Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi МИЯНИНГ ФУНКЦИОНАЛ СИСТЕМАСИ

МИЯНИНГ ФУНКЦИОНАЛ СИСТЕМАСИ


Бош миянинг ҳужайралар тўплами фақатгина содда вазифани бажариб қолмасдан, балки бошқа мукаммал функцияларни бажаришда ҳам иштирок этади (П.К.Анохин, 1973). Функционал система фаолиятини таъминлашда нерв системасининг (айниқса, бош миянинг) барча тузилмалари иштирок этади. Бу жараён нейронлараро алоқаларнинг кўплиги сабабли амалга оширилади.   Функционал система – бирон бир функцияни бажаришда иштирок этувчи нейронал тузилмалар тўплами. У миянинг муҳим, ўз­ўзини бошқарувчи механизми ҳисобланади.
Нерв системасининг индивидуал ривожланишини тўғри баҳолаш учун унинг анатомик жиҳатдан етуклиги билан бирга бирон бир функцияни бошқариши ва бажара билиши ҳам катта аҳамиятга эга. Демак, онтогенез жараёни, яъни нерв тўқималарининг якка ҳолда эмас, систематик тарзда ривожланишини системогенез нуқтаи назаридан тушунмоқ керак. Функционал система тушунчаси индивидуал ривожланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган асабий­руҳий бузилишларнинг моҳиятини очиб беришга ёрдам беради. Шуни таъкидлаш лозимки, эмбрионал ривожланиш жараёнида турли нейронал тузилмаларнинг бирин­кетин пайдо бўлиши билан бирга, ушбу кетма­кет ривожланишнинг бузилиши ҳам рўй бериб туради. 
        Дастлаб ҳаётий муҳим аҳамияти бўлган функционал системалар шаклланади. Функционал системага эволюцион ривожланишнинг турли босқичларида хилма­хил тузилмалар қўшилиб боради. Шунинг учун бир босқич даражасида функционал системага кирувчи баъзи тузилмаларнинг турли даражада такомиллашувини кузатамиз. Айни вақтда, бир маромда ривожланмаслик, яъни гетерохронликнинг кўринишларига кўп мисоллар келтириш мумкин. Маса лан, гўдакда эмиш жараёнида қатнашадиган юз нервининг пастки толалари миелин парда билан олдинроқ ва яхшироқ қопланган бўлади. Ушбу нервнинг устки толалари эса миелин парда билан тўлиқ қопланмайди, гўёки бу толаларга ҳозирча зарурат йўқдек. Системогенезга яққол мисол бўла оладиган гўдакда кузатиладиган ушлаб олиш рефлекси ҳам эътиборга молик. 
        Эмбрионал ривожланишнинг 4-6 ойларида қўлнинг барча нерв толалари ичида энг яхши етилгани бармоқлар букилишини таъминловчи нерв толаларидир. Бундан ташқари, бу даврга келиб саккизинчи бўйин сегментининг олдинги шохи мотор ҳужайралари ҳам такомиллашган бўлади. Ушбу мотор нейронлар бармоқларни букувчи мушакларни иннервация қилади. Бундан ташқари, ушбу ҳужайраларни бошқарувчи асаб тизимининг юқорида жойлашган тузилмалари ҳам шаклланган бўлади. 
       Системогенезнинг бир нечта муҳим жиҳатлари ўрганилган. Биринчиси шундан иборатки, функционал системалар бир вақтда шаклланмайди. Организм учун ҳаётий муҳим бўлган системалар аввал шаклланиб боради. Масалан, янги туғилган чақалоқ учун ҳаётий муҳим бўлган жараёнлар – эмиш, ютиш, нафас олиш туғилган заҳоти фаолият кўрсата бошлайди. Баъзи жонзотларда эса функционал система туғилган заҳоти мукаммаллашган бўлади. Кенгурунинг боласи туғилган заҳоти онасининг қорнидаги халтачага сакраб чиқа олади ёки эндигина тухумдан чиққан ғознинг боласи онасининг изидан юра бошлайди ва ҳоказо. Янги туғилган чақалоқда туғма механизмлар гўё камдек туюлса­да, баъзи бошқарувчи вазифаларнинг жуда нозик иши киши эътиборини ўзига тортади. Масалан, гўдакда ютиш ва нафас олиш бир вақтнинг ўзида амалга оширилади, кейинчалик бу қобилият йўқолиб боради. Бироқ кўрув, эшитув ва ҳаракат реакциялари яхши ривожланмаган бўлади. 
        Нерв системаси баъзи тузилмаларининг бир маромда ривожланмаслиги ва етилмаслигига гетерохронлик принципи дейилади. Системогенезнинг иккинчи тамойили системалараро ва системалар ичра гетерохронлик тамойили ҳисобланади. Системалараро гетерохронлик – бу турли функционал системаларнинг турли даврларда пайдо бўлиши ва шаклланишидир. Системалар ичра гетерохронлик – бу шаклланган функциянинг аста­секин мураккаблашиб боришидир. Даставвал минимал функцияни бажара олувчи нерв тўқималари етилиб боради, кейинчалик ташқи ва ички таъсирларга жавоб берувчи шу системанинг бошқа бўлимлари ҳам сафга туради. Масалан, гўдакда 3 ойгача сўриш рефлекси жуда осон чақирилади, лунжи ёки иягига қўл теккизилса бас, у дарров лабини чўччайтиради. Шу билан бирга, гўдакда қалқиб кетиш ёки ҳаво ютиб юбориш ҳолатлари ҳам тез­тез учраб туради. Уч ойликдан сўнг сўрғич ҳаракатлари фақат лабига текканда пайдо бўлади ва қалқиб кетишлар камаяди. Худди шундай манзарани ушлаб олиш рефлексига нисбатан ҳам кузатишимиз мумкин. 
         Гўдаклик даврининг дастлабки ойларида унинг кафтига сал тегилса, қўлини мушт қилиб олади, кейинчалик ушлаб олиш бироз пасаяди. Системалар ичра гетерохронлик бирор функционал системанинг нафақат етилиши, балки системалараро алоқанинг ўрнатилиши билан ҳам параллел тарзда кечади.    Масалан, автоматик тарзда ушлаб олиш ҳаракати устидан кўз назорати кучая бошлайди. Системогенез ҳақидаги таълимот болада нерв системаси функциялари шаклла нишининг узвий ва кетма­кет ривожланиш қонуниятларини очиб беради. Масалан, бошни ушлаб туришдан сўнг ўтириш, ўтиришдан сўнг тик туриш, тик туришдан сўнг юриш функциялари ривожланиб ва такомиллашиб боради. Бошни ушлаб туриш қобилияти тана ҳолатини назорат қилишга замин яратиб беради. 
        Бу мувозанат аъзоси (мияча) ва кўрув назоратининг такомиллашуви натижасида амалга оширилади. Шуни таъкидлаш лозимки, жуда кўп функционал системаларнинг ўзи бир қанча кичик системалардан таркиб топган. Булар бир вақтнинг ўзида пайдо бўлмайди, балки ўзаро боғланишлар негизида секин­аста такомиллашиб боради. Масалан, ҳаракатни бошқариш комплексига мускул тонуси, тана мувозанати ва координациясини бошқарувчи функционал системалар киради.  Бундан ташқари ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш учун бирон бир ҳаракатни бошқа ҳаракат билан алмаштирувчи, унинг устидан назорат қилувчи дастур зарур бўлади. Масалан, олдинга бир қадам ташлаш учун гавда оғирлигини иккинчи оёққа ўтказиш, шу вақтда умумий мувозанатни сақлаб қолиш, бир гуруҳ мускулларнинг қисқариши ва шу пайтда бошқаларининг ёзилишини амалга ошириш керак. Биз юриб бораётганимизда оёқни қандай ташлаш керак, гавда ва қўллар қай ҳолатда ҳаракат қилиши зарурлиги ҳисоб­китобини қилмасдан ҳаммасини беихтиёр тарзда амалга оширамиз. 
Тўғри, биз онгли равишда тезликни оширамиз ёки пасайтирамиз, қадамни катта ёки кичик ташлаймиз, аммо қайси мускулни қисқартириб, қайси бирини бўшаштириш лозимлиги ҳақида ўйламаймиз. Ваҳоланки, булар автоматик тарзда амалга оширилади. Ҳаракатни бошқарувчи системаларнинг ўзаро мувофиқлашган тарзда ишлаши болалик давридан ривожлана бошлайди. Турли ёшдаги болаларнинг ҳаракат фаолиятини кузатиб, уларнинг ҳаракат функциялари такомиллашиб бораётганлиги ва кичик системалардан йирик интегратив системалар пайдо бўлишига амин бўламиз. Системогенез нуқтаи назаридан қараганда, ҳар бир ёш учун хос бўлган нормал функцияларнинг ривожланиш механизмлари ва функциялар такомиллашувининг кам­кўстлигини тушуниб олиш мумкин. 
         Баъзи функционал системалар ёки уларнинг бўлимлари ривожланиши суст кечса, бошқа функционал системалар эса нормал ривожланиб, жадал равишда такомиллашиб боради. Масалан, чаққон, ўйинқароқ болалар диққат­эътиборни талаб қилувчи нозик ҳаракатларни бажара олмайди. Бунинг сабаби, ҳаракатни бошқарувчи пўстлоқ марказлари такомиллашмаганидир. Баъзан кундалик ҳаётда бесўнақай болаларда сурат чизиш, мусиқий асбобларни чиройли чалиш каби маҳоратни кузатамиз. Болаларда нутқ бузилишлари сабаби ҳам кўпинча системалараро ва системалар ичра алоқаларнинг етилмай қолиши оқибатидир. Болаларда ҳаракатдаги бесўнақайлик дудуқланиб сўзлаш билан бирга учрашини кўп гувоҳи бўламиз. Баъзан оғзаки нутқ жуда яхши ривожланса­да, ҳуснихати хунук болалар бўлади. 
        Айниқса, ёшлар орасида қоғозга қўл билан ёзиш йўқолиб, электрон алоқа воситаларида ёзишга оммавий тарзда ўтилиши нафақат ҳуснихатнинг бузилишига, балки имловий хатолар кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ёшлар орасида оғзаки нутқдаги нуқсонлар ҳам ушбу муаммо билан боғлиқ. Системогенез нерв системасининг эволюцион ривожланиш жараёнида кузатиладиган морфофункционал ўзгаришларни такомиллаштиришга ёрдам беради, ривожла наётган системалар кам­кўстлигининг олдини олиш йўлларини кўрсатади. 
       Бу етишмовчиликларни тузатишнинг принтсипларини бир неча  гуруҳларга  бўлиш мумкин: 1) ўсиш кўрсаткичларидан орқада қолаётган функцияларни рағбатлантириш; 2) бузилиб қайта ривожланаётган алоқаларни тўхтатиш ёки пасайтириш; 3) системалараро ва системалар ичра алоқаларнинг янги комплекслари шаклланишига ёрдам бериш ва ҳоказо. Демак, мавжуд нуқсон турини ўз вақтида аниқлаб, тиббий­профилактик чора ларни белгилаб олиш зарур бўлади. Лекин бунда индивидуал ривожланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўрув ва эшитув системалари ҳам бош миянинг мураккаб функционал системалари гуруҳига киради. 
        Ҳар қайси функционал система ёки унинг турли бўлимлари ўзининг ривожланиш дастурига эга бўлишига қарамасдан, бош мия доимо ягона, яхлит аъзо сифатида фаолият кўрсатади. Бош миянинг ушбу интегратив функцияси турли системаларнинг ўзаро муносабатини мустаҳкамлайди ва ривожлантиради. Бу ҳолда ривожланаётган бош мияда системалараро алоқаларни ўрнатиш механизми қандай кечади, деган саволга дуч келамиз. Бош мия ўз фаолиятида ягона бўлиб қолишига қарамасдан, ривожланишнинг ҳар бир босқичида у бошқача мия ва ўзига хос системадир. 
      Шунинг учун баъзи функционал системалар ривожланишининг хронологиясини мукаммал ўрганиб, ушбу жараённи тўғри баҳолаб бориш албатта муҳим. Болада функционал системаларнинг ривожланиш тезлигини велосипедчилар пойгасига таққослаш мумкин. Масалан, битта велосипедчи пойга давомида доимо олдинда боравермайди, бунга унинг кучи ҳам етмаган бўлар эди. У гоҳ олдинда, гоҳ орқада қолиб кетади ва ниҳоят, маррани биринчи бўлиб эгаллайди. Ривожланаётган мияни ўрганганимизда боланинг дастлабки ёшида шунга ўхшаш манзарани кўрамиз. Ривожланишнинг янги шакллари пайдо бўлиши гўдакдаги бирламчи автоматизмлар редукцияси (йўқолиши) билан кечади. Бунда иккита, яъни янгиланиш ва йўқолиш жараёни бир маромда кечиши катта аҳамиятга эга. 
       Бирламчи автоматизмларнинг эрта сўниши нерв системаси ривожланишидаги узвийликни бузиб юбориши мумкин. Шу билан бирга эскириб қолган функцияларнинг жуда кеч йўқолиши ҳам яхши эмас, чунки у янги ва янада мураккаб функционал системалар пайдо бўлишига халақит беради. Редукция ва янгиланиш жараёнларининг бир маромда кечишига бир ёшгача бўлган болаларда ҳаракатнинг ривожланишини мисол қилиб кўрсатса бўлади. 
Гўдакда бошнинг фазодаги ҳолатини назорат қилувчи бирламчи тоник автоматизмлар мавжуд. Бу автоматизмлар 2­3 ойларга бориб сўниб, ўрнига бошни аниқ ушлаб туришини таъминловчи ва мускул тонусини бошқарувчи системалар ривожланади. Агар ушбу сўниш ўз муддатидан кечикса, бирламчи тоник автоматизмлар аномал ҳодиса деб қабул қилинади. Чунки у бошни ушлаб турувчи механизмлар ривожланишига халақит беради. Кейинчалик занжирли патологик ҳолатлар ривожланиб бораверади: бошни ушлаб тура олмаслик кўрув назорати ва вестибуляр аппаратнинг ишини бузади. 
       Вестибуляр аппарат ривожланмай қолиши натижасида ўтиришни таъминлаб берувчи мускуллар тонуси ишдан чиқади ва ҳоказо. Охир­оқибат яхлит бир функционал механизмлар ривожланмай, иккинчи функционал система ривожланишига тўсқинлик қилади. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган олий руҳий функциялар  бузилишининг болалик даврида олдини олиш учун дастлабки шаклланаётган патологик жараённи ўз вақтида тўхтатиш муҳим аҳамиятга эга. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, редукция ва янгиланиш жараёнларининг бир маромда кечиши деганда, фақат бир функциянинг иккинчи функцияга йўл очиб бериши тушунилмайди. Ваҳоланки, редукция фақат автоматизмларнинг бутунлай йўқолиши дегани ҳам эмас, балки мураккаб функционал системаларга қўшилиб кетиши дегани ҳамдир. Шунинг учун бирламчи автоматизм тўла редукцияга учрамаса­да, ривожланишнинг умумий режасига халақит бермаслиги керак. 
Агар редукция жараёни кечикиб бораверса, янги механизмлар шаклланиши сустлашади ва интеллектуал функциялар учун масъул нейронал тизимлар  ривожланишдан орқада қолади. Ушбу бобда нейрофизиологик ва психофизиологик жараёнлар, тиббий психолог билиши зарур бўлган функционал системалар ривожланишининг турли босқичлари билан танишиб чиқдик. 



Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha