Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Турк эгари соҳаси ўсмалари

Турк эгари соҳаси ўсмалари


Турк эгари соҳаси ўсмалари ичида энг кўп учрайдигани – гипофиз аденомаси ва краниофарингиомалар. Гипофиз аденомасининг асосий белгилари – битемпорал гемианопсия, кўрув нерви атрофияси ва турк эгари катталашуви. Ушбу симптомларни аниқлаган ҳар бир врач “Беморда гипофиз ўсмаси йўқмикан?” деган фикрга келади. Маълумки, гипофиз ўта муҳим нейроэндокрин аъзо ҳисобланади. Гипофиз гормонлари организмда кечадиган барча метаболик жараёнларда бевосита иштирок этади. Гипофиз ўсмалари унда ишлаб чиқариладиган гормонлар гиперсекрециясига сабабчи бўлади. Соматотроп гормон (СТГ) ортиқча ишлаб чиқарилса, акромегалия ривожланади.
     Акромегалияда беморнинг юзи, айниқса, бурни, пастки жағи, қўл панжалари катталашиб кетади. Адренокортикотроп гормон (АКТГ) гиперсекрецияси натижасида Кушинг синдроми ривожланади. Кушинг синдроми учун бесўнақай семириш, артериал гипертония, гипокальциемия, остеопороз, жинсий заифлик каби белгилар хос. Пролактин гиперсекрецияси аёлларда лакторея ва аменореяга олиб келса, эркакларда гинекомастия ва эректил дисфункцияни келтириб чиқаради. Қайси гормон гиперсекрецияси рўй бериши ўсма гипофизнинг қайси қисмида ўсганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Демак, гипофиз ўсмасида барча гормонлар миқдори бир хил тарзда ошавермайди. Бу соҳа ўсмаларида бош оғриғи, ИКГ ва кўрув нерви диски димланиши кам учрайди ёки кузатилмайди.
     Гипофиз аденомасини оператив йўл билан олиб ташлаш осон. Бу мақсадда, асосан, транссфеноидал усул қўлланилади. Шунингдек, нур ва дори билан даволаш усуллари ҳам ўтказилади.
      Краниофарингиома ҳам турк эгари соҳаси ўсмалари сирасига киради. Бу ўсма туғма бўлиб, гипофизар соҳа эпителиал ҳужайраларининг эмбрионал қолдиқларидан ўсади. Краниофарингиома турк эгарига нисбатан 2 хил тарзда жойлашади: экстрацелляр, яъни турк эгаридан ташқарида ва интрацелляр, яъни турк эгари ичида. Краниофарингиома, асосан, болалик ва ўсмирлик даврида учрайдиган ўсмадир. Бу ўсмалар жуда секин ўсади ва кўпинча, кистага айланади. Кистага кальцинатлар ҳам тўпланади.
   Касаллик клиникаси, асосан, битемпорал гемианопсия, кўришнинг пасайиши, адипозогенитал дистрофия ва бошқа гормонал бузилишлар, яъни гипотиреоз, қандсиз диабет, гипокортицизм, гипогонадизм, нанизм билан намоён бўлади. Ўсма секин ўсганлиги боис, бу симптомлар аста-секин шаклланади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                  © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha