Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ПСИХОГЕН ГИПЕРЕСТЕЗИЯ

ПСИХОГЕН ГИПЕРЕСТЕЗИЯ


Психоген гиперестезия психастения ёки неврастениянинг асосий симптомларидан бири саналади. Бундай беморлар ташқи одатий таъсирларга шу қадар сезгир бўлишадики, уларни қуёш нури, бироз кучли шамол эсиши,  автомобил товуши, телефон ёки эшикдаги қўнғироқнинг жиринглаши, болаларнинг шовқин-сурони ҳам қаттиқ безовта қилади. Одатда, бундай беморлар ҳар қандай товушдан эти жимирлаб кетиши, танасини худди ток ургандек бўлиши ва хатто бошда кучли оғриқ туришидан шикоят қилишади. Бундай беморнинг танасига қўл теккизиб бўлмайди, хатто врач текшираётганда ҳам сесканиб туради, чунки оғриқ кучайиб кетишидан қўрқади. Агар врач «Мен сизга текширмасдан туриб ташхис қўя олмайман», деса, бемор врачнинг қўлини ўзи ушлаб, танасининг оғрийдиган жойларига олиб боради. Уларнинг оёқлари доимо музлайди. Улар, одатда, ёзда ҳам пайпоқ кийиб юрадиганлар тоифасига киради. 
Танадаги гиперестезия соҳалари ички аъзолар касалликлари натижасида ҳам бўлиши мумкин. Бундай оғриқлар тананинг ҳамма жойида эмас, балки маълум бир соҳаларида кузатилади ва Хед-Захарин соҳалари деб аталади (1-расм).

Психоген гиперестезия, айниқса, бош терисида  яққол ифодаланган бўлади. Психоневроз билан хасталанган беморнинг бошини текшираётган врачнинг қўлини бемор итариб юборган. У бошида қаттиқ оғриқ пайдо бўлганидан шикоят қилиб, доктор қабулида 10 дақиқагача ўтириб қолган. Орадан 3-4 дақиқа ўтгач, «Оғриқ ўтиб кетдими ёки бирор оғриқ қолдирадиган дори берайми», деб сўралганда, бемор: «Йўқ, ҳозир ўзи ўтиб кетади, нега мендан сўрамасдан бошимни босиб қўйдингиз» деб врач ёрдамидан воз кечган.
Яна битта беморнинг тизза рефлекси неврологик болғача билан текширилаётганда, беморнинг оёғида кучли оғриқ пайдо бўлиб, юра олмай қолади ва бироздан сўнг ўтиб кетади. Психоген гиперестезиялар учун оғриқларнинг айнан танадаги сезгир нуқталарда пайдо бўлиши жуда хос. Масалан, тригеминал нуқталар, оёқларда йирик нерв толалари  шохчалари чиқадиган жой ва ҳ.к. Баъзан бехосдан айтиб қўйилган сўз ёки ташхисдан сўнг беморда ятропатик хусусиятга эга бўлган турли оғриқлар ва  гиперестезиялар пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Биз ўзимиз кузатган қуйидаги иккита бемор бунга мисол бўла олади. Иккала воқеа ХХ асрнинг 90-йиллари рўй берган. 
Д. исмли 18 яшар келин оилада юз берган фалокатдан сўнг ўзига ўзи пичоқ уради. Қориннинг иккита жойига урилган зарбадан сўнг бемор кўп қон йўқотиб, жарроҳлик бўлимига тушади. Беморга шу заҳоти кўрсатилган ёрдамдан сўнг ёш келиннинг ҳаёти сақлаб қолинади. Бемор тузалиб чиқади, бироқ унинг иккала оёғида оғриқ пайдо бўлиб, бу оғриқ борган сайин кучайиб боради ва оёқлар фалажланиб қолади. Беморни невропатологга кўрсатишади. У «Пичоқ орқа миядаги нерв толаларини ҳам шикастлаган» деб хулоса чиқаради ва даволаш чораларини тавсия қилади.
 Бемор бу ташхисни қўярда-қўймай ота-онасидан билиб олади ва беморнинг танасидаги оғриқлар белда ва оёқларда «тўпланади».    Беморнинг танасида оғриқ пайдо қилиш учун унинг танасига қўл теккизиш шарт ҳам эмас эди. Чунки оғриқлар усиз ҳам, айниқса, тунда ўз-ўзидан пайдо бўларди ва бемор оғриқ кучидан чинқириб йиғларди. Бемор баданини ҳатто чойшаб билан ҳам ёпишга қўймасди. Чунки чойшаб бирор жойига тегиб турса, оғриқ кучаярди. У қўрққанидан ўз танасига ўзи ҳам қўл теккизмасликка ҳаракат қилган. Бемор танасида тез-тез ва тўсатдан пайдо бўладиган оғриқларни кутиб, иккала қўли билан тўшакнинг чеккасидан маҳкам ушлаб ётарди. Шуниси эътиборлики, беморга бирор ёрдам керак бўлса, фақат катта акасига мурожаат қилган, бошқаларни (ота-онасини, укаларини) эса ёнига йўлатмаган. Бу ҳолатни психоген оғриқларга қиёсий ташхис қўйишда эътиборга олиш зарур. «Нега бундай қиласиз?» деган саволга бемор: «Акам ҳеч жойимни оғритмасдан ёрдам беради», деб жавоб берган. У уйга келган врачларни ҳам ёнига йўлатмаган. Бемор билан икки кун мобайнида суҳбат уюштирилиб, унинг психологик статуси ўрганилди. 
Бемор суҳбат чоғида ҳар гал: «Мени даволасангиз ҳеч жойимга тегмасдан даволайсизми?», «Орқа миям ҳақиқатан ҳам жароҳатланмаганми?» деб сўрарди. Бемор билан умумий тил топилгандан сўнг, беморда невростатус тўла текширилди: орадан бир неча ой ўтганига қарамасдан, беморнинг оёғида атрофиялар ва сезги бузилишлари йўқ  (умумий гиперестезиядан ташқари) эди, пай рефлекслари сақланганди. Энди энг асосийси, беморда  ятропатия белгиларини йўқотиш ва орқа мияда ҳеч қандай жароҳатланиш йўқлигига ишонтириш керак эди. Бу вазифанинг уддасидан чиққанимиздан сўнг бемор даволанишга катта ишонч билан қараб, тавсия қилинган барча муолажаларни ола бошлади. Бемор, асосан, психотерапевтик муолажалар ҳамда платсеботерапия усули билан даволанди ва бутунлай соғайиб кетди. 
Иккинчи воқеа ҳам ятрогенияга яққол мисол бўла олади. 
Бу воқеа вилоят шифохоналарининг бирида содир бўлган. Узоқ йиллардан буён асаб касалликлари врачи бўлиб ишлаб келаётган доктор ўзининг умр йўлдошига «Диск чурраси» деб ташхис қўяди. Тўйда тинмай юмуш қилган 40 ёшдан ошиб қолган бу аёлнинг белида кучли оғриқ пайдо бўлиб, икки кундан сўнг иккала оёғи ишламай қолади, тўғрироғи, кучли оғриқдан қўрқиб, оёқларини сира қимирлатмайди. Бунинг устига «Диск чурраси», асосан, операция йўли билан даволанилади деб ўйлаган беморда аффектив ҳолат янада авж олади. Оддий уколларни ҳам дод-войлаб оладиган бемор 5 ой мобайнида консерватив йўл билан даволанади. Ниҳоят, беморнинг турмуш ўртоғи уни операция қилишга розилигини олади ва Тошкентга келишади. Бемор нейрохирургия клиникасига ётқизилади ва ўша кечаси унга эпидурал оғриқсизлантириш қилинади (чунки оддий новокаинли блокадалар ёрдам бермасди). Эртаси куни беморга эпидурал миелография қилиниб, диск чурраси йўқлиги аниқланади ва беморга невропатологга мурожаат қилиш тавсия этилади. Беморда ҳар томонлама неврологик ва психологик статус текширилади. Унда аффектив бузилишлар оқибатида  ривожланган психоген гиперестезия  ва  радикулалгия  аниқланади. Бемор шу куннинг ўзида ўтказилган платсеботерапиядан тузалиб, шифохонадан чиқиб кетади. 
Савол туғилади: ятропатиялар узоқ (ойлаб, йиллаб) давом этиши мумкинми? Ҳа, албатта давом этиши мумкин. Даволаш усуллари муваффақиятсиз тугайверса, психоген касаллик нафақат узоқ вақт давом этади, балки зўрайиб ҳам боради. Бу психоген синдромлар қанча узоқ давом этса, даволаш ҳам шунча чўзилади дегани эмас. Ташхис тўғри аниқлангандан сўнг беморнинг психологиясига мослаб тузилган даво чоралари шу заҳоти ёки бир-икки кун ичида фойда беради. Касалликнинг давомийлиги бу ерда аҳамиятга эга эмас, аксинча, руҳий таъсир қилиш кучи аҳамиятлидир.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
            © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha