Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Пирамидал йўл

Пирамидал йўл


Пирамидал йўл 2 нейронли тузилишга эга. Биринчи нейронга марказий, иккинчи нейронга периферик мотонейрон дейилади. Марказий нейрон (1-нейрон) олдинги марказий пуштада, периферик нейрон (2-нейрон) орқа миянинг олдинги шохида ётади. Пирамидал йўл марказдан қочувчи, яъни эфферент йўл ҳисобланади. 
Марказий нейрон. 1-нейрон аксонлари пастга тушаётиб ички капсула орқали ўтади. Бунда орқа соннинг олдинги 2/3 қисмидан кортикоспинал (tr. corticospinalis), тизза қисмидан кортиконуклеар йўл (tr. corticonuclearis) ўтади. Бу иккала йўлга биргаликда пирамидал йўл (tr. pyramidalis) дейилади.
Пастга йўналган пирамидал йўллар мия оёқчалари, кўприк ва узунчоқ миянинг пастки қавати (basis) бўйлаб тушиб келади. Кортикоспинал йўллар мия устунининг базал қаватида латерал жойлашиб ўтса, кортиконуклеар йўллар медиал жойлашиб ўтади. 
Кортикоспинал йўлларнинг 80-85% узунчоқ миянинг орқа мияга ўтиш қисмида ўзаро кесишув (decussatio pyramidum) ҳосил қилади. Кесишиб орқа миянинг ён устунларига тушган йўлларга латерал кортикоспинал йўл (tr. corticospinalis lateralis) дейилади. Кесишмаcдан олдинги устунга тушган йўл олдинги пирамидал йўл (tr. corticospinalis anterior) дейилади. Иккала йўллар ҳам орқа миянинг олдинги шохларига бориб тугайди (3.1-расм).


3.1-расм. Пирамидал йўл. 1 – марказий пирамидал йўл; 2 – мия оёғи; 3 – Варолий кўприги; 4 – узунчоқ мия; 5 – орқа шох; 6 – олдинги шох; 7 – ён устун; tr. corticospinalis lateralis; 9 decussatio pyramidum.


Периферик нейрон. Орқа миянинг олдинги шохида периферик мотонейрон жойлашган. Олдинги шохда α-катта, α-кичик ва γ-мотонейронлар фарқланади. α-катта мотонейрон бевосита мускуллар ҳаракати, α-кичик мотонейрон мускуллар тонуси учун масъул. γ-мотонейрон эса интрафузал мускул толаларини иннервация қилиб проприорецептив импульсларни α-кичик мотонейронларга ўтказиб туради. 
Олдинги шох мотонейронлари аксонлари тўпланиб, унинг олдинги илдизчасини (radix ventralis) ҳосил қилиб чиқади ва кўндаланг-тарғил мускулларга боради.


Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси    © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha