Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Менингоэнцефалит ўтказганларда беморлар психологияси

Менингоэнцефалит ўтказганларда беморлар психологияси


Менингоэнцефалит – мия пардалари ва тўқимасининг биргаликда яллиғланиши. Менингоэнцефалит оғир касаллик бўлиб, менингитдан фарқли ўлароқ чуқур неврологик бузилишлар билан намоён бўлади, яъни монопарез, гемипарез, тетрапарезлар, гиперкинезлар ва ҳ.к. 
           Менингоэнцефалит ҳам болалар ва ўсмирларда кўп учрайди. Шунинг учун болалик ва ўсмирлик даврларида ўтказилган менингоэнцефалитларда нафақат неврологик, балки турли даражада ифодаланган нейропсихологик асоратлар ҳам қолади. Маълумки, болалик ва ўсмирлик даврида  мураккаб функционал системалар ва олий руҳий функциялар шаклланади. Бош мияда кечадиган оғир касалликлар эса ушбу мураккаб механизмларни издан чиқаради, ривожланиш жараёни касаллик пайдо бўлган вақтдан бошлаб сустлашади. Менингоэнцефалит билан касалланган бола қанча ёш бўлса, у ақлий ривожланишдан шунча орқада қолиб боради. Вақт ўтган сайин бундай болаларда биологик ёш билан психологик ёш орасидаги фарқ катталашиб бораверади. Бунга йўл қўймаслик учун барча даволаш муолажаларини нейропсихологик муолажалар билан биргаликда олиб бориш зарур.  
       Менингоэнцефалитда кузатиладиган нейропсихологик бузилишлар патологик жараён бош миянинг қайси ярим шарида кетаётганига ҳам боғлиқ. Агар яллиғланиш жараёни кўпроқ ЧЯШ да жойлашса, болада ақлий ривожланишнинг кечикиши нутқ бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади. Маълумки, боланинг тафаккури шаклланишида нутқнинг аҳамияти беқиёс. Кучли ифодаланган интеллектуал бузилишлар ЎЯШ зарарланганда кузатилмайди. Чунки бу ярим шар нутқ функциялари учун бевосита жавоб бермайди. Бироқ боладаги нейропсихологик бузилишлар апраксия, анозогнозия, аутотопогнозия  ва хулқ-атвор бузилишлари кўринишида намоён бўлади.
       Менингоэнцефалит ўтказган боланинг хулқ-атвори бошқариб бўлмайдиган даражада ўзгаради. Албатта, бу бузилишларнинг қай даражада ифодаланиши оёқ-қўллардаги фалажликлар даражасига ҳам боғлиқ. Одатда, чуқур фалажликлар хулқ-атворнинг оғир бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади.   Тетрапарезлар билан кузатиладиган менингоэнцефалитда, аксинча, бола ўта суст, нутқи бузилган, ақлий ривожланишдан орқада қолган ва тос аъзолари вазифалари бузилган бўлади. Бундай болалар доимий ёрдамга муҳтож бўлиб, одатда, узоқ яшамайдилар. Чунки тана ҳарорати кўтарилиши билан кечувчи касалликларда уларнинг аҳволи янада оғирлашиб қолади. Менингоэнцефалит ўтказган болаларда юрак фаолияти ҳам бузилади, одатда, брадикардия кўп кузатилади. 
         Фалажликларнинг узоқ давом этиши умуртқа поғонасида деформация, қўл ва оёқ бўғимларида контрактураларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Бу эса нейропсихореабилитация жараёнларини янада қийинлаштиради. Баъзан менингоэнцефалитда фалажлик тўла йўқолиб, болада нутқ ва хулқ-атвор бузилиши узоқ вақт сақланиб қолади. Режали тарзда олиб борилган даволаш натижасида бундай бузилишлар тўла барҳам топиши мумкин.  Хулоса қилиб айтганда, менингоэнцефалит ўтказган болалар узоқ муддат махсус нейропсихологик реабилитацияга муҳтож бўлишади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha