ТАФАККУР


Борлиқни ўрганиш сезиш ва идрок қилишдан бошланади. Бизни ўраб турган дунёни сезги аъзоларимиз орқали қабул қиламиз ва идрок этамиз, ҳодисалар ва нарсаларни, улар орасидаги боғланишларни онгимизда акс эттирамиз, фикрлаймиз. Хўш, тафаккур нима? Тафаккурни изоҳлашга оид бир қанча назариялар мавжуд. Уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз.
    Бихевиоризм (ингл. хулқ-атвор дегани) тарафдорлари фикрлашнинг хулқ-атворга оид назариясини илгари суришган, яъни тафаккур ҳам худди нутқ каби ҳаракат фаолияти билан боғлиқ дейишган. Масалан, дарс қилиб ўтирган боланинг лаблари қимирлаб туриши ёки бирор бир муаммо устида кучли фикр юргизаётган одам столга қўллари билан тўқиллатиб уриб ўтириши ёки хонанинг у ёғидан бу ёғига ҳадеб юравериши ва ҳ.к Демак, ҳаракат билан тафаккур орасида бевосита боғлиқлик бор. Масалан нечоғлик мураккаб бўлса, миядаги нейронлар фаоллиги шунчалик юқори бўлади. Бу ҳолат ҳозирда фМРТ ёрдамида яхши исбот қилинган.    Ҳатто пўстлоқнинг қайси соҳалари қандай тафаккур операцияларида қандай фаоллашувига оид материаллар қўлга киритилган. 
    Когнитив психология тарафдорлари оламни ва ўз-ўзини англаш жараёни дастлаб ҳиссиёт ва ҳаракат тусида намоён бўлади, деб ҳисоблашади. Борди-ю, идрок этиш воқеликни бевосита ўрганишга ёрдам берса, тафаккур эса буюм ва ҳодисалардаги умумийликни акс эттириб, айрим буюмларга нисбатан умумлаштиришни қўллайди. Бу воқеликни бевосита эмас, балки билвосита ўрганишдир. Тафаккур идрок этишдан ва тасаввурдан кўра кенгроқ бўлиб, уни биз тасаввур эта олмайдиган ҳодисалар қамраб олиши мумкин. Масалан, ерда ҳаёт пайдо бўлиши тўғрисида биз миллионлаб йиллар ҳақида фикр юритамиз, ҳолбуки, аслида миллион йил нималигини тасаввур этиш амримаҳол. 
     Тафаккур, бошқа руҳий жараёнлар сингари, мия маҳсули бўлиб, бош мияда амалга оширилади. Табийки, ҳозирги вақтда бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Маълумки, бош мия касалликларида фикрлаш бузилади ёки боланинг миясида туғма нуқсон бўлса, у фикрлашдан орқада қолиб ривожланади. Ҳозирда фМРТ ёрдамида бош мияда турли хил маълумотларни фикрлаш мобайнида қандай кимёвий элементлар иштирок этиши ва қайси нейронал гуруҳлар фаоллашувига оид материаллар қўлга киритилган. 
     Тафаккур ривожланишида диққатнинг аҳамияти ҳам жуда катта. Диққат бир жойга тўпланмаса, фикрлаш ҳам изчил ва унумли бўлмайди. Тафаккур иродага ҳам алоқадор. Чунки мушкул масалаларни ҳал этиш учун одамга катта ирода кучи талаб қилинади. Тафаккур сезги билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Чунки юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, билиш жараёнлари дунёни сезиш ва идрок этишдан бошланади.
     Тафаккур одамнинг бошқа руҳий функциялари сингари, тарбия, ўқиш ва меҳнат фаолияти таъсири остида ҳамда бошқа одамлар билан доимо мулоқотда бўлиш жараёнида тараққий этиб боради. Шундай қилиб, тафаккур нафақат биологик, балки ижтимоий воқелик ҳамдир. Адабиётлардан маълумки, ўрмонда адашиб қолган жажжи бола бир қанча йиллар мобайнида одамлар билан мулоқотда бўлмасдан, ҳайвонлар орасида яшаган. Унда фикрлаш қобилияти ўта паст бўлган.    Шунга ўхшаш болалар Ҳиндистонда ўрганилган эди. Бу ҳақда “Маугли” номли мултфилм ҳам ишланган. Маълум бўлишича, бундай болаларда тушунса бўладиган на нутқ, на фикрлаш бўлган. Улар ақлий жиҳатдан жуда ҳам суст ривожланган.    Уларнинг ўзини тутиши, хулқ-атвори кўпроқ ҳайвонларникига ўхшаб кетган. Бундай болалар одамлар орасига қайтарилганда ҳам, уларнинг одамлардек яшаши ва тараққий этиши жуда қийин кечган. 
     Жамиятга ақлли роботларнинг жадал кириб келиши, сўз билан алоқа ўрнини компютерлашган дистант алоқа воситалари, дейлик андроидлар эгаллаб бораётгани инсонларнинг тафаккур доирасини кенгайтириб юборяпти. Бироқ бундай воситалар (смартфон, планшет ва ноутбуклар)  ёш болалардаги фикрлаш фаолиятининг физиологик ва биологик қонунларга мос равишда риожланишини издан чиқариб юбормоқда. Одам биологик муҳитдан узоқлашиб, андроидлар дунёсига ғарқ бўлмоқда, у кўпроқ роботлар дунёсига қарам бўлиб бормоқда. Бундай тараққиётнинг салбий таъсирлари болаларда билиш жараёнларининг номутаносиб ривожланишига туртки бўлади. Ҳиндистон ўрмонларида узун дарахтзорлар ва онгсиз мавжудотлар билан алоқа қилмай ўсган бола, яъни мауглини инсонлар орасига қўшишдаги қийинчиликлар ҳар биримизга аён. Маугли ўзига яшаш учун яна ўрмонзорни маъқул кўрди.
      Бундан 10 йиллар олдин ўзим кузатган 6 ёшли боладаги хулқ-атвор ва патологик тарзда ўзгарган тафаккур доирасини ўрганиб, маугли кўз олдимга келди. АҚШда истиқомат қилаётган ватандошимиз чақалоқлик давридан боласини планшет билан тарбиялаган. Олти ёшга тўлган боланинг ғалати хатти-ҳаракатлари ва тафаккур доирасидан чўчиган буваси (ўзи олим одам) боланинг ота-онаси билан биргаликда менга кўрсатгани олиб келишди. Унда ўтказган нейропсихологик текширувларим натижасида бу болада ёшига мос бўлмаган тафаккур доираси, нутқ ривожланишининг орқада қолиши ва ҳиссий реакцияларнинг илгарилаб кетишининг гувоҳи бўлдим. Беихтиёр   маугли кўз олдимга келди. Ўзбекистонда яна 3 нафар шундай болани кузатиб,  “Замонавий маугли” синдроми деган янги бир касалликни фанга киритиш лозим деб топдим. Гап қўл телефонлари сабабли ҳулқ-атвори кескин бузилган болалар ҳақида кетмаяпти. Албатта, бундай болалар сон-саноқсиз.    Гап ҳақиқатан ҳам инсонлар учун хос бўлган нутқ ва у билан боғлиқ бўлган олий руҳий функцияларнинг орқада қолиб, ҳайвонлар учун хос бўлган ҳиссий реакциялар яққол уфуриб турган бола ҳақида боряпти. 
        Жамиятни роботлаштиришнинг илдамлаб кетиши келажакда “Маугли синдроми” билан касалланган болалар сонининг кескин ошишига сабабчи бўлади. Шундай болаларни яратаётган жамият ва ота-оналарнинг бу янги касаллик билан курашишга кучи етмайди. Бу ерда нейропсихолог ёрдами албатта керак бўлади. Бу синдром яқин келажакда тиббиёт ва психология дарсликларида ўрин олса керак. Демак, ушбу синдромнинг этиопатогенетик механизмлари, клиникаси, психодиагностикаси, психотерапияси ва психореабилитациясини мукаммал ўрганиб, халқаро касалликлар таснифига киритиш лозим деб ҳисоблаймиз.
     Тафаккур бузилиши. Бош миядаги интегратив жараёнларни издан чиқарувчи ҳар қандай касаллик тафаккур бузилишига олиб келади. Тафаккур бузилишининг клиникада кўп учрайдиган турлари билан танишиб чиқамиз.
      Олигофрения – тафаккурнинг туғма заифлиги бўлиб, оғир-енгиллиги бўйича турли даражада ифодаланади: дебиллик, имбециллик, идиотия. Олигофрениянинг енгил даражада ривожланган тури дебиллик деб аталади. Уларда сабоқ олишга айрим қобилиятлар сақланиб қолади, улар махсус мактабларда таълим олишади. Бу болаларда нутқ функцияси сақланган бўлиб, баъзи ақлий операцияларни (масалан, ҳисоб-китоб) бажара олишади, механик хотираси сақланган бўлади. Умумлаштириш ва абстракциялаш суст ривожланган бўлади. Яратувчилик қобилияти ҳам паст бўлиб, улар фақат кам ақлий фаолият талаб қиладиган ишларнигина бажара олишади.
     Имбециллик — тафаккурнинг ўрта даражада бузилиши. Имбецил болаларнинг нутқ функцияси ва хотираси ўта суст бўлиб, улар бирор нарсани ўрганишда жуда қийналишади. Уларга сабоқ бериш жуда қийиндир. Уларнинг ҳаракатлари қўпол ва беўхшов бўлади. Бир неча сўзни ёзиш ва ўнгача санашни эплай олишади, холос. Бундай болаларда жисмоний заифлик ҳам кузатилади.
     Идиотия — тафаккурнинг ўта оғир даражада бузилиши бўлиб, ақлий фаолиятнинг чуқур бузилишларидан ташқари, жисмоний нуқсонлар ҳам кузатилади. Нутқ ҳам бузилган бўлади. Бемор ўзини идора қила олмайди ва доимо бировнинг ёрдамига муҳтож.
   Деменция — тафаккур бузилишининг орттирилган тури. Бунда барча когнитив функциялар турли даражада бузилади. Унинг асосий сабаблари: атеросклероз, Алсхаймер касаллиги, оғир энцефалопатиялар, краниоцеребрал жароҳатлар, алкоголизм, гиёҳвандлик, эпилепсия,  лакунар  инсулт. Деменциянинг енгил, ўрта ва оғир турлари фарқланади. Бу касалликнинг оғирлик даражасига қараб диққат, идрок, хотира ва фикрлаш жараёни бузилиб боради ва шахс деградацияси ривожланади. 

                                  Тафаккурни текшириш усуллари

                            1.    “Ортиқчасини чиқариб ташлаш” усули

          Мақсад: Фикрлаш доирасини аниқлаш. 
    Ўтказилиш тартиби: Синалувчига ҳар хил нарсалар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг номлари ёзилган қатор кўрсатилади. Номлар қатори шундай тузилиши керакки, синалувчи уларнинг ичидан маъно бўйича тўғри келмайдиган номларни чиқариб ташлаши керак.
     Кўрсатма: “Қуйидаги сўзларни ўқиб чиқинг. Маъно ва мазмуни жиҳатдан ушбу қаторга тўғри келмайдиган битта сўзни (номни) чиқариб ташланг. Сиз чиқариб ташлаган сўз (ном) нима учун ушбу қаторга тўғри келмаслигини тушунтириб беринг”.
     1.    Ўрдак, балиқ, товуқ, курка, хўроз.
     2.    Карам, сабзи, турп, олма, шолғом.
     3.    Китоб, дафтар, курси, блокнот, қоғоз.
     4.    Телевизор, радио, компютер, телефон, девор.
     5.    Арра, болға, мих, болта, бешик, теша.
     6.    Олтин, кумуш, мис, алюминий, темир.
     7.    Париж, Лондон, Берн, Рим, Токио, Копенгаген.
     8.    Австрия, Германия, Франция, Италия, Норвегия, Осло.
    9.    Қўй, ит, эчки, от, товуқ, хўроз, бўри.
   10.     Каҳва, чой, вино, сут, шарбат, бўтқа.
    Хулоса чиқариш: Агар қисқа муддат ичида ҳаммасига тўғри жавоб бериб изоҳлаб берса, фикрлаш доираси яхши (3 балл), топшириқни бажаришда бирмунча хатоликларга йўл қўйса, фикрлаш доираси қониқарли (2 балл), топшириқнинг маъно-мазмунига тушунмай уни бажара олмаса, фикрлаш доираси паст (1 балл) деб хулоса чиқарилади.  

             2.    “Танлаб кўрсатиш” усули

    Мақсад: Фикрлаш доирасини аниқлаш.
   Ўтказилиш тартиби: Синалувчига турли нарсалар (обьектлар) номи ёзилган қатор кўрсатилади. Синалувчи уларни диққат билан кузатиб обьектларнинг турли хусусиятлари бўйича кетма-кет жойлаб чиқиш керак.
   Кўрсатма:
  1. Учиш тезлиги бўйича кетма-кет жойлаштиринг: ракета, дрон, ўқ, вертолёт, самолёт.
  2. Ёруғлик даражаси бўйича кетма-кет жойлаштиринг: прожектор, фонар, ой, қуёш, лампа, шам.
  3. Секин юриши бўйича кетма-кет жойлаштиринг: қуён, тошбақа, типратикан, тимсоҳ, қоплон.
  4. Думининг узунлиги бўйича кетма-кет жойлаштиринг: туя, қуён, олмахон, типратикан.
  5. Танани иссиқ тутиш даражаси бўйича жойлаштиринг: майка, палто, кўйлак, костюм.
  6. Узунлиги бўйича жойлаштиринг: Тошкент телеминораси, Эйфел минораси, Рио-де Жанейро телеминораси, Останкино телеминораси.
  7. Ушбу вилоятларни ер майдонининг катталиги бўйича жойлаштиринг: Навоий, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Тошкент.
  8. Қайси аллома олдин туғилганлиги бўйича жойлаштиринг. Навоий, Амир Темур, Ибн Сино, Гиппократ, Огаҳий.
  9. Иссиқликни тез ўтказиши бўйича жойлаштиринг: мис, алюминий, олтин, темир.
   Хулоса чиқариш: Агар қисқа муддат ичида ҳаммасига тўғри жавоб бериб изоҳлаб берса, фикрлаш доираси яхши (3 балл), топшириқни бажаришда бирмунча хатоликларга йўл қўйса, фикрлаш доираси қониқарли (2 балл), топшириқнинг маъно-мазмунига тушунмай уни бажара олмаса, фикрлаш доираси паст (1 балл) деб хулоса чиқарилади. Албатта, бу ерда қўйилган савол бўйича билим даражаси ҳам аҳамиятга эга. Масалан, қайси мутафаккир қачон туғилганлигини синалувчи билмаслиги мумкин ва ҳ.к.
                          3.    Фикрлаш фаоллигини аниқлаш
 
    Бунинг учун талабаларга турли хил топшириқлар берилади ва вақт белгилаб олинади. Ҳар бир топшириқ 1 дақиқа мобайнида бажарилиши керак. 
1-топшириқ. “Мен вақтни белгилайман. Сизлар 1 дақиқа мобайнида дафтарга А ҳарфи билан бошланувчи шаҳарлар номини ёзасиз. Қанча кўп ёзсангиз шунча яхши”. Белгиланган вақт ўтиши билан кейин дафтарлар йиғиштириб олинади. Кўрсатилган ҳарфга ким кўп ном ёзган бўлса ва уларнинг номи тўғри бўлса, ўша талабанинг фикрлаш фаоллиги яхши сақланган ҳисобланади. 
2-топшириқ. “Бир дақиқа мобайнида Тошкент шаҳрида мавжуд бўлган йирик обЪектлар номини ёзиб чиқинг. Ким кўп ном ёзса, ўша ғолиб ҳисобланади. Бироқ орфографик ва стилистик хатоларга йўл қўйманг. Қисқартиришлар бўлмасин”.
Худди шу тартибда мевалар ёки сабзавотлар, уй ҳайвонлари, ёввойи ҳайвонлар номини ёзиб ҳам фикрлаш фаоллиги ва доирасини текшириш мумкин. Бундай топшириқлар эсда сақлаш даражасини ҳам кўрсатиб деради. 
3-топшириқ. «Бир дақиқа мобайнида М, Ў, В, С ҳарфлардан фойдаланиб жумла тузинг. Масалан: «Мен Ўз Ватанимни Севаман». Жумлалар маъно ва мазмун жиҳатдан тўғри тузилган бўлиши керак. Топшириқ бажарилгандан сўнг тўғри тузилган жумлалар сони ҳисоблаб чиқилади.
4-топшириқ. Ўқитувчи доскага айлана, квадрат, узун чизиқлар, цилиндр, спирал, тўлқинли чизиқ, доира ва бирор бир нарсанинг шаклини (масалан, уй, кема, поезд) яратса бўладиган турли геометрик шаклларни чизади. Сўнг ўқитувчи талабаларга кўрсатма беради: Бир дақиқа мобайнида ушбу геометрик шакллардан иложи борича кўпроқ тугалланган расмлар яратишингиз керак. Фақат доскада кўрсатилган  шакллардан фойдаланинг”. 
     Топшириқ бажариб бўлингандан сўнг тўғри тузилган расмлар санаб чиқилади. Бу топшириқ диққат ва хотира ўткирлиги, фикрлаш қобилиятини текшириш учун қўлланилади.
    Барча топшириқлар бажариб чиқилгандан сўнг тўғри бажарилган топшириқлар сони ҳисоблаб чиқилади. Шу йўл билан нафақат талабаларнинг фикрлаш қобилияти, балки уларнинг билимини баҳолашда ҳам фойдаланиш мумкин. Топшириқни биринчи бўлиб бажарган талабага 5 балл, ундан кейинги талабаларга эса 4, 3, 2 ва 1 балл қўйилади.

                          4.    Аналогия яратиш

    Синалувчига ҳар хил сўзлар ёзилган материал кўрсатилади. Синалувчи уларнинг рўпарасига маъно ва мазмун жиҳатидан мос келувчи сўзларни ёзиб чиқиши керак. Сўзларнинг кам ёки кўплигига қараб вақт белгиланади (1, 3, 5 дақиқа). Масалан, ўн – сон, кучук – ҳайвон, арча – дарахт, қиш – совуқ, сўз – гап, жигар – аъзо, психология – фан, душанба – ҳафта куни, телефон – алоқа воситаси, Тошкент – пойтахт ёки Тошкент – шаҳар ва ҳ.к. Бу синамани оғзаки тарзда ўтказиш ҳам мумкин.

                5.    Мақоллар ва афоризмлар маъносини тушунтириб бериш

    Синалувчига бир нечта мақол ва афоризмлар айтилади. Синалувчи уларнинг маъносини тушунтириб бериши керак. Вақт белгиланиши шарт эмас. Масалан, “Темирни қизиганда бос”; “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, “Кўрпангга қараб оёқ узат”, “Балиқ бошидан сасийди”, “Дарахтни чопса, унинг шохлари учади”, “Ҳамма ялтираган нарса ҳам олтин бўлавермайди”, “Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди”, “Нима эксанг, шуни ўрасан”, “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, “Бўридан қўрққан ўрмонга бормас”, “Етти ўлчаб, бир кес”, “Тилим менинг, душманим менинг”, “Букрини гўр тўғрилайди”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Жўжани кузда санашади”, “Кийимга қараб кутиб олишади, ақлига қараб кузатиб қўйишади”, “Томдан тараша тушгандек”, “Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши” ва ҳ.к. 

              6. Интеллект даражасини текшириш учун Векслер тести (шкаласи)

    Векслер тести (шкаласи) интеллект даражасини текшириш учун энг кўп қўлланиладиган тест ҳисобланади. Девид Векслер томонидан 1939 йили ишлаб чиқилган. Ушбу тест турли ёшда интеллект даражасини, аниқроғи, ақлий ривожланиш даражасини аниқлаш ва баҳолаш учун қўлланилади. 
     Векслер бўйича ИҚ-кўрсаткичлари
      1.    Жуда юқори – 130 балл. 
      2.    Юқори – 120-129 балл.
      3.    Яхши – 110-119 балл. 
      4.    Ўртача – 90-109 балл. 
      5.    Паст – 80-89 балл. 
      6.    Ёмон – 70-79 балл. 
      7.    Ақлий дефект – у 2,2% 
     Мутахассислар фикрича, ер шари аҳолисининг 2,2 % жуда юқори, 6,7 % юқори, 16,1 % яхши, 50 % ўртача, 16,1 % паст, 6,7 % ёмон интеллектга эга бўлса, аҳолининг 2,2 % ақлий дефект билан туғилган. Бироқ бу тадқиқот иши барча давлатларни ўз ичига қамраб олмаган.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz)



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha