Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Менингеал симптомлар

Менингеал симптомлар


Энса мушаклари ригидлиги. Бемор текис ва равон жойда тепага қараб ётади. Врач унинг бошини қўли билан ушлаб олдинга эгади. Нормада бош олдинга яхши букилади ва беморнинг даҳани кўкракка тегади. Агар бош олдинга эгилмай қотиб турса, бунга энса мушаклари ригидлиги деб айтилади. Энса мушаклари ригидлиги турли даражада ифодаланган бўлади: агар бошни олдинга эгганда даҳан кўкраккача 1–2 см га етмай қолса – енгил, агар 3–5 см етмай қолса – ўрта даражадаги ригидлик деб айтилади. Агар бош умуман олдинга эгилмаса ёки орқага қайрилиб турса – унда кучли даражали ригидлик ривожланган бўлади. Энса мушаклари ригидлигини Нери симптоми билан адаштирмаслик керак. Нери симптоми ҳам худди шу тарзда, яъни бошни олдинга эгиб текширилади. Бошни олдинга эгаётганда спинал илдизчалар тортилиши сабабли бўйиннинг орқа қисмида рефлектор оғриқ пайдо бўлади. Демак, Нери симптоми ҳам патологик симптом бўлиб, у спинал илдизчалар таъсирланиши (зарарланиши) ҳисобига ривожланади. Менингитда энса мушаклари ригидлиги деярли ҳар доим Нери симптоми билан биргаликда намоён бўлади.
          Керниг симптоми. Бемор текис жойда тепага қараб ётади. Бу симптом иккала оёқда ҳам галма-гал текширилади. Врач беморнинг оёғини тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак (90°) ҳосил қилиб букади (1-босқич). Кейин врач беморнинг букилган оёғини тизза бўғимида ёза бошлайди (2-босқич). Соғлом кишиларда оёқ тўла ёзилади. Агар оёқ тизза бўғимида ёзилмаса, демак, Керниг симптоми мусбат ҳисобланади. Керниг симптоми касаллик даражасига қараб турлича ифодаланган бўлади: енгил, ўрта ва оғир даража. Агар букилган оёқ тизза бўғимида озгина қаршилик билан бўлса-да, ёзилса – бу енгил, бироз ёзилса – ўрта, умуман ёзилмай ўткир бурчак ҳолида қолса – кучли даражадаги Керниг симптоми дейилади. Бу симптомни В. Керниг (1840 – 1917) талабалик давридаёқ менингит билан касалланган беморларда кузатиб юрган ва институтни тугатганидан сўнг бу ҳақда мақола ёзган (1882 йил). Кейинчалик бу симптомни унинг номи билан аташган.
         Юқори Брудзинский симптоми. Бошни олдинга эгаётганда иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади. Демак, бу симптом худди энса мушаклари ригидлигини текширганга ўхшаб текширилади. Уни полшалик педиатр Ж. Брудзинский аниқлаган.
         Ўрта Брудзинский симптоми. Қориннинг киндикдан пастки қисми мушт билан чуқурроқ босилса, иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади.
        Пастки Брудзинский симптоми. Худди Керниг симптомига ўхшаб текширилади. Беморнинг битта оёғи тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак ҳосил қилиб букилади. Бунга жавобан иккинчи оёқ ҳам тос ва тизза бўғимларида бироз букилади.
        Эрта ёшдаги, яъни 1 ёшга тўлмаган болаларда менингеал симптомларни текшириш усулларини келтириб ўтамиз.
        Ҳали 1 ёшга тўлмаган болаларда Лессажнинг “осилиб турувчисимптоми менингитни аниқлашда жуда катта аҳамиятга эга. Бу симптомни текшириш учун врач иккала қўли билан боланинг қўлтиғидан ушлаб кўтаради, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан унинг энсаси ва иягидан ушлаб туради. Бу пайтда боланинг иккала оёғи сон ва тизза бўғимларида букилиб қорнига тортилади ва шу ҳолатда узоқ вақт қимирламай осилиб туради. Соғлом болада бу симптомни текширмоқчи бўлсангиз, у эркаланиб ёки йиғлаб оёқ-қўлларини қимирлата бошлайди. Лессаж симптомини кўз олдингизга келтирмоқчи бўлсангиз, машҳур “Қирол Шер” мултфилмини эсланг ёки яна бир марта кўринг. Унда маймун энди туғилган шер боласини “оломон”га кўрсатиш учун иккала қўлтиғидан ушлаб кўтаради. Мультфильмдаги бу эпизод Лессажнинг осилиб турувчи симптомини жуда эслатади. Шунингдек, калла суягидаги лиқилдоғи битмаган болаларда калланинг тепа қисми бўртиб туради. Бунинг сабаби гипертензион-гидроцефал синдромдир.
        Ёши 3 ойга тўлмаган болаларда Керниг симптоми физиологик симптом эканлигини эсда тутиш лозим. Демак, ҳарорати кўтарилган болада унинг мавжудлиги ҳали менингит ривожланди, дегани эмас ва қўшимча текширувлар ўтказишни талаб қилади. Агар Керниг симптоми ёши 3 ойдан ошган болаларда аниқланса, у патологик симптом ҳисобланади.
        Агар энса мушаклари ригидлиги жуда кучли бўлса, бунда беморнинг боши орқага қайрилиб қолади. Бу симптом, одатда, касалликнинг 3–4-кунлари кузатила бошлайди. Агар тана ҳарорати кўтарилган бола кўзини юмиб бошини орқага қайириб ётса ва танасига тошмалар тошган бўлса, унда менингит аниқланиш эҳтимоли жуда юқори. Мана шундай ҳолатда ётган беморга кўзи тушган ҳар қандай шифокорнинг хаёлидан “Унда менингит эмасмикан?” деган фикр ўтади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha