Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ПСЕВДОУРОЛОГИК СИНДРОМЛАР

ПСЕВДОУРОЛОГИК СИНДРОМЛАР


Сийдик ажратиш системасида кузатиладиган психоген бузилишлар билан тиббий психологга мурожаат қилиш жуда кам учрайди. Бундай беморлар кўпинча «пиелонефрит», «гломерулонефрит», «буйрак тош касаллиги», «цисталгия», «цистит», «уретрит» ташхислари билан нефролог ёки урологларда даволаниб юришади. Шу нарсага эътибор қаратиш лозимки, бу ташхислар даволаш мобайнида бир неча бор ўзгариб туради. Ниҳоят, уларга барча урологик симптомларни ўзида мужассамлаштирган умумий ташхис – “невроген қовуқ” синдроми қўйилади. Аффектив бузилишларда сийдик йўлларида турли белгиларнинг пайдо бўлиши ниқобланган депрессиянинг клиник кўринишларидан бири бўлиши мумкин. Тез-тез ҳожатхонага қатнаш, шунда ҳам сийганидан қониқмай чиқиш ва яна ҳожатхонага қайтиб кириш, худди сийдик пуфаги тўла бўшалмагандек бўлиши, қориннинг пастки қисмида оғриқ сезиш ҳолатлари псевдоурологик синдромлар учун хос. Сийдик ажралиб чиқишининг психоген бузилишларида икки хил ҳолатни кузатиш мумкин: тез-тез сийгиси келиши ва сийишнинг ушланиб қолиши. Қаттиқ кулганда, аксирганда, йўтал пайтида, оғир нарса кўтарганда озгина сийиб юбориш ёки соатлаб сийдик тутилишлари ниқобланган депрессия учун жуда хос.
Тез-тез сийиш (поллакурия) кўпчилик урологик касалликлар (цистит, уретрит, простатит) учун ҳам, ниқобланган депрессия учун ҳам хос бўлганлиги боис, бундай беморлар зарур бўлган текширувларни тўла ўтишлари лозим. Иккала ҳолатда ҳам совуқ жойда кўп туриб қолиш, шўр, аччиқ ва нордон нарсалар ҳамда спиртли ичимликларни (айниқса, пивони) истеъмол қилиш, қаттиқ сиқилиш сийишнинг тезлашувига олиб келади. Эркакларда, айниқса, жинсий алоқадан сўнг ана шундай вазият юзага келади.
Бироз ривожланган аффектив бузилишларда учрайдиган дизурия транспортда, катта мажлислар бўлаётган пайтда, ўзи бирор нарсани кўпчилик олдида ўқиб бераётган пайтда намоён бўлади. Натижада уларда ипохондрик синдром ривожланади: бундай беморлар бутун фикрини ва диққатини сийдик пуфагига қаратишади, шарманда бўлиб қолишдан қўрқишади. Табиийки, бу вазият беморнинг асабига салбий таъсир этади ва касаллик белгиларини янада кучайтиради. Бундай беморлар мабодо бегона аёл билан жинсий яқинлик қилса, ўзида бўлаётган барча белгиларни ҳали тасдиқланмаган венерик касаллик билан боғлайди. Рафиқасига яқинлаша олмайди, доим хавотирда яшайди ва хиёнат қилганини билдириб қўяди.
Болалик давридан бошлаб ортиқча талаблар қўйиб тарбиялаш, уйдан ташқарига чиқармаслик, ўртоқлари билан ўйнагани қўймаслик кейинчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки инсоннинг руҳий ривожланиши тарбия ва уни ўраб турган атрофдаги муҳитга чамбарчас боғлиқ. Шу масалада Б.Д. Карвасарский (2002) қизиқ бир мисолни келтиради. 
К. исмли 37 яшар илмий ходим жамоат жойларидаги ҳожатхонага кира олмаслигидан шикоят қилади. Бу нарса уни 17 ёшлигидан буён безовта қилса-да, 20 йил мобайнида уялганидан бу «айбини» докторларга айтмай ва, табиийки, даволанмай юрган. Беморнинг ҳаёт анамнезидан шу нарса маълум бўладики, у онасининг қаттиқ назоратида ўсган. Уни онаси кўчада болалар билан ўйнагани қўймас, умумий ҳожатхоналардан фойдаланишни эса қатъиян ман қилган. «Чунки у ерга ҳамма боради, уларнинг касали сенга юқиши мумкин», деб уқтирган. Бола кўп қаватли уйлардаги хонадонда яшаганлиги боис, у хоҳлайдими-йўқми, иштонини «ҳўл қилиб» қўймасин деб, онаси уни доимо тувакка ўтқазган, ёнига эса ўйинчоқларини қўйган. Бола ҳам ўйнаб, ҳам тувакда «жасорат» кўрсатиб ўтирган. Бола нафақат тувакда ўйнаб ўтирган, ҳатто онаси унинг ёнида ўтириб эртаклар айтиб берган, куйлаган, одоб ҳақида тарбия берган. Шундай қилиб, ҳар бир одамнинг ўзи бажариши зарур бўлган бу муҳим физиологик жараён, «озода» юрадиган она томонидан бошқарилган. Бола тувакда узоқ вақт ўтириб қолар ва онаси келиб олмагунча турмасди. Онаси тувакда ахлат ёки сийдикни кўрмаса, болани яна ўтқазиб қўяверган. Бола баъзан иштонига сийиб қўйса, онасидан роса дакки еган. Бу айбни қилиб қўймаслик учун бола доимо қўрқиб хавотирда яшаган. Мабодо она-бола меҳмонга кетишмоқчи бўлишса, бола албатта ўз уйида ҳожатхонага кириб чиқиши, меҳмонда эса сийгиси келса ҳам иложи борича кутиб туриши ва фақат уйга қайтгандагина ҳожатхонага бориши она томонидан аниқ белгилаб қўйилган. Буларнинг оқибатида бола атрофдаги нарсалардан жирканадиган ва нозиктабиат бўлиб ўсади.
Сийдик йўлларидаги функционал бузилишларнинг келиб чиқишида беморнинг жинсий ривожланиши ҳам алоҳида ўрин тутади. Бемор 16 ёшида бир қиз билан жинсий яқинлик қилишга уринади, лекин жинсий алоқа қила олмайди, чунки дарров поллюция рўй беради. Бу янги аломатдан у жуда қўрқиб кетади ва тез кунларда ичи қотиб, ҳожатхонада кўп ўтириб қолса, сийдик йўлидан шиллиқ нарса чиқа бошлаганини кўради. Спермани «йўқотишдан» қўрқиб, сийиш жараёнини иложи борича тўхтатишга интилади. Агар аввал жамоат ҳожатхоналарига киришдан ўзини тиядиган бўлса (чунки ёзилаётганда эрекция ҳам кузатилган), кейинчалик атрофда оёқ овози эшитилса ҳам сия олмайдиган бўлиб қолади. Вақт ўтиб у институтни тугатади, аспирантурага киради ва номзодлик диссертациясини ёқлайди. Уйланади, 3 та болалик бўлади. Жинсий алоқалар қисқа давом этганлиги сабабли қониқмайди. Урологда уч йил натижасиз даволанади. Сўнгра унга қуйидаги ташхис қўйилади: псевдоурологик симптомлар билан кечувчи ипохондрик невроз
 Олиб борилган даволаш чоралари индивидуал психотерапия билан биргаликда ўтказилади ва бемор тузалиб кетади.

Бу клиник мисолдан хулоса шуки, одамнинг психологиясини бошқариш мумкин, бироқ нормал кечаётган физиологик жараёнларга сунъий йўл билан таъсир қилмаган маъқул.
 «Урологик» беморлар жуда кўп тиббий текширувлардан ўтишади, ҳар хил докторларда бўлишади, доимо даволанишнинг янги усулларини излашади ва ўзларида қўллаб кўришади. Бу доимий ташвишлар, албатта, жинсий қувватсизликка олиб келади. Беморларда на даволанишга, на оиласига ва на ҳаётга қизиқиш қолади (психосексуал бузилишлар бўлимига қаранг).
Статистик маълумотларга кўра, болаларда учрайдиган энурезнинг деярли 80 % бош мия пўстлоғи дисфункцияси билан боғлиқ. Мутахассислар фикрича, диурезнинг бузилиши аффектив бузилишларда юзага келадиган сийдик пуфаги қўзғалувчанлигининг ошиши ёки пасайиши ҳисобига кузатилади. Тагини ҳўл қилиб қўядиган болалар, одатда, ўта инжиқ, тиниб-тинчимайдиган, йиғлоқи ва кўп туш кўрадиган бўлишади. Улар шу қадар ранг-баранг тушлар кўрадики, худди катталарга ўхшаб, тушининг мазмунини ота-онасига эртак каби қилиб сўзлаб беришади. 
Функционал полидипсиялар (кўп суюқлик  ичиш) ва  полиуриялар (кўп сийиш) кўп учраб турадиган психосоматик бузилишлардир. Бундай беморлар кунига 5 л ва ундан ҳам кўп сув ичишади. Улар доимо чанқаш ва сув ичганда қониқмасликдан шикоят қилишади. Табиийки, бундай пайтларда қандсиз диабет касаллигига тахмин пайдо бўлади. Шундай бўлса-да, бемор ичган сув ва ажралиб чиққан пешоб миқдори, унинг ҳиссий ҳолатига жуда боғлиқ бўлади. Ҳатто соғлом одамларда ҳам ортиқча ҳиссий зўриқишда, масалан, абитуриентлар, талабалар имтиҳон пайтида, илмий ходим диссертация ҳимоя қилаётганида, иккита киши бир-бири билан уруш-жанжал қилаётганида оғзи қуриб, сув ичгиси келади ва тез-тез ҳожатга қатнайди. Кўп сув ичишига қарамасдан, уларнинг териси қуруқ (тумбочкаси ҳар хил кремларга бой), АҚБ паст, боши тез-тез оғрийдиган бўлади ва бирор иш қилишса, тез чарчаб қолишади. Кўп сув ичилганлиги боис организмда электролитлар алмашинуви бузилади ва баттар чанқаб, яна сув ичгиси келаверади. Бунинг натижасида, албатта, қандсиз диабет ташхисини инкор қилиш учун лаборатор текширувлар ўтказишга тўғри келади.




Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha