Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ТАЪСИРЛАНГАН ИЧАК СИНДРОМИ

ТАЪСИРЛАНГАН ИЧАК СИНДРОМИ


Таъсирланган ичак синдроми (ТИС) – сурункали абдоминалгия, дисфория, метеоризм, қабзият ёки диспепсия билан намоён бўлувчи психосоматик синдром.  
       Эпидемиологияси. ЖССТ маълумотларига кўра, 20-26 % аҳоли ТИС билан касалланган. Бу синдром 20-40 ёшларда кўп кузатилади, касалланиш даражаси аёллар орасида 2 баробар кўп. Болалик ва ўсмирлик даврида ҳам касалланиш кўпаймоқда. Мутахассислар фикрича, ТИС аниқланган беморларнинг деярли ярми врачга мурожаат қилмайди. 
       Этиологияси ва патогенези. ТИС келиб чиқишининг асосий сабабчиси – бу доимий психоэмоционал стресслар. Шу боис ҳам ушбу синдром психосоматик бузилишлар сирасига киради. Доимий асабий-руҳий зўриқишлар, меланхолия ва шахснинг невротик типда шаклланиши касаллик ривожланишига туртки бўлади. Фикру хаёли ошқозон-ичак фаолиятига йўналтирилган шахслар (масалан, гастрофобия, канцерофобия) ҳам ТИС ривожланишига мойил бўлишади. Улар ҳар қандай гумонсираган овқатни тановул қилишса, дарров ичаклар дисфункцияси ривожланади. Бундай беморлар газли ва ширин ичимликларни кўтара олмайди, ёғли овқатларни ҳазм қила олмайди, спиртли ичимликлар қабул қилса зардаси қайнайди, кечаси билан қорин соҳаси безовта қилиб, ҳожатхонага қатнаб чиқади.  
      Агарда меланхоликлар ёки гастрофобия аниқланган одамлар гастрит, холетсистит, энтероколит ёки овқатдан заҳарланишларни бошидан кечиришса, уларда ҳам кейинчалик ТИС ривожланиши хавфи юқори. Бундай беморлар ушбу касалликлардан тузалиб кетишган бўлишса-да, ТИС дан азият чекиб юришади. Ҳар қандай стресс ёки психоемоционал чарчаш касалликни қўзғаб юборади. Бу эса гастроентерит, холетсистит ёки сурункали энтероколит каби ташхисларни узоқ йиллар мобайнида асоссиз қўйиб юришга сабабчи бўлади. ТИС аниқланган деярли барча беморлар ваготоник бўлишади, яъни ушбу синдром ривожланишида парасимпатик нерв системаси дисфункцияси устуворлик қилади. 
      Клиникаси. Қорин соҳасида сурункали оғриқлар, метеоризм, қабзият ёки диарея, ичакларнинг тўла бўшамаганлик ҳисси каби ҳолатлар ушбу синдромнинг асосий клиник белгиларидир. Баъзи ҳолатларда қабзият устунлик қилиб, ҳафтасига бор-йўғи 2-3 маротаба ич келса, бошқа ҳолатларда диспепсия кузатилади. Иккала вазиятда ҳам дефекация пайтида ичакларнинг тўла бўшамаганлик ҳисси мавжуддир. Қабзият пайтларида ахлат қумалоқдек бўлиб чиқади, кўп ел ажралади. Бемор ҳожатхонада ўтирган пайтларида киндик атрофини қўллари билан силайвериб, ёқимсиз сезги ва оғриқларни бартараф этишга уринади. 
       Баъзи беморлар тез-тез ва бетартиб овқатланишга ружу қўйишса, баъзилари овқат емай юришни ва шу йўл билан ушбу азобдан қутулиш йўлларини излайди. Уларда хавотирли – фобик бузилишлар билан бир қаторда апатия, депрессия, диққат тарқоқлиги, хотира сусайиши, бош оғриғи, бош айланишлар, томоққа бир нарса тиқилиб тургандек ҳислар, сурункали чарчаш синдроми, ёзда кўп терлаш, қишда эса оёқ-қўлларнинг музлаб юриши каби симптомлар пайдо бўлади. Баъзи беморларда ипохондрик хулқ-атвор шаклланадики, уларни узоқ муддат тиббий-психологик реабилитация қилишга тўғри келади. Деярли ҳар учинчи беморда псевдоурологик ва психосексуал бузилишлар кузатилади. Палпация пайтида деярли қорин соҳасининг барча қисмида оғриқ сезилади, бироқ бу оғриқлар кўпроқ йўғон ичак проекциясида аниқланади. 
        Клиник турлари. Қайси синдром устун келишига қараб ТИС шартли равишда 3 та клиник турга бўлиб ўрганилади: 1) қабзият; 2) диспепсия; 3) абдоминалгия.
        Ташхис ва қиёсий ташхис. Қуйидаги 3 та симптомни аниқлаш зарур: булар – сўнгги 6 ой мобайнида қорин соҳасида давом этувчи оғриқлар ва нохуш сезгилар, қабзият ёки диарея, ахлат шаклининг ўзгариши, дефекациядан сўнг оғриқлар камайиши. ТИС ташхисини қўйишда қуйидаги вазиятга алоҳида урғу бериш керак: дефекациядан олдин қорин соҳасидаги оғриқлар ва нохуш сезгилар кучли, дефекациядан сўнг эса улар кескин пасаяди. Шунингдек, абдоминал симптомларнинг психоэмоционал бузилишлар билан боғлиқлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. ТИС ташхисини қўйишда, табиийки,  психологик анамнезни чуқур ўрганиш зарур.
      Агар беморда касаллик белгилари 50 ёшдан кейин бошланса, анорексия – озиш билан намоён бўлса, сурункали диарея, субфебрилитет, ахлатда эритроцитлар пайдо бўлса, ТИС ташхисини инкор қилишга тўғри келади. Бунинг учун колоноскопия, УТТ ва лаборатор текширувлар ўтказилади. Қиёсий ташхис гастрит, гастроентерит, энтероколит, холецистит, ичак ўсмалари, эндокрин энтеропатиялар билан ўтказилади.
      Даволаш. ТИС ташхиси аниқ қўйилгач, биринчи навбатда, тиббий психолог томонидан психотерапевтик даволаш муолажалари олиб борилади. Бунинг учун беморнинг психологик статуси ва шахс типи мукаммал ўрганилиб, индивидуал психотерапевтик дастур асосида даволаш ўтказилади. Рационал психотерапия антидепрессантлар билан биргаликда олиб борилса, самараси янада юқори бўлади. Айниқса, беморда ошқозон-ичак системасининг органик касаллиги йўқлиги, мавжуд симптомлар руҳият билан боғлиқ эканлигига беморни ишонтириш ундаги фобия ва хавотирни бартараф этишга имкон яратади. Бундай беморларда даволаш самарали кечади. 
ТИС билан беморлар тиббий психологга эмас, балки  терапевтга мурожаат қилишини ҳар доим эсда тутиш керак. Демак, психотерапияни ўринли қўллай оладиган терапевт ТИС аниқланган беморни ўзи мустақил равишда самарали даволай олади. Айниқса, психотерапияни плацеботерапия билан биргаликда ўтказиш юқори натижа беради. Ҳар қандай психотерапевтик ёндашув мияда ижобий доминант ўчоқни ярата олиши керак. Акс ҳолда психотерапия  таъсири ўта суст ёки бефойда бўлади.
       Парҳез. Ичакларда газ ҳосил қилувчи озиқ-овқатлар (нўхат, ловия, картошка, узум, карам, қовун) ва ичимликлар (квас, сут, кола, фанта, спрайт ва ҳ.к.) истеъмол қилиш чекланади ёки тақиқланади. Қийин ҳазм бўладиган ёғли овқатлар ҳам чекланади. Спиртли ичимликларнинг ҳеч қайсиси, айниқса пиво ва вино мумкин эмас. ТИС қабзият билан намоён бўлса, янги мева ва сабзавотлардан тайёрланган салат, бўтқа ва шарбатлар (айниқса олхўри, беҳи) қабул қилиш лозим бўлади. Шунингдек, гречка (қора буғдой), сули ёрмасидан қилинган бўтқалар, ўсимлик ёғида тайёрланган енгил ҳазм бўлувчи овқатлар кундалик овқат рационидан ўрин олиши керак.
ТИС диарея билан намоён бўлса, мевали-сабзавотли кисел, аччиқ чой, қурутилган оқ нон, гуручли бўтқа, ёғсиз мол, товуқ ёки балиқ гўштидан қайнатма шўрва, олмали ёки бананли пюре тавсия этилади. Дисбактериозларда пребиотиклар кўп қўлланилади. Пребиотиклар ичакдан сўрилмайди. Пребиотиклар ичакларнинг нормал микрофлорасини сақлаш учун фойдали микроорганизмлар ўсишини таъминловчи моддалардир.
        Фармакотерапия. Антидепрессантлардан флуоксетин 20 мг, феварин 50 мг ёки сертралин (стимулотон) 50 мг: бирортаси танлаб олинади ва 2-3 ой мобайнида тавсия этилади. Бу дорилар хавотир, фобия ва депрессия симптомларини бартараф этиш билан бир қаторда, вегетотроп таъсирга ҳам эга бўлиб, турли хил вегетатив-висцерал бузилишлар ва оғриқли синдромларни бартараф этади.  
        Оғриқларни олиш учун дюспаталин 1 капс. (200 мг) кунига 2 маҳал овқатланишдан ярим соат олдин бир стакан сув билан ичилади. Қабзиятда метоклопрамид 2 мл (10 мг) венадан ёки мушак ичига қилинади ёки 1 табл. (10 мг) кунига 2-3 маҳал овқатдан ярим соат олдин қабул қилинади. Домперидон (мотилиум) 1 табл. (10 мг) овқатдан олдин кунига 3 маҳал қабул қилинади.  Дюфалак 20 мл кунига 2-3 маҳал ичилади. Кечқурун ётишдан олдин ҳам 1 табл. ичиб ётиш тавсия этилади. Диареяда лоперамид 2-4 мг дан кунига 4-6 маротаба жуда кам сув билан ичилади. Метеоризмни бартараф этиш учун таркибида фаоллашган кўмир сақловчи дори воситалари ва бошқа турдаги энтеросорбентлар тавсия этилади.
      Профилактикаси ва прогноз. Маълумки, соғлом турмуш тарзи – барча касалликларнинг олдини олишда асосий воситадир. Айниқса, ТИС каби касалликларда бунинг ўрни жуда катта. Стрессдан ўзини сақлаш ва парҳезга риоя қилиш таъсирланган ичак синдромининг олдини олишда ҳам, тезроқ тузалиб кетишда ҳам ўта муҳим омиллардир. Таъсирланган ичак синдроми билан беморлар тиббий психолог назоратида туриши лозим.



Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
            © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
               ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha