Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ПСИХОГЕН БОШ ОҒРИҚ

ПСИХОГЕН БОШ ОҒРИҚ


Психоген бош оғриқ – ўткир ёки доимий психоэмоционал  зўриқишлар натижасида ривожланадиган бош оғриқ. Депрессия ва невроз психоген бош оғриқлар (ПБО) нинг асосий этиологик омилларидан биридир. ПБО аниқ бир хусусияга эга эмас. ПБО бошнинг турли жойида кузатилади ва турли кўринишда намоён бўлади. Бош оғриқ калланинг тенг ярмида ёки иккала томонида кузатилади, вақти-вақти билан қўзиб туради ёки доимий тусда бўлади. Оғриқлар кучли ёки кучсиз, хуружсимон ёки  симилловчи бўлиб, эрталаб ёки кечаси қўзғайди. 
ПБО деярли ҳар доим психоэмоционал зўриқишлардан кейин пайдо бўлади ёки кучаяди. Жисмоний чарчаш ҳам бош оғриғини зўрайтиради. Баъзида бемор уйда ёлғиз қолса ҳам зерикканидан бош оғрийди. Агар унинг уйига меҳмон келса ёки ўзи меҳмонга борса, бемор бош оғриғини унутиб қўяди. Дастлаб бош оғриғи психоэмоционал зўриқишлардан сўнг пайдо бўлса, бора-бора автобусда ишга бориб келишнинг ўзи ҳам бош оғриқни қўзғаб юборади.
Ниқобланган депрессияда бош оғриқ моносимптом сифатида келиши мумкин. Бундай пайтларда бош оғриқни бартараф этиш учун албатта антидепрессантлар тавсия этишга тўғри келади. Агар ушбу дорилар ҳеч бўлмаганда бир ой мобайнида тавсия этилмаса, бош оғриқлар сурункали тус олади ва йиллаб давом этади. Бизнинг кузатувларимиз шуни кўрсатдики, “интракраниал гипертензия” ташхиси билан даволаниб юрган беморларнинг деярли ярмидан ошиғида психоген этиологияли бош оғриқлардир.  Шу боис бош оғриққа шикоят қилган ҳар бир бемордан психологик анамнез ҳам тўплаш зарур. 
Астеник типдаги беморларда тўйиб овқат ейиш, бола эмизиш, дўконга бориб келиш, юқори қаватли уйнинг зинапоясидан чиқиш, ҳаттоки кино ва концертларга бориб келиш ҳам психоген бош оғриқларни кучайтириб юборади.  Бунинг оқибатида беморда истерик  ва ипохондрик характер шаклланади, у фақат бош оғриғи ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолади. Аффектив бузилишлар билан кечувчи бош оғриқлар доимий ва зўрайиб борувчи хусусиятга эга бўлиб, баъзи ҳолатларда бош мияда ҳажмли жараён бор-йўқлигини аниқлашга мажбур қилади. Негаки, бу беморларда бош оғриғидан ташқари, кўнгил айниш, қайт қилиш, бош айланиши, юрганда чайқалиб кетиш, кўриш бузилиши, қўл ва оёқлар увишиши ҳам тез-тез намоён бўлиб туради. Аналгетиклар ёрдам бермайди. Беморнинг шикоятлари таҳлил қилинса, бош миянинг органик касалликларида кузатиладиган бош оғриқдан фарқ қилувчи томонлари кўп бўлади. ПБО да бемор бош оғриғига аниқ бир таъриф бера олмайди: «Нима десам экан, баъзан бошимнинг ичи гўёки сувга тўлгандек оғир бўлса, гоҳо бўм-бўш бўлиб қолади, баъзи пайтларда иккала чаккам худди резина билан қаттиқ боғлаб қўйгандек сиқиб оғрийди. Гоҳида эса энсам шундай оғрийдики, бошимни қимирлата олмайман, чунки қимирлацам, миям лўқиллаб отилиб чиқай дейди». 
Беморни тинглаётганда шуни эътиборга олиш керакки, уларнинг кўпчилиги айнан бош оғриғидан эмас, миянинг ичи оғриётганидан шикоят қилишади. Бош миянинг органик касалликларида бош оғриқ кўпинча маълум бир локализацияга эга ва одатда турғун бўлади. ПБО да эса бош оғриқлар вазиятга қараб ўзгариб туради, беморлар ёздан кўра қишни ёқтиришади, негаки улар иссиқни кўтара олмайдилар. Шунинг учун ҳам ёзда психоген бош оғриқлар кўп учрайди.
Доимий ПБО умумий гиперестезияга ҳам сабабчи бўлади. Бундай беморлар ёруғлик ва шовқинни, атрофида одамлар кўп бўлишини ёқтиришмайди. Уларнинг териси ҳам жуда сезгир бўлади. Баъзан терига тошмалар тошиб, қичишиб юради. Ёши катталарда бош оғриқ диққат ва хотира бузилиши билан кечади, улар паришонхотир бўлиб қолишади. Бундай бемор фикрини бир жойга жамлай олмайди. Бошнинг фақат уйда ёки ишхонада, куннинг аниқ белгиланган вақтида оғриши аксарият ПБО учун жуда хос. 
Кўп ҳолларда ПБО ни бошқа этиологияли бош оғриқлардан фарқлаш қийин. Субарахноидал қон қуйилиш, сероз менингит, ўсма касалликлари, қон-томир аневризмалари, ИКГ билан кечувчи касалликлар, мигрен, уч шохли нерв невралгияси, краниоцервикалгия каби касаллик ва синдромлар ПБОга ўхшаб намоён бўлади. Баъзида биз беморда чуқур текширувлар ўтказмай хатоликларга йўл қўямиз. Психоген этиологияли бош оғриқлар билан органик этиологияли бош оғриқлар орасида қиёсий ташхис ўтказишга қийналган ҳар бир врач, авваламбор “органик ташхисни” қўйиб, беморни чуқур текширувдан ўтказишни давом эттириши керак.  
Шундай бир воқеа неврологияга оид китобларда ёзиб қолдирилган. 
Кечқурун шифохонанинг қабул бўлимига боши қаттиқ оғриб турган С. исмли 36 ёшли аёлни олиб келишади. Асаб касалликлари бўлимидан ушбу беморни кўриш учун навбатчи врачни чақиришади. Врач қабул бўлимига келиб қараса, аввал таниш бўлган ва унга доимо бош оғриғи билан мурожаат қиладиган бемор унинг қаршисида яна турибди. Бу бемор айнан ушбу врач навбатчилигида бир неча бор қаттиқ бош оғриғидан шикоят қилиб, «Тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб келинган ва ҳар гал барча қоидалар бўйича унга ёрдам кўрсатиб уйига юборилган. Бемор “Психоген бош оғриқ” ташхиси билан невропатологда даволаниб юрган. Навбатчи врач бундан воқиф эди. Бемор ҳар гал мурожаат қилганда врач унинг невростатусини текшириб, биринчи ёрдам кўрсатиб, уйига юборган. Бироқ бу гал бош оғриқлар функционал хусусиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилган ўша таниш навбатчи врач унинг невростатусини текширмайди ва оғриқ қолдирувчи ҳамда тинчлантирувчи дорилар қилиб уйига жўнатади. Ўша кечаси тунда бемор навбатдаги бош оғриғи хуружи пайтида ўлиб қолади. Патологоанатомик текширувлар бош мияга аневризма ёрилишидан қон қуйилганлигини кўрсатади. Беморни тўла текширмаган врач юридик жавобгарликка тортилади.

 Демак, неча бор мурожаат қилишидан қатъи назар, ҳар бир бемор обдан текширилиши керак. Унутманг: истерик беморларда ҳам аневризма, ўсма ёки бошқа бирор бир оғир бир касаллик бўлиши мумкин ва ҳ.к. Истерик хулқ-атворга бой беморда органик касаллик белгилари эътибордан четда қолиши мумкин.
Ташхис. Ҳар қандай этиологияли бош оғриқнинг хронологиясини ўрганиш катта диагностик аҳамиятга эга. Дастлаб органик касалликни инкор қилиш керак! Бу қоида тиббиётнинг олтин қонуни бўлмоғи лозим. Шу боис бош оғриққа шикоят қилган бемор, албатта, стандартда кўрсатилган текширувлардан ўтказилади. Ҳар қандай бош оғриқда неврологик статус чуқур текширилади. Бирламчи бош оғриқларда (мигрен, кластер цефалгия) органик неврологик бузилишлар кузатилмаслигини ҳам эсда тутиш лозим. Бош оғриқлар кўп этиологияли синдром бўлганлиги боис беморнинг соматик  статуси ҳам ўрганилади. Ҳар бир беморда психологик анамнезни йиғиш нафақат тиббий психолог, балки бошқа соҳа врачлари учун ҳам асосий қоидалардан бири бўлиши керак. Шунингдек, беморнинг яшаш ва ишлаш шароити, турмуш тарзи, зарарли одатларини батафсил ўрганади, қандай дорилар истеъмол қилаётганини аниқлайди. 
Давоси. Бош оғриқларни даволаш авваламбор уларни юзага келтирган сабабларни бартараф этишдан бошланади. Даставвал соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинади. Чекиш ва ичишдан воз кечиш, рационал овқатланиш қоидаларига амал қилиш, тоза ҳавода сайр қилиш ва бадантарбия билан шуғулланиш шулар жумласидандир. Бемор аччиқ ва шўр нарсалардан воз кечиши, хамирли овқатларни чеклаши ҳам жуда муҳим. 
Сурункали бош оғриқларда дам олиш сиҳатгоҳларида даволаниш самаралидир. Физиотерапия, игна билан даволаш, ёдбромли ванналар, массаж каби рефлектор даволаш муолажаларининг аҳамияти жуда катта. Даволаш муолажаларини олиб бораётган врач биринчи навбатда беморни тинчлантиради, унда даволаш самарали натижа беришига ишонч туғдиради. Бунинг учун бемор билан режали тарзда психологик суҳбатлар ўтказиб турилади. Ҳар қандай этиологияли бош оғриқларда психоген омиллар етакчи ўринни эгаллаши мумкин. Бош оғриқларнинг сурункали тус олишига кўпинча бош оғриқ атрофида юзага келган салбий психологик муҳит сабабчи бўлади. Даволаш муолажалари тугагандан кейин тиббий нуқтаи назардан олганда бемор бош оғриқдан қутулади, бироқ психологик нуқтаи назардан ҳали унда бош оғриқлар давом этавериши мумкин. Демоқчимизки, бош оғриқлар сабабли мияда юзага келган доминант ўчоқ меланхолик ва  невротик шахсларда яна давом этаверади. Энди уни “органик” бош оғриқ эмас, балки психоген бош оғриқ безовта қилаётган бўлади. Бундай беморларга фақат плацеботерапия ва психотерапия ёрдам беради, холос. 
Шу ерда ҳар қандай врачнинг эътиборини тортадиган бир неча йиллар олдин рўй берган воқеани келтириб ўтамиз. 
Бу воқеа ўтган асрнинг 90-йиллари рўй берган. Бош оғриғининг доимо кеч соат олтида бошланишидан шикоят қилиб В. исмли 43 яшар аёл бизга мурожаат қилди. Поликлиникада  невропатолог назоратида  «Мия  ичи гипертензияси» ташхиси билан даволаниб юрган, шу билан бирга ПНД да рўйхатда турган. Бош оғриғи бошланганига 3 йил бўлган. Бош оғриғи кучайган пайти фақат баралгин таблеткасини ичиб юрган. Кейинчалик врач тавсиясига мувофиқ бемор бош оғриганда баралгинни томиридан ола бошлайди. Кечқурун соат олтида бош оғриғи барибир бошланишига ўрганиб қолган бемор қўшни ҳамширани чақириб, баралгинни шприцга тортиб тайёрлаб қўядиган бўлади. Унинг уйига қатнайдиган ҳамшира бу уколни ҳадеб олавермасликни, бунинг оқибатида юракда оғир асорат қолиши мумкинлигини айтади ва яна бир бор врач билан маслаҳатлашиш зарурлигини тавсия қилади.
Бемор қабулимизга келганида, унинг шикоятларини эшитиб, яшаш тарзини, касаллик ва психологик анамнезини ўрганиб чиқдик. Олинган маълумотлардан қисқача эпизодлар келтириб ўтамиз: жуда ишонувчан ва сал нарсага ортиқча таъсирланувчан аёл. Ўта паришонхотир. Оилада тез-тез жанжалли воқеалар бўлиб турган, бош оғриғи навбатдаги кучли стрессдан сўнг пайдо бўлган. Эртаси куни поликлиникага невропатолог қабулига чиққан. Врач уни текшириб, «Бош миянинг ички босими ошиб кетган, тез даволанмасангиз оқибати ёмон бўлади», деган. Бемор қўрқиб кетган, чунки беморнинг ўзидан катта акаси 6 ой олдин кучли стрессдан сўнг қон босими ошиб, эртаси куни геморрагик инсултдан ўлган. У  зарур дори-дармонларни топиб «Мия ичи гипертензиясидан» даволанишни бошлайди. Ҳар гал эхоенцефалоскопия қилдирганида «Миянинг ички босими ошган» деган хулоса берилади. Бу хулосага ишонган бемор бошқа жойда текширилмайди ва поликлиникада даволаниб юради. Эслатиб ўтганимиздек, беморнинг бош оғриғи аниқ бир вақт, яъни кеч соат олтида пайдо бўладиган бўлиб қолади. У депрессияга  тушади, хулқ-атворида  ипохондрик  белгилар пайдо бўлади.
Беморнинг неврологик статусини тўла текширганимизда, мия ичи гипертензияси белгилари аниқланмади, буни параклиник текширишлар ҳам тасдиқламади. Беморнинг анкетасидаги невропатолог ёзувларида ҳам миянинг ички босими ошиши учун хос бўлган неврологик симптомлар йўқ эди. Анкетадаги барча эхоенцефалоскопик текширувлар хулосаларида III қоринча кенглиги 7 мм деб қайд қилинган. Бу эса нормадан сал фарқ қилувчи кўрсаткич бўлиб, кучли ифодаланган бош оғриқларга сабаб бўла олмайди. Демак, бемор етарли даражада текширилмаган ёки ҳақиқатан ҳам унда мия ичи гипертензияси бўлмаган. Бемор терапевтлар кўригидан ўтказилганда, соматик касалликлар аниқланмади. АҚБ 120/70 мм.сим.уст. Шундай қилиб, клиник ва параклиник текшириш хулосалари ҳамда беморнинг психологик анамнези ундаги бош оғриқнинг психоген хусусиятга эга эканлигини кўрсатди. Бу хулосага янада ойдинлик киритиш учун иккита кичикроқ тажриба ўтказдик.
Биринчиси, беморнинг бош оғриғи кеч соат олтида қандай бошланишини аниқлаш бўлса, иккинчиси, баралгин ўрнига бошқа дорини ишлатиб кўриш эди. Биринчи тажрибамизни пешинда беморни клиникага таклиф қилишдан бошладик. Бунинг учун беморга «Бошингизни айнан оғриётган пайтда текшириб кўришимиз керак», деб тайинладик. Ўша лаборант билан бошингизни ўзимиз эхоенцефалоскопия қилиб кўрамиз, дедик. Бемор айтган вақтимизда етиб келди. Биз бемор билан клиниканинг боғида юриб, лаборантнинг «етиб келишини» кутдик (воқеа ёз кунларининг бирида бўлаётган эди). Бемор боши қачон оғрий бошлагани, қанчадан-қанча текширишлардан ўтгани, турли хил ташхислар билан даволангани, яхши самара бўлмаганини салкам икки соат мобайнида тинмай сўзларди. Соат олтидан ошиб, етти бўлаётган эди. Бемордан: «Мана соат ҳам еттига яқинлашиб қолди, лобарант келмади, соат олти бўлмасдан келувдингиз, бошингиз оғридими, деб сўраганимда, у: «Вой, гап билан бўлиб, бошим оғриганини ҳам сезмабман! 
Йўқ, йўқ сезмабман эмас, бошим ҳақиқатан ҳам оғригани йўқ, қандай яхши! Наҳотки энди бошим сира ҳам оғримаса», деб ҳайратга тушди. «Энди лаборант ҳам келмади, эртага кела қоласиз», деб бемор уйига жўнатилди. Иккинчи тажрибамизни амалга ошириш учун беморга «Баралгинни энди новалгинга ўзгартирамиз, бу дори унинг синоними ҳисобланади, таркиби худди баралгиннинг ўзгинаси» деб, бош оғриғи хуружи пайтида ўша дорини томирдан юборишни тавсия қилдик. Бемор рози бўлди, лекин икки кундан сўнг бизга телефон орқали «Новалгиннинг таъсири жуда паст ва қисқа экан, бироздан сўнг яна бошим оғрий бошлади», деди. Бемор янги тавсия қилинган доридан воз кечди. Бемор биз билан бўлган суҳбатларнинг бирида «Баралгинни яратганларга минг раҳмат, томирдан юборган заҳоти бош оғриғимни олади» деганди, яъни бемор ушбу дорига психологик боғланиб қолганди. Бемордан дорини томир ичига юборгандан сўнг бош оғриғи қачон тўхташини сўраганимизда, «Беш дақиқага етмасдан», деб жавоб берганди. Аслида баралгин томирлар спазмини секин-асталик билан йўқотади ва бош оғриғининг бутунлай пасайишига 15–20 дақиқа керак бўлади.
Биз ушбу бемор мисолида бош оғриғининг кучли стрессдан сўнг пайдо бўлганлигини, унинг маълум бир соатда кузатилишини ва аниқ бир дорига бўлган психологик боғланишнинг гувоҳи бўлдик. Шу ўринда бош оғриғи ятропатия (врачнинг нотўғри хулосаси сабабли)нинг яққол бир кўриниши эди холос. Бундай беморларни даволаш анча мураккаб кечади, яъни бош оғриғи қайта-қайта пайдо бўлаверади. Масалан, бемор даволанаётган  пайтида боши оғримайди (чунки врач доимо ёнида, хавотирга ўрин йўқ), даволаш тугаб, бемор уйига жўнатилгандан сўнг бош яна оғрийверади (чунки энди врач йўқ, хавотир ва касаллик белгилари яна қўзғалади).  
Тиббий амалиётда, айниқса, неврологияда бундай ҳолат кўп кузатилади. Фикримизча, бундай ҳолатни «Врач йўқлиги синдроми» деб аташ мақсадга мувофиқ. Бу синдромнинг клиник-психологик манзарасини чуқурроқ ўрганиб, унга юридик статус бериш жоиз. Чунки мукаммал даволаш муолажалари тўғри ўтказилгандан сўнг ҳам врачдан норози бўлиб юрувчилар сони оз эмас. Бу ҳолат невроз ва ипохондрияда кўп учрайди. 
Психоген бош оғриқлар камайиши ёки йўқолишига ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар анча. Масалан, яшаш жойини ўзгартириш, сув ҳавзаларида чўмилиб туриш, сайрга чиқиш, ўзига ёққан кийим-кечакни харид қилиш ва ҳоказо.
Психоген бош оғриқ билан беморларнинг энг кўп шикоятларидан бири – бу уйқу бузилишидир. Бемор ухламоқчи бўлганида миясига турли хил фикрлар келаверади, бу фикрлардан ҳеч қутула олмайди, улардан мияси «ёрилиб» кетадиган даражагача боради, мабодо ухлаган тақдирда ҳам туш кўравериб, баттар қийналади.
Аксарият ҳолларда психоген бош оғриқни бошқа этиологияли бош оғриқдан фарқлаш анча мушкул. Субарахноидал қон қуйилиш, сероз менингит, ўсма, аневризма, интракраниал гипертензия билан кечувчи касалликлар, мигрен, уч шохли нерв невралгияси, краниоцервикалгия каби касаллик ва синдромлар психоген бош оғриғига ўхшаб кетади. Бу касалликларнинг нақадар турли-туманлиги ва мураккаблиги тиббий психологдан неврология фанини мукаммал билиш ёки бўлмаса беморни, албатта, невропатолог кўригидан ўтказиш зарурлигини талаб қилади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha