Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ПСИХОГИГИЕНА

ПСИХОГИГИЕНА


Психогигиена – бу руҳий саломатликни сақлаш ва  мустаҳкамлаш учун гигиеник талабларга жавоб берувчи дастурларни ишлаб чиқиб амалга оширувчи фан.  Унинг асосий мақсади психоген ва психосоматик касалликларни олдини олишда зарур шарт-шароитларни яратишдир. Шу боис психогигиенанинг мақсад ва вазифалари психопрофилактикага ўхшаб кетади. Тиббиёт психологиясининг катта йўналишларидан бири бўлмиш ушбу эгизак фанлар умумий гигиена ва профилактик тиббиёт қонун-қоидаларига албатта таянади. 
Психогигиена стресс омилларининг инсон руҳиятига таъсирини пасайтириш ва психологик иммунитетни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқади. Соғлиқни сақлаш тизимига психогигиена қонун-қоидаларини кенг татбиқ қилиш аҳоли орасида нафақат психоген ёки психосоматик касалликлар, балки инсулт, инфаркт, қандли диабет, ошқозон-ичак яралари каби органик касалликларнинг ҳам олдини олишда ўта муҳим аҳамият касб этади. Демак, руҳий саломатликни асрашга қаратилган чора-тадбирлар бутун бир организмни турли касалликлардан ҳимоя қилишга имкон яратади. Психогигиена ўта мураккаб ижтимоий-психологик муаммо ҳисобланмиш гиёҳвандлик каби иллатларга  ружу қўйишнинг олдини олиш билан ҳам фаол шуғулланади. Психогигиена муаммолари инсон шахсини эътиборга олган ҳолда ечилади. Ваҳоланки, шахснинг барча талабларга мос равишда камол топиши учун психоемоционал омиллар таъсирини имкон қадар пасайтириш лозим бўлади.
Айниқса, профилактика йўналишида таълим олаётган талабалар психогигиена фанини чуқур эгаллаши ва унинг қонунларини билиши зарур. Бу психоген касалликлар тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни яхшилашга оид янги дастурлар тайёрлашга катта ёрдам беради. Психоген омиллар ички аъзолар касалликларига сабабчи бўлгани каби, ўз вақтида ички аъзолар касалликлари инсон руҳияти бузилишига ҳам олиб келиши мумкин. Шундай экан, соматик клиникаларда ҳам психогигиеник чора-тадбирларни амалга ошириш зарурдир.
Руҳий бузилиш ҳам «юқумли» касалликдир. Албатта, оилада асаби бузилган ёки бир сўз билан айтганда, невроз ёки психозга чалинган одам бўлса, бунинг салбий таъсири оила аъзоларига ҳам ўтади ва уларнинг руҳий саломатлигига катта зиён етказади. Демак, психогигиенанинг яна бир катта муаммоларидан бири, бу оила психогигиенасидир. Битта одамнинг руҳий саломатлигини тиклаш, уни ўраб турган қариндош-уруғлари, ёру биродарларининг руҳий саломатлигини ҳам тиклаш ёки бузилишдан сақлаб қолиш демакдир.
Психогигиена қуйидаги мақсадларни ўз олдига қўяди: 1) соғлом шахсни тарбиялаш ва шакллантириш; 2) турли масканларда гигиена талабларига жавоб берадиган шароит яратиш; 3) инсон саломатлигига зиён келтирувчи омилларни камайтириш ва тугатиш; 4) беморларни  спортга қизиқтириш, уни кенг оммага ёйиш; 5) ҳар бир кишини ўз саломатлигига эътибор билан қарашга, уни сақлашга ўргатиш.
Психогигиена шартли равишда қуйидаги турларга бўлинади:
  1. ёш даврлари психогигиенаси; 
  2. ақлий ва жисмоний меҳнат психогигиенаси; 
  3. ўрганиш ва ўргатиш психогигиенаси; 
  4. оила ва жинсий ҳаёт психогигиенаси; 
  5. турмуш психогигиенаси; 
  6. бемор психогигиенаси.
Ёшга оид психогигиена болалик даври, яъни чақалоқ туғилган даврдан бошланиши керак. Чунки инсоннинг шахс сифатида шаклланиши жуда эрта бошланади. Маълумки, боланинг яшаш фаолияти ўйинларга асосланган. Унинг идроки ҳам ёшига мос бўлиб, у ўзи қизиққан нарса билан шуғулланади. Боланинг ёнида эҳтиёт бўлиб сўзлаш, уни тўғри йўлга бошлаш, камчиликларини ўз вақтида тузатиб бориш ўта муҳим. 
Болани қаттиққўллик билан эмас, балки уқтириш ва тайинлаш йўли билан тарбиялаш зарур. Болани ортиқча эркалатиб юбориш, унинг айтганини қилавериш, талабларини бажаравериш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди, у қайсар, ўжар, ота-онани ҳурмат қилмайдиган бўлиб ўсади. Болани унинг ёшига мос турли ўйинлар билан машғул қилиш ўта муҳим. Болани театр, тсирк, ҳайвонот боғига олиб бориш, уни табиат қўйнида тарбиялаш унинг синхрон ривожланишида жуда муҳим аҳамият касб этади.
Болалар психогигиенасида катталар, аввало ота-онанинг хулқ-атвори ўта муҳим. Доимо жанжал бўладиган, ичкилик ичиладиган, китоб мутолаа қилинмайдиган оилада руҳияти соғлом фарзанд вояга етиши анча мураккаб. Бола ота-онанинг яхши фазилатларига ҳам, ёмон қилиғига ҳам тақлид қилади. Ҳали болада бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи функционал жиҳатдан тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли уларда яхши-ёмонни таҳлил қилиш имкони паст. Болани ҳаётга ўргатиб бориш, унинг тафаккурига мос ҳикоялар, эртаклар айтиш, ҳаётдан мисоллар келтириб бориш унда ҳаётга қизиқиш уйғотади, инсонларга меҳр-муҳаббатли бўлишга ундайди.
Агар ота-она болада фан, санъат ёки ҳунарнинг қайсидир бир турига қобилиятини сезиб қолса, унга ҳар томонлама ёрдам бериб, барча шароитни яратиб бериши зарур. Лекин болани илмли қиламан деб, унга керагидан ортиқча талаб қўйиб юбориш, дарс қилишга мажбур қилавериш, кўчада бироз ўйнагани қўймаслик болада депрессия аломатлари ривожланишига сабаб бўлади. У ҳеч нарсага қизиқмай қўяди.
Бунга бир мисол келтириб ўтамиз. Ҳали 8 ёшга тўлмаган Г. исмли қизчани бизга кўрсатишди. Қизча бош оғриғидан шикоят қилар эди. Ота-онаси врач қабулида бўлиб, қизчада бош оғриғи сабабларини аниқлай олишмагани ва тавсия этилган дорилар фойда бермаётганини айтишди. Қизчани текшириш мобайнида шу нарса маълум бўлдики, у умуман кам сўзлар, бир нуқтага қараб тураверар, доктор берган саволларга зўрға жавоб берарди. Ўзи ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилинганда, фақат боши оғришини айтди. Қизчани текшираётиб унда депрессия аломатларини аниқладик. Қиз аввал ҳеч қандай касал бўлмаган, мия жароҳатлари олмаган, ички аъзолари ҳам соғлом эди. Қизчадан бошинг доимо оғрийдими, оғримаган пайти борми деб сўралганда у: «Ҳа, доимо оғрийди, лекин ноябр ойида оғримади», деб жавоб беради (бемор феврал ойида текширилаётган эди).
Қиздаги бош оғриқнинг сабаблари ҳар томонлама текширилиб, касаллик анамнези яхшилаб ўрганилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, қизни 6 ёшидан бошлаб ўқитиш кучайтирилган мактабга беришган. Бундан ташқари, қизча мактабдан қайтганда, инглиз тили ўқитувчиси уйда у билан машғулот олиб борган, сўнг эса ота-онаси қизчанинг билимини текшириш бўйича доимо савол-жавоблар ўтказган. Қизчани кўчага тенгдошлари билан ўйнагани чиқишга рухсат берилмаган. Албатта, болага қўйилган бу ортиқча талаблар уни руҳан чарчатиб қўйган. Ўқитувчилар ва ота-онаси олдида доимий масъулият сезган қизчанинг мияси ҳар доим психологик босим остида бўлган. У бора-бора камгап, фақат саволларгагина жавоб берадиган, ўз тенгдошлари билан ўйнамайдиган бўлиб қолади. Сўнгра эса қизчада доимий бош оғриқ ривожланади. Ноябр ойида қизча мактабдан таътилга чиққан, отаси эса хизмат сафарига кетган эди. Қизча бу даврда, табиийки, дарс қилмаган ва кўп вақтини тоза ҳавода ўз тенгдошлари билан ўйнаб ўтказган. 
Биз вазиятни ҳар тарафлама ўрганиб, унинг ота-онаси билан суҳбат ўтказдик. Уларга қизига қўйилган барча талабларни камайтириш, уларни қизнинг ёшига мослаш, инглиз тилини ўқитишни вақтинча тўхтатиш, тоза ҳавода сайр қилишга имкон бериш зарурлиги тавсия қилинди. Бу талаблар бажарилгандан сўнг қизчада депрессия аломатлари (камгаплик, иштаҳа йўқлиги, ҳеч нарсага қизиқмаслик ва бош оғриғи) ўтиб кетди. Бу воқеа болалар психогигиенасига мисол бўла олади. Ваҳоланки, психогигиена талабларига амал қилиш нафақат психоген бузилишнинг олдини олар экан, балки бундай бузилишларни бартараф ҳам эта оларкан. 
Махсус кучайтирилган мактабда ўқимоқчи бўлган ҳар бир болага “Махсус тиббий-психологик анкета” тўлдирилиши зарур ва болалар ҳар йили 2 маротаба ушбу анкета ёрдамида текширувдан ўтиб туриши зарур.
Психология ва умуман тиббиёт учун энг долзарб муаммоларга тўла бўлган давр – бу ўсмирлик даври. Ўсмирлик даврида нафақат руҳий ўзгаришлар, балки ақлий ва жисмоний ўзгаришлар ҳам кескин кечади. Бу давр — ўтиш давридир. Ўсмир ҳали кечаги бола, лекин у катта йигит ҳам эмас. Ўсмир ўз олдида турган муаммоларни ўзи ечишга руҳан ҳали тайёр бўлмаслиги мумкин. Лекин унинг ёшлигини рўкач қилиб, ҳадеб тергайвериш болани қайсар ва ўжар қилиб қўяди. Ўсмирнинг мустақиллигини тан олган ҳолда, унда ҳар бир ҳаракатига масъулият ҳиссини туғдириб бориш ўта муҳимдир. У қаршисида пайдо бўлаётган муаммолардан қўрқмаслиги, шу билан бирга бу муаммога енгилтаклик билан қарамаслиги керак. 
Сексуал ҳаётдаги бўронли ҳолатлар ҳар бир ўсмир учун катта бир синовдир. Қизларда ҳайз келиши ҳам чуқур ҳаяжонланиш, қўрқув ва хавотир билан кечиши мумкин. Бундай пайтларда қиз болага онасининг маслаҳати жуда зарур. 
Тиббий психологга мурожаат этилганда, у ўсмирда кечаётган жараёнларни тўғри таҳлил қила олиши керак. Бунда ўсмир ёшдагилар учун мўлжалланган махсус психологик тестлардан фойдаланилади, ўсмирлар психологи суҳбатлари ҳам ўта муҳим. Спорт ва бадантарбия машқларини бажариш, меҳнатнинг ўзига ёққан турлари билан шуғулланиш, организмни чиниқтириб бориш ўсмир учун ғоят муҳимдир.
Оила мустаҳкам бўлиши учун никоҳга ҳам катта эътибор қаратилмоғи керак. Турмуш қураётган икки ёш, албатта, тиббий кўрикдан, генетик ва психологик текширувлардан ўтиб, саломатлиги ҳақида махсус тиббий маълумотномани олгандан сўнг турмуш қуриш ҳақида хулосага келиш мумкин. Акс ҳолда, бу никоҳ бахтсиз бўлади. Қиз берсанг ҳам, олсанг ҳам, етти авлодини суриштир, деб бекорга айтмаган доно халқимиз. Битта оиланинг бахтсизлигига бутун бир жамиятнинг муаммоси сифатида қарамоқ керак. Ҳақиқатан ҳам шундай.
Жинсий аъзоларнинг анатомияси ва физиологияси ҳақида турмуш қураётган ёшлар дастлабки илмга эга бўлишлари керак. Жинсий аъзолар ҳақида оддий билимга ҳам эга бўлмаган ёшларнинг турмуш қуришига фақат уларнинг севги-муҳаббатига асосланиб рухсат бериш нотўғри. Турмуш қураётган йигит ёки қизда руҳий касаллик борми-йўқми, невропатолог, тиббий психолог ёки психиатр хулосаси қандай? Афсуски, буларга эътибор кўпинча турмуш қуришдан олдин эмас, балки оила бузилганидан сўнг берилади. Турмуш қурилганидан сўнг турмуш ўртоғи руҳий касал экани ва унинг ота-онаси тўйдан олдин фарзанди «айбини» яширганлиги оқибатида катта жанжаллар чиқиб, оилалар судлашиб юришади.
Ўрта ва катта ёшдагилар психогигиенаси кўпинча кишининг эгаллаб турган лавозими, касби ва иш фаолиятига боғлиқ. Бу даврда оила ва жинсий ҳаёт психогигиенаси алоҳида эътиборни талаб қилади. Икки-уч болали бўлган оилаларда ҳам ажралишлар кўп учраётганлиги нафақат иқтисодий, балки сексуал муаммолар билан ҳам боғлиқ. Айтиб ўтганимиздек, бу муаммони ўз вақтида Зигмунд Фрейд чуқур ўрганган. З. Фрейд жинсий ҳаётда бахтсизликка учраган оила психологиясини ўрганиб, жинсий ҳаёт нуқтаи назаридан инсонларда невротик бузилишнинг келиб чиқиш механизмларини ўз кузатувларига асосланиб ёритиб берди. Жинсий заифлик бор оилада бахтли ҳаёт бўлмайди, бу оила аъзолари нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрнини топиб кета олмасликлари мумкин. Эр-хотин орасидаги нафақат яхши муносабат ва хушмуомалалик, балки соғлом жинсий муносабатлар ҳам мустаҳкам оила негизи ҳисобланади.
Қариялар муаммоси ҳар қандай жамиятда кўндаланг турган муаммодир. Шу боис ҳам кўпгина давлатларда геронтопсихология яхши ривожланган. Доимо фаол ҳаёт кечириб келаётган киши нафақага чиқиб ишсиз қолганда, унинг руҳиятига катта зиён етиши мумкин. Чунки у психологик вакуумга тушиб қолади. Ушбу вакуум қандайдир фаолият билан тўлдирилиши керак. Бирор бир фаолиятга жалб қилинмай уйда ёлғиз қолган қариялар ишлаб юрган тенгдошларига қараганда тез қариб қолади. Шу боис ҳам қарияларни фаол ҳаётга жалб қилиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш ўта муҳим. Ҳеч бўлмаганда уларни ўзлари аввал ишлаган муассасада маслаҳатчи қилиб олиб қолиш, маҳаллага ёки боғдорчилик ишларига жалб қилиш зарур.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz)


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha