Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Таламус ўсмалари

Таламус ўсмалари


Таламусдан алоҳида ўсувчи ўсмалар жуда кам учрайди. Таламус ўсмаси гемиалгия, гемигипестезия, гиперпатия, гемиатаксия, гемианопсия ва “таламик қўл” шаклланиши билан намоён бўлади. Бу симптомлар мажмуаси Дежерин-Русси синдроми деб аталади. Тананинг бир томонида кузатиладиган таламик оғриқлар жуда кучли бўлади. Аммо оғриқлар таламус зарарланиши учун патогномоник симптом эмас. Баъзида таламус ўсмаси оғриқсиз намоён бўлади, ҳатто гиперпатия кузатилмаслиги ҳам мумкин. Таламик оғриқлар, асосан, ўткир геморрагия ва яллиғланиш касалликларида кўп учрайди.
         Таламус ядролари стриопаллидар система билан жуда кўп йўллар орқали боғланганлиги учун таламус ўсмасида хореик ва атетоид гиперкинезлар, гипомимия ҳам ривожланади. Таламус психоэмоционал реакцияларни таъминлашда ҳам бевосита иштирок этади. Чунки таламус жуда кўп пўстлоқ марказлари ва лимбикоретикуляр система билан мустаҳкам алоқаларга эга. Шу боис таламус ўсмасида психоэмоционал бузилишлар кўп учрайди. Таламус хотира жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги учун ушбу соҳа ўсмаларида хотира бузилишлари кўп кузатилади.
        Таламусдан кўрув функцияси билан боғлиқ афферент йўллар ўтганлиги боис у зарарланганида кўрув галлюцинацияси ва оптик-фазовий агнозиялар вужудга келади. Таламус ўсмасида гемиатаксия баъзан шу қадар яққол намоён бўладики, у ҳатто мияча ўсмасида кузатиладиган атаксияга ўхшаб кетади. Бундай атаксияга псевдоцеребелляр атаксия дейилади. Бу типдаги атаксиянинг пайдо бўлиши миячани таламус билан боғлайдиган эфферент ва ички капсуланинг орқа сонидан ўтувчи булбо-таламо-кортикал йўллар зарарланиши билан боғлиқ. Ички капсуланинг орқа сони таламусга чегарадош жойлашган. Агарда таламус ўсмаси ички капсулага қараб ўсса, унинг орқа сонидан ўтувчи пирамидал йўллар зарарланиши ҳисобига гемипарез ривожланади.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha