Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Психоген дизритмиялар

Психоген дизритмиялар


Юрак ритмининг психоген бузилишлари, одатда, тахикардия, брадикардия ёки аритмиялар билан намоён бўлади. Тахикардия пайтида юрак уришлари бир дақиқада 140 гача етади, брадикардияда 50 гача тушади ва, шунингдек, ўтиб кетувчи аритмиялар ҳам кузатилади. Симпатик тонуснинг ошиши тахикардия, парасимпатик тонуснинг ошиши брадикардия билан намоён бўлади. Беморнинг фикру зикри юрак уришини тинглашга қаратилган бўлади. У ҳатто нафас олмай юрак уришини тинглашга ҳаракат қилади. Юрак уришлари ўзгарган пайтларда нафас етишмай бўғилиш ҳисси пайдо бўлади, совуқ тер босади, оёқлар титраб жон қочади. Бу симптомларнинг барчаси психоемоционал зўриқишлардан сўнг пайдо бўлади ёки кучаяди. Жисмоний ҳаракатлар пайтида органик этиологияли аритмиялар зўрайса, психоген аритмиялар гўёки унутилади. Чунки беморнинг фикри бошқа ҳаракатларга чалғийди. 
Аритмиялар узоқ давом этса, ипохондрик хулқ-атвор шаклланади. У эртаю кеч ўз касаллиги ҳақида ўйлайверади, тиббий сайтларга кириб касалига даво излайди ёки кучли доктор ҳақида эшитиб қолса, аввалги доктор тавсияларини тўхтатиб, унинг ёнига чопади ва ҳ.к. Узоқ вақт транспортда юриш, ақлий зўриқиш, иссиқ жойда қолиб кетиш, спиртли ичимлик ичиш, тўйиб овқатланиш ҳам тахикардия, брадикардия ёки аритмияни юзага келтиради. Бироқ бемор нафасини ростлаш учун бироз дам олса, масалан ярим соат, юрак уриши яна маромига келади.
 Улар ёзнинг иссиқ кунларини ёмон ўтказишади, доимо салқин жойни излашади, асосан куннинг иккинчи ярмида юрак уриши янада кучаяди ва нафас етишмайди. Психоген тахикардияда ЭКГда органик ўзгаришлар кузатилмайди. Одатда, брадикардия кам учрайди ва АҚБ тушиб кетиши, бош айланиши, ичак перисталтикаси кучайиши билан кечади. Беморга юрак соҳаси «қотиб қолгандек», уришдан «тўхтагандек» туюлади, нафас етишмайди, бўғилиб ёрдамга чақира бошлайди. Юрак ритмининг психоген типдаги бузилишлари унга қарши дорилар билан даволанганда эмас, балки седатив дорилар ёки антидепрессантлар берилганда камаяди. Психотерапевтик суҳбатлар ҳам ўта самарали ҳисобланади. 



Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha