Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ТАФАККУР ВА АҚЛ БИР ХИЛ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИМИ?

ТАФАККУР ВА АҚЛ БИР ХИЛ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИМИ?


Нима учун баъзилар юқори тафаккур эгаси бўлади-ю, бошқа бировлар қанчалик уринмасин етукликка эриша олмайди. Тафаккур даражаси наслга боғлиқми? Етук тафаккурга эга бўлиш учун кучли хотирага эга бўлиш керакми? Хотира билан тафаккур орасида қандай боғлиқлик бор? Тафаккур нима учун пасаяди? Нима учун ақли заиф болалар туғилади ёки нима учун соғлом фикрлайдиган одамлар орасида ёши ўтгандан сўнг ақли заифлашиб борадиганлар бўлади? 
  Савол: Тафаккур ўзи нима?
  Жавоб: Қанийди, бу саволингизга қисқа иборалар билан жавоб бера олсам. Бу ўта мураккаб саволга ўтмишнинг буюк алломалари-ю, ҳозирги замоннинг етук олимлари ҳам мукаммал жавоб бера олмаган. Тафаккурни изоҳлаб бериш мумкин, бироқ унга тўлақонли таъриф бериш ўта мушкул. Мен бундан бир неча йиллар олдин республикамизнинг кўзга кўринган йирик олими билан учрашиб қолдим. У киши менга афсонаомуз қизиқ бир воқеани айтиб берди. 
   Қадимда бир файласуфнинг жуда ўткир ва қизиқувчан шогирди бўлган экан. У кўп нарсага қизиқаркан ва кўп нарсани билишни хоҳларкан. Шогирд саволлар беравериб устозини тинч қўймас экан. Бир куни шогирд китоб мутолаа қилаётиб мизғиб қолибди. Тушида ундан бир дарвеш сўрабди: “Эй, ақлли йигит! Сен кўп китоб мутолаа қиласан. Сени ақлли йигит дейишади. Қани айтчи, ақл нима ўзи?”. Йигит қанча уринса ҳам бу саволга жавоб бера олмай ярим тунда уйғониб кетибди. У эрта тонггача бу савол ҳақида ўйлаб, жўяли жавоб топа олмабди. У ақл нималиги ҳақида жавоб олиш учун эрта саҳарда устози ёнига отланибди. Шогирд устозидан сўрабди: “Устоз, ақл нима ўзи?”. Шунда устоз ақл ҳақида узоқ сўзлай кетибди. Устоз ақл нималигини ўз шогирдига яхшироқ тушунтириш учун ақлли ибораларга бой ҳикоя ва маталларни мисол қилиб, узоқ тарифлабди. Устознинг ақл ҳақидаги узундан-узоқ изоҳларини эшитавериб, шогирднинг ақли озай деб қолибди. Шогирдининг бу аҳволига ачинган устоз: “Кел, шогирдим бор ақлидан ҳам айрилмасин” деб ақл ҳақидаги тушунтиришларини тўхтатибди. Шунда шогирд сўрабди: “Устоз, нега жим бўлиб қолдингиз?”. Устоз жавоб қайтарибди: “Ўғлим, ақл ҳақида фақат ақлсизларгина узоқ ваъзхонлик қила олади. Кел, шу мавзуни тўхтақолайлик”. Шу-шу ақлга таъриф беришдан донолар ўзини тияр эканлар. 
     Эътибор қилсангиз фалсафа, педагогика, психология, психиатрия, неврология, нейробиология, диний китобларда ҳам ақл ва тафаккур ҳақида маълумотлар берилади. Тафаккурни жуда кўп фанлар ўрганса-да, тинимсиз илмий-тадқиқот ишлари олиб борилса-да, унинг механизмлари ҳанузгача тўла-тўкис ўрганилмаган. Бироқ тафаккур олинган илм ва тажрибалар асосида шаклланишини алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим.
     Савол: Сиз тафаккур олинган илм ва тажрибалар асосида шаклланади дедингиз. Бироқ баъзи болалар 3-5 ёшлигидан ақлли иборалар айтадиган бўлишади, ўз тенгдошларидан илгарилаб кетишади. Бунга нима дейсиз? Тафаккур наслга боғлиқми? 
   Жавоб: Мен “Эпилепсия” ва “Бебош бола синдроми” ҳақида берган интервюларим ва “Тиббиёт психологияси” номли китобимда бу тўғрида етарли маълумотлар берганман. У ерда Алишер Навоий, Имом ал-Бухорий, Мосарт, Бах каби буюк даҳоларда истеъдод куртаклари эрта болалик давридан кўзга ташланганлиги ва бу ҳолатнинг асл илдизлари ҳақида сўз юритилган. 
    Талант куртаклари ёки тафаккурнинг илк нишоналари ҳақиқатан ҳам баъзиларда эрта болалик давридаёқ кўзга ташланади. Бироқ эрта мактаб ёшидаги бола ёмон ўқиса ёки бебош бўлса, боладан умид узиш керак эмас. Чунки баъзиларда инсонни ҳайратда қолдирадиган қобилият аломатлари кейинроқ вужудга келади. Масалан, А.Эйнштейн мактабда ёмон ўқиганини кўпчилик билади. Демак, бола тарбияси ва ўқишидан ҳеч қачон умид узмаслик керак. Сизни хафа қилиб мактабда ёмон ўқиётган бола кейинчалик машҳур инсон бўлиб кетиши мумкин. 
    Тафаккурнинг наслга боғлиқлиги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, тафаккур бус-бутунлигича наслга боғлиқ бўла олмайди. Унинг қайсидир қирралари наслга боғлиқ бўлиши мумкин. Дунёни лол қолдирган буюк алломаларнинг ота-оналари оддий косиб ёки темирчи бўлганлиги ва аксинча, ўта иқтидорли одамларнинг фарзандлари саводсиз бўлиб етишиши мумкинлигини кўпчилик билади. Эрта болалик давридан ақлли иборалар айтадиган баъзи болалар 5-6-синфга бориб, китоб ўқимайдиган бўлиб қолиши ва ҳатто мактабни зўрға тамомлаши ҳам сир эмас. Демак, бу тушунчага нисбий қараш керак.
      Бола, одатда, барча фанларни бир хил тарзда яхши ўзлаштира олмайди. У қайсидир фандан яхши ўқиса ёки қайсидир тўгаракка (устачилик, тикувчилик, пишириқ тайёрлаш, мусиқа, расм солиш, спорт) қизиқса, асосий урғуни шу йўналишга бериш лозим. Расмни чиройли қилиб чизадиган ёки скрипкани қойилмақом чаладиган болага математика ёки физикани ўқишга мажбурлаш энди дунёга келаётган истеъдодни йўққа чиқариши мумкин. Ўзига ёқмаган иш билан шуғулланишга мажбур этишнинг оқибатлари ёмон бўлади. 
    Савол: Ҳамма кучли хотира соҳиби бўлишни орзу қилади. Хотира ва тафаккур орасида қандай боғлиқлик бор? Тафаккур кучли бўлиши учун хотира кучли бўлиши шарт дейишади. Шу тўғрими?
   Жавоб: Нотўғри. Хотира тафаккур ривожланишининг дастлабки босқичларида асосий аҳамиятга эга. Хотира ҳам тафаккурга ўхшаган мураккаб жараёнлардан иборат. Унинг турлари ҳам кўп. Масалан, оператив ёки қисқа муддатли хотира (асосан, эслаб қолиш учун масъул бўлган) ёшларда кучли бўлса, семантик хотира (маъно ва тушунчаларга масъул хотира) катта ёшдагиларда кучли ифодаланган бўлади. Баъзиларда кўриш, баъзиларда эшитиш, баъзиларда таъм билиш хотираси кучли бўлади. 
    Хотираси кучли одамнинг тафаккури ҳам кучли бўлади деган ақида ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Умумлаштириб оладиган бўлсак, талабанинг хотираси институтдаги домланинг хотирасидан, мактаб ўқувчисининг хотираси эса талабанинг хотирасидан кучли. Бироқ мактаб ўқувчисидан талабанинг тафаккури, талабанинг тафаккуридан институтда дарс берадиган домланинг тафаккури яхши ривожланган. Оддий қилиб айтганда, хотира элементлари – бу ош қилиш учун тўпланган масаллиқлар (сабзи, гўшт, гуруч ва ҳ.к) бўлса, тафаккур ош қилиш жараёнининг ўзини билдиради. Ошга қандай масаллиқлар кераклигини ҳамма билади, бироқ ҳамма ҳам ошни маромига етказиб тайёрлай олмайди. 
   Савол: Талабалар тест саволларини бир зумда ёдлаб, яхши баҳолар олишади, бироқ оғзаки савол-жавобларда қийналишади. Бу нима билан боғлиқ?
  Жавоб: Тўғри! Аксарият талабалар 1000 та тестни бир кунда ёдлаб олишади ва эртаси куни компютер орқали қабул қилинган имтиҳондан муваффақиятли ўтишади. Чунки бу ерда қисқа муддатли хотира ишга тушади. Қисқа муддатли хотиранинг вазифаси ахборотни қисқа муддат сақлашдан иборат. Вазифа бажарилганидан кейин мияда хотира излари ўчирилсин деган буйруқ ишга тушади. Агар 5 баҳо олган талабадан уни огоҳлантирмасдан 3 кундан кейин худди шу саволларни компютерга қўйиб, яна имтиҳон олсангиз, у имтиҳондан ўта олмайди. Шу боис ҳам унга қисқа муддатли хотира дейишади. 
    Маълумки, имтиҳонлар оғзаки усул билан ҳам қабул қилинади. Оғзаки имтиҳондан ўтиш учун талабага семантик хотира зарур. Семантик хотира – бу деярли тафаккур дегани. Семантик хотира шаклланиши учун барча хотира механизмлари (айниқса, узоқ муддатли хотира) изга тушади. Шунинг учун оғзаки имтиҳон билан компютерда тест орқали топширилган имтиҳон баҳолари орасида катта тафовут бўлади. Ўқитувчилар орасида педагогик кенгашларда бўладиган тортишувлар ҳам мана шундан келиб чиқади. Тез фурсатда ёдлаб олинадиган 1000 та тестдан, семантик хотирани ишга солувчи 100 та тест афзал! Бу ҳақда институтда дарс берадиган педагоглар ўйлаб кўришса, яхши бўларди. 
   Савол: Нима учун буюк инсонлар кўпинча паришонхотир бўлишади? Шу ўринда тафаккур пасайиб боришининг сабабини ҳам айтиб ўтсангиз.
   Жавоб: Ҳақиқатан ҳам кучли илм соҳиблари паришонхотир бўлишади. Паришонхотирлик – бу диққат тарқоқлиги ва хотиранинг енгил бузилишидир. Кучли олимлар доимо хаёл суриб юришади, кўп ихтиролар моделини хаёл суриб яратишади, ғоялар доимий хаёл суришлар орқали дунёга келади, хаёл суришлар тунги уйқусизликлар сабабчиси ҳамдир. Бунинг натижасида атрофдагилар билан бўлаётган савол-жавоблар ва гап-сўзларга гўёки диққатини қаратмайди. Диққат қилинмаган нарса эсда сақланмайди. 
     Бу ерда орзу билан хаёлни чалкаштирмаслик керак. Орзу – бу бизнинг атрофимизда учиб юрадиган ширин хаёл. Уни ушлаш керак, агар ушламасангиз, “пайпаслаб кўрмасангиз” ва ишга солмасангиз қуруқ орзу бўлиб қолаверади. Ғоя эса амалга ошган хаёлдир. Юксак тафаккур эгаларида хаёл кўп ҳолларда ғояга айланади. Тасодифан яратилган ғоялар оддий бир хаёллар негизида юзага келади. Бунинг орқасидан қанчалик буюк шахслар Нобел мукофотига сазовор бўлишган. Марк Твен, Альберт Эйнштейн ажойиб ҳаёлпараст бўлишган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 
   Бироқ паришонхотирлик оддий одамлар орасида ҳам кузатилади. Баъзи одамларнинг (айниқса, 40–50 ёшдан ошганларнинг) диққати тарқоқлашиб, хотираси пасайиб, тафаккур доираси торайиб боради. Ёш ўтган сайин бу ҳолат кучая бошлайди. Хотира ва тафаккурнинг бундай бузилишлари атеросклероз, энсефалопатия, бош мия жароҳатлари, гипертония касаллиги каби ҳолатларда учрайди. Катта ёшдагиларда тафаккур пасайишига деменсия деб айтилади.   Деменция Алсхаймер касаллигининг асосий белгисидир. Болаларда учрайдиган ақлий заифликка олигофрения дейилади. Олигофрения туғма бўлади ёки турли бош мия касалликлари сабабли ривожланади. Қариндош-уруғлар орасида турмуш қуриш ҳам ақлий заиф болалар туғилишига сабабчи бўлади.
   Савол: Сиз хотира ва тафаккур бузилишлари катталар учун хос деб айтдингиз. Менинг бир ўртоғим ёш бўлса ҳам ўта паришонхотир, кўп нарсани эслаб қола олмайди, матнларни ҳадеб ёдлайверади. Бунга нима дейсиз?
   Жавоб: Тўғри! Диққат ва хотира бузилишлари ёшларда ҳам кўп учрайди. Бироқ бу бузилишларнинг сабаби бош мия касалликлари бўлмаслиги мумкин. Ёшларда учрайдиган диққат ва хотира бузилишларининг асосий сабаби – бу невроздир. Уларга хотирани кучайтирувчи дорилар ёрдам бермайди. Улардаги неврозни бартараф этиш, унинг сабабларини излаб топиш, турмуш тарзини бир маромга келтириш, секин-аста эслаб қолиш қобилиятини тиклайди. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 
    Яқинда клиникамизга 23 яшар ишбилармон аёл мурожаат қилди. Ҳеч нарсани эслаб қола олмайман, ҳеч қайси даволаш усуллари ёрдам бермаяпти деб сиқилди. Ҳамма текширувлардан ўтиб келибди. Мен унинг неврологик ва нейропсихологик статусини текшириб, ЭЭГ ва МРТ хулосаларини кўриб чиқдим. Унда хотира бузилишига сабаб бўладиган ҳеч қандай касаллик аниқланмади. Унга “невроз” деб ташхис қўйишга тўғри келди. Ишга шўнғиган бу аёл кунига 12 соат тинмай ишларкан. Шу жадалликда ишлаган аёл бир неча ойлардан сўнг жаҳлдор ва жиззаки бўлиб қолади, секин-аста хотираси пасая бошлайди. Бундан нафақат қўл остида ишлайдиган ходимлари, балки оила аъзолари ҳам азият чека бошлайди. Узоқ психологик суҳбатлардан сўнг мен унга оддий тинчлантирувчи дорилар ёзиб бердим ва турмуш тарзини ўзгартириши лозимлигини айтдим. Орадан бир ойлар ўтиб, унинг хотираси тиклана бошлади. Демак, оғир бузилишларнинг давоси оддий усуллар ва турмуш тарзини тўғри олиб боришдан иборат бўлиши мумкин.
   Савол: Тафаккур ва ақл бир хил маънони англатадими? Улар синоним тушунчаларми?
   Жавоб: Ақл тафаккурнинг синоними эмас. Ақл ва тафаккур бир-бирига яқин иборалар бўлса-да, улар битта маънони англатмайди. Ақл тафаккурга қараганда кенгроқ маънони қамраб олган. Ақл – инсон учун хос бўлган барча олий фазилатлар йиғиндиси. Масалан, илмнинг қайсидир соҳаси бўйича илгарилаб кетган, бир қанча шогирдлар чиқарган профессор юқори тафаккур эгаси бўлиши ва шу билан бирга унинг хулқи бузуқ бўлиши мумкин. Уларни халқимиз орасида ўта илмли дейишади, бироқ ақлли одам дейишмайди. 
    Энди оддий мактаб ўқитувчисини олайлик. Унинг тафаккур даражаси ҳалиги профессор даражасида бўлмаслиги мумкин. Бироқ у одобли, каттани ҳурмат, кичикни иззат қиладиган, болаларга меҳрибон, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай оладиган, маҳаллада ҳамманинг ҳурматини қозонган, фарзандлари ва невараларига яхши тарбия берадиган, ўзининг хулқи билан барчага ибрат бўладиган одам. Агар мана шу иккала одамни ўртага қўйиб, қай бири ақлли деб сўралса, албатта, мактаб ўқитувчисини танлаган бўлар эдингиз. 
    Кўриб турганингиздек, тафаккур ва ақл бир-бирига синоним эмас. Ўта илмли одамнинг хулқи бузуқ бўлиши мумкин ва бунга ҳеч ким таажжубланмайди. Бироқ ақлли одамнинг хулқи бузуқ бўлмайди. Агар хулқи бузуқ бўлганда эди, уни ақлли одам тоифасига киритишмасди.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha