Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Мусибат оилани жипслаштирадими?

Мусибат оилани жипслаштирадими?


Худди шундай! Аксарият ҳолларда мусибат оилани жисплаштиради. Бунга ўзим гувоҳ бўлган воқеани сизларга сўзлаб берай. Саратон (рак) ташхисини эшитган заҳоти бемор руҳияти қаттиқ зарбага учрайди. Шунинг учун ҳам бу ташхис бемордан сир тутилади. Бироқ аксарият беморлар уларга қилинаётган нур терапияси, кимётерапия ёки ўрта тиббий ходимлар орқали касалликдан воқиф бўлишади. Бундай пайтларда бемордан турли хил психологик реакцияларни кутиш мумкин. Бири ўз жонига қасд қилиш хаёлига борса, бошқаси депрессияга тушади ёки бу ташхисга ишонмай қайта-қайта текширувлардан ўта бошлайди, яна бошқа бири аксинча, янада кучли ва матонатли бўлади, оила аъзолари даврасида кўпроқ вақт ўтказишга интилади. Давосиз касаллик бутун бир бошли оилани нафақат ҳалокат ёқасидан сақлаб қолади, балки ундаги психологик муҳитни тубдан ўзгартириб юборади. 
Б. исмли катта амалдорнинг бир ўғли ва бир қизи бор эди. Қизи ақлли ва зукко, ўғли эса, аксинча, жуда такасалтанг бўлади. Чунки ярим тунда ишдан қайтадиган ота оила аъзолари даврасида деярли бўлмас эди. Бунинг оқибатида унинг А. исмли 14 яшар ўғли бетарбия ва ўта безори бўлиб улғаяди, онасига қулоқ солмайди, синглисига тинмай азоб бериб яшайдиган. Бу бола отага ҳам қулоқ солмас, гап қайтарар эди. Ҳатто акасининг зуғумига чидай олмай синглиси ўз жонига қасд қилади, бироқ ҳаёти сақлаб қолинади. Шундан сўнг она депрессия касалига дучор бўлади.  Ўғил ҳатто кўча безорилиги учун қисқа муддатга қамалиб ҳам чиқади. 
Шундай нотинч кунларнинг бирида отасида рак касаллигининг оғир тури аниқланади ва у ишдан кетади. Ҳаёт зарбаларига кўп учраган амалдор тушкунликка тушмайди, аксинча ўзида куч топиб, матонатли инсонга айланади. У энди бутун эътиборини оиласига қаратади: бор илм ва тажрибасини фарзандларига  бағишлайди, хотинини депрессиядан чиқариб олади, буткул апатияга тушиб қолган қизини ҳаётга қайтаради, ўғлининг қизиқишлари ва дунёқарашини зимдан ўрганиб (чунки ўз ўғлининг ички дунёсини билмасди), у билан дўст бўлиб олади. Авваллари отадан доимо қочадиган фарзанд энди отасини суҳбатига тўймайдиган, сирдош бўлиб қолади. Оиладаги психологик муҳит бир йил ичида ҳар ким ҳавас қилгудек даражада тикланади.
 Саратон ўпкага тарқалиб, отанинг аҳволи оғирлашади. Ўтказилаётган нур терапияси ва кимётерапия туфайли унда мадор қолмайди. Оила иқтисодий қийинчиликда қолади, чунки бу оилада фақат ота ишларди. Улар ҳовлини сотиб, уч хонали уйга кўчиб ўтишади. Отанинг аҳволи оғирлашиб бораверади. Авваллари отаси билан ҳеч чиқишмайдиган ўғил унга шу қадар боғланиб қоладики, хатто шифохонада ҳам кўзлари бўртайиб қолган отаси ёнидан жилмайди. Кундан кун озиб-тўзиб бораётган отани ўғли чўмилтирар, овқатига қарар, ёнида ўтириб, турли хил китоблар ўқиб берар эди. Она ва қиз ҳам меҳр билан касал отани парвариш қилишади. Ота оламдан кўз юмади. Бироқ  ўзидан  бахтли оила қолдириб кетди. У фарзандлари қалбининг тўридан жой олди. Бу воқеани менга сўзлаб берган А. исмли ушбу ўғил ҳозирда 2 фарзанднинг отаси ва яқинда катта  лавозимлардан бирида иш бошлади. Бироқ у ҳар бир сўзида мен учун энг асосийси – бу оилам, онам ва фарзандларим тарбияси, дер эди. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat. 5-nashr., Toshkent. 2023., 312 b       
               © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
            ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha