияга учрайди.
       Баъзида патологик жараён юзнинг ярми билан чегараланади ва атрофик жараён юзнинг иккинчи ярмига ўтмайди. Бунинг натижасида беморнинг юзида яққол ифодаланган асимметрия ривожланади 
       Уни кўрган ҳар бир невропатолог «Беморда Ромберг касаллиги йўқмикан?» деган фикрга боради. Чунки юзнинг бундай асимметрияси бошқа ҳеч қандай касалликда учрамайди. Атрофик жараён баъзида бўйин, йелка мускуллари, қўл-оёқлар, яъни тананинг бутун ярмига тарқайди (тана гемиатрофияси). Бошқа неврологик симптомлардан горизонтал нистагм, энофталм, Горнер синдроми, координатор ва пирамидал симптомлар пайдо бўлиши мумкин. Беморнинг сочлари сийраклашиб, ранги ўчади. Баъзида юзнинг туғма гемиатрофияси кузатилади ва у тананинг ярмига тарқалмайди. Туғма гемиатрофия сабабини юз нервининг туғма нуқсони билан боғлиқ, деб ҳисоблашади.
       Даволаш. Самарали даволаш усуллари йўқ. Асосан, симптоматик даволаш муолажалари ўтказилади. Баъзида косметик нуқтаи назардан юзда пластик операсия ўтказилади.
       Прогноз. Касаллик бир неча йиллар мобайнида аста-секин зўрайиб боради. Шу боис унинг номида “зўрайиб борувчи” жумласи акс этган.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha