Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Тепа бўлаги ўсмалари

Тепа бўлаги ўсмалари


Орқа марказий пуштанинг орқасида жойлашган тепа бўлаги ўсмаларида мураккаб сезги, яъни стереогноз, локализасия ва танага чизилган фигураларни аниқлаш каби сезгилар бузилади. Тепа бўлагининг орқа марказий пуштага яқин жойлашган ўрта қисми (40-майдон) ўсмасида астереогнозия кузатилади.
      Чап тепа бўлагининг бурчак пуштаси (gyrus angularis) ўсмасида конструктив апраксия, алексия, акалькулия, чекка усти пуштаси (gyrus supramarginalis) ўсмасида кинестетик ва фазовий апраксиялар (апракто-агнозия) аниқланади. Апрактоагнозия Герстман синдроми деб ҳам аталади ва унинг асосий белгиси чап ва ўнг томонларни фарқлашнинг бузилиши ҳисобланади. Герстман синдроми – оптик-фазовий агнозиянинг асосий клиник синдромларидан бири.
    Тепа бўлаги зарарланиши учун патогномоник симптомлардан бири – бу “тана схемаси” бузилиши. Бу синдром, асосан, субдоминант ярим шарнинг париетал соҳаси зарарланиши учун хос бўлиб, қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади:   1) аутотопогнозия – ўз танаси қисмларини билмаслик ёки уларни нотўғри (катта, кичик ёки бошқа буюмдек) қабул қилиш; 2) анозогнозия – ўз танасидаги дефектларни (масалан, гемипарезни) инкор қилиш, англамаслик; 3) псевдополимелия – ортиқча қўл-оёқлар бордек тасаввур қилиш.
    Ўсма орқа париетал соҳа, яъни энса бўлаги билан чегарадош соҳаларни (37-, 39-майдонлар) эгалласа, унда оптик-фазовий агнозия ривожланади. Бу синдром ривожланганда бемор “чап-ўнг”, “юқори-қуйи” каби фазовий муносабатларни фарқлай олмайди. Масалан, беморнинг рўпарасида туриб “Менинг чап қўлимни кўрсатинг”, десангиз, у Сизнинг ўнг қўлингизни кўрсатади. Шунингдек, бемор кўчага чиққанда чап ва ўнг томонда жойлашган обйектларни адаштириб юборади. Баъзида оптик-фазовий агнозия “фазонинг бир томонини инкор қилиш” синдроми билан намоён бўлади. Обьект катта-кичиклиги қандай бўлишидан қатъи назар, бемор унинг ярмини кўради, холос, иккинчи ярмини эса “кўрмайди”, яъни инкор қилади. Обьектнинг бир томонини инкор қилиш синдроми ўнг ярим шарнинг париетал соҳаси ўсмасида кўп кузатилганлиги боис, бемор обьектнинг чап томони борлигини инкор қилади.



Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi
              ©www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha