ОНГ


Объектив борлиқнинг миямизда субъектив акс этишига онг деб айтилади.  Онг ўз табиатига кўра ниҳоятда хилма-хил бўлиб, унга ўз-ўзини англаш, атроф-муҳитни англаш киради. Онг тараққиётнинг олий даражасида юзага келиб, фақат инсондагина бўлади. Ҳайвонларда онг бўлмайди.
Одамда онг аста-секин ривожланади. Янги туғилган болада онг бўлмайди. Бола ўсиб-улғайган сайин унинг онги ҳам ривожланиб,  такомиллашиб боради. Онг интегратив жараён бўлиб, юқори даражада изчиллиги, жадаллиги, чуқурлиги ва кенглиги билан бошқа билиш жараёнларидан фарқ қилади. Бироқ турли ёшда ва турли одамларда онг турлича бўлади. Онг кимда қандай бўлишидан қатъи назар, у бир бутундир.
Онг инсон эгаллаган билимлар ва атроф-муҳит таъсири остида шаклланади ва ривожланади. Билимсиз онг бўлмайди. Бироқ онг ва билим бир хил жараён ҳам эмас. Масалан, ўта илмли одамни ўта онгли одам деб бўлмайди. Онгга ўзини ўзи англаш, яъни «Мен» онги киради. «Мен» деган онг, одатда, биздан йўқолмайди ва анча яққол ифодаланган бўлади. Онг бизнинг руҳий жараёнларимиз ва ҳаётий вазиятлар динамикасини ўзида акс эттиради. Руҳий касалликларда онг бузилади.
Онгда доимо турган жойимиз ва вақт акс этиб туради. Эс-ҳуши жойида бўлган одам ҳамма вақт қаердалигини англайди, соат нечалигини, ҳеч бўлмаганда, тахминан айта олади. Руҳий касалликларда эса ҳам ўзини англаш, ҳам борлиқни англаш издан чиқади, яъни онг бузилади. 
Ўз танасини ҳис қилиш, атрофдаги нарсалар ва одамларни таниш, ўзи турган маконни билиш онг функцияларидан ҳисобланади. Одам танаси фақат ташқи оламдан (кўрув, эшитув, ҳид билиш) эмас, балки танасининг ички аъзоларидан ҳам интраретсепторлар орқали маълумот олиб туради. Лекин улар онгда акс этмайди. Ташқи оламдан ахборот олиш ва ўзини ўзи англаш доимо онгда акс этиб туради. Ана шу жараёнлар натижасида одам ўз ҳис-туйғулари, сезгилари, хоҳишлари, эҳтиёжларини атроф-муҳитдаги, яъни жамиятдаги вазият билан таққослайди. Бу онгнинг энг муҳим функциясидир.
Онг ривожланиши ва такомиллашишида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг роли катта. Демак, иккиламчи сигнал системасига масъул бўлган пўстлоқ онг учун ўта муҳим морфо-функционал тизимдир. Шунингдек, мия устунида жойлашган ретикуляр формация ҳам онг жараёнида муҳим ўрин тутади. Ретикуляр формация уйқу ва тетикликни бошқариб, онг даражасига бевосита таъсир ўтказади. Нутқ инсон онги шаклланиши учун ўта муҳим бўлган билиш жараёнидир. Нутқи ривожланмай қолган болаларда онг ривожланиши ҳам оқсайди. 
    Онг патологияси. Онгнинг психотик ва нопсихотик бузилишлари фарқ қилинади. Психотик типдаги бузилишларга обнубиляция, делирия, онейроид, аменция, деперсонализация, эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши, амбулатор автоматизмлар ва собнамбулизм киради. Онгнинг нопсихотик типдаги бузилишларига сомноленция, синкопе, сопор ва кома киради.  
    А. Онгнинг психотик бузилишлари:
  1. Обнубиляция (nubes – булут дегани) – онгнинг енгил даражада бузилиши. Очиқ осмонни булут хира қилгани каби гўёки онг ҳам бироз хиралашади, воқеликни идрок этиш сустлашади. Обнубиляция ҳолатидаги одам баланд овоз ёки товушда дарров ўзига келади. Обнубиляция – онг бузилишининг энг дастлабки босқичи. Масалан, заҳарланишларда онг бузилиши айнан обнубиляциядан бошланади.
  2. Делирия (лот. delirium – ақлдан озмоқ) – асосан кўрув галлюцинацияси ва иллюзиялар билан намоён бўладиган онг бузилиши бўлиб, ўз шахсини англаш сақланиб қолади.  Делирияни биз кўпинча тана ҳарорати ошган болаларда ва турли хил заҳарланишларда кўрамиз. Бундай пайтларда уларнинг кўзига турли хил ҳайвонлар ёки бошқа даҳшатли нарсалар кўринади, уларни қўли билан ҳайдайди, алаҳсираб ёнига ҳеч кимни йўлатмайди. Агар бола тузала бошласа, делирия белгилари ҳам йўқолади. Спиртли ичимликлардан заҳарланишда ҳам делирия ҳолатларини кўп кузатамиз. Ўткир менингитнинг дастлабки босқичида, гипертермия ва кучли инфекцион интоксикация пайтида ҳам делирия кузатилади. Делирия кўп ҳолатларда психомотор қўзғалишлар билан кечади. Делирия руҳий касалликларда, айниқса, шизофренияда кўп учраши ва сурункали давом этишини эсда тутиш лозим.
  3. Онейроид – галлюцинациялар ва ақл бовар қилмайдиган фантастик ғоялар билан намоён бўладиган онг бузилиши. Демак, онейроид теварак-атрофни, яъни реал ҳаётни идрок этишнинг бузилиши билан намоён бўлади. Бемор ўзини коинот бўйлаб учиб юргандек, узоқ-узоқларда саргузашт қилаётгандек, ҳарбий юришларда иштирок этаётгандек тутади. Уларнинг кечинмалари фантастик тусда бўлади. Делириядан фарқли ўлароқ, онейроидда бемор камроқ қўзғалган, яъни бўшашган бўлиб, хаёллар оғушига чўмади. 
  4. Аменция  (лот. amentia – ақлдан озиш) – ўзини ва теварак-атрофни англашнинг тўла издан чиқиши билан намоён бўлувчи онг бузилиши. Ўзини англамаслик, атрофдаги одамларни танимаслик, вақт ва маконни адашиб идрок этиш, юзуқ-юлуқ нутқ, хотира ва фикрлаш бузилиши билан намоён бўладиган ушбу симптомлар мажмуаси аментив синдром деб ҳам юритилади. Ушбу патологик ҳолат органик психоз ва кучли интоксикацияда кўп учрайди. Аменция делирияга ўхшаб кетса-да, ундан оғирроқ ҳолат. Аменциядан чиқаётган бемор (айниқса, интоксикацияларда) аввал делирияга ўтиб, хотирасини қисман йўқотади.  
  5. Деперсонализация (шахс парчаланиши) – ўз шахсини идрок этишнинг  бузилиши билан намоён бўлувчи патологик ҳолат. Беморга ўзининг қўл-оёқлари катта ёки кичикдек, эгри-бугридек, юз-кўзлари нотўғри шаклдагидек, баъзан қўллари ўзиники эмас, бировникидек туюлади. Беморга танаси икки қисмга бўлиниб, бир-биридан алоҳида ҳаракат қилаётгандек сезилади. Деперсонализация шизофрения, органик психозлар ва бош мия ўнг ярим шари зарарланишлари учун хос. Чунки бош миянинг ўнг ярим шари ўз танасини англаш учун ҳам жавоб беради.
  6. Эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши – онгнинг анча кўп учраб турадиган бузилишларидан бири. Онг торайиши билан намоён бўлувчи ушбу ҳолатда ташқи дунёдан маълумотлар онгда тўла акс этмайди. Бемор ўз ўй-хаёллари оғушига чўмилиб, атрофдаги воқеликдан ажралиб яшайди. У шифохонада ётганини била туриб, ўзини худди уйда ёки ишхонадагидек тутади, мантиққа зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилади. Беморнинг онги ички патологик кечинмалар билан машғул бўлади. Унда бирдан пайдо бўладиган ғазаб, уйдан қочиб чиқиб кетиш ҳисси, ота-онасига ёки ака-укаларига ташланиш каби патологик ҳолатлар кузатилиб туради. Эс-ҳушнинг кирди-чиқди   бўлиб қолиши бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади.
  7. Амбулатор автоматизмлар – ўз хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда кузатиладиган хатти-ҳаракатлар. Бунда галлюцинация, иллюзия ёки бошқа типдаги аффектив бузилишлар бўлмайди. Автоматизмлар эпилепсияда кўп кузатилади. Эпилепсияда кузатиладиган автоматизмлар тез ўтиб кетади. Автоматизмда ғалати ҳолатлар кўп кузатилади. Масалан, автоматизм пайтида уйдан чиқади, йўлни кесиб ўтади, автобусга ўтиради, шаҳарнинг нариги четига бориб, сой бўйини айланиб юради, кечга яқин яна уйига қайтиб келиб, жойига ётиб ухлайди. Бироқ ушбу бўлиб ўтган воқеалар унинг эсида қолмайди. Шунинг учун ҳам амбулатор автоматизмлар сомнамбулия (лунатизм) ва транс ҳолатлари билан биргаликда намоён бўлади.  Амбулатор автоматизмлар бир неча дақиқа (фуга), бир неча соатдан бир неча кунгача (транс) давом этиши мумкин.  
  8. Сомнамбулизм (лунатизм) – уйқу пайтида кузатиладиган онг бузилишлари. Асосан болалар ва ўсмирларда кузатилади. Турли хил автоматизмлар билан намоён бўлади. Сомнамбулизмда қисман ёки чала уйғонишни кузатиш мумкин. Сомнамбулия тунда кузатилади. Сомнамбулия пайтида бола уйғониб, томга чиқиб ўтин ташлаши, пахса устида йиқилмай юриши, сой устидаги қувурдан йиқилмай у томонга ўтиши мумкин.  
Б. Онгнинг нопсихотик бузилишлари:
  1. Сомноленция – уйқусираш билан намоён бўлувчи онг бузилиши. Сомноленция ҳолатида одамда бегона нутқни қабул қилиш қобилияти сўнади, атрофида нима бўлаётганини билмайди. Сомноленция – ҳақиқий уйқу ва бедорлик орасидаги мудроқ ҳолат. Мудроқ ҳолатга тушиб қолган одамнинг қулоғига атрофдаги гап-сўзлар товушдек кириб туради холос, англанмайди.  Сомноленция оғир синдром бўлмасдан, чарчаган ҳар қандай соғлом одамда ҳам учрайди. Масалан, туни билан шифохонада навбатчилик қилиб, эртаси куни профессорнинг маърузасида мудраб ўтирган талаба сомноленция ҳолатидаги талабадир.  
  2. Синкопе – қисқа муддатли ҳушдан кетиш. Онгнинг бирдан юз берадиган қисқа муддатли бузилиши бўлиб, қаттиқ қўрққанда, ўта ҳаяжонли хабарларни эшитганда, артериал қон босим бирдан тушиб кетганда кузатилади. Синкопенинг сабаблари турли-туман бўлиб, бунда ҳушдан кетиш қисқа муддат давом этади.
  3. Сопор – онгнинг анча чуқурроқ бузилиши бўлиб, бош мияни бевосита ва билвосита зарарловчи патологик ҳолатларда ривожланади.  
  4. Кома – онгнинг батамом бузилиши билан намоён бўлувчи оғир патологик синдром. Комадан кейинги давр – бу ўлимдир. Сопор ва кома нейрореаниматология тасарруфига кирувчи оғир ҳолатлардир.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha