Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ТИББИЁТ ПСИХОЛОГИЯСИ ВА КЛИНИК ПСИХОЛОГИЯ ФАРҚИ

ТИББИЁТ ПСИХОЛОГИЯСИ ВА КЛИНИК ПСИХОЛОГИЯ ФАРҚИ


Тиббий психологиями ёки клиник психология? Бу борада қарашлар турлича. Бу фанларни иккала ном билан аталувчи битта фан ёки алоҳида-алоҳида фан дегувчилар ҳанузгача бор. Юқорида иккала фаннинг ривожланиш тарихи ҳақида гапириб ўтдик. Ривожланган хориж давлатлари ҳамда бир неча йиллардан буён тиббий психологияни ўқитишга асосланган тажрибамиз асносида ушбу фанлар ҳақида ўз фикр 
мулоҳазаларимизни келтириб ўтамиз. 
    Тиббий ва клиник психологияларнинг фарқ қилувчи томонлари: 
  1. Тиббий психология – бу тиббий мутахассислик ва у психологик илмга эга врач, клиник психология – бу психологик мутахассислик ва у соғлиқни сақлаш тизими учун тайёрланган психолог.  Клиник психолог – врач эмас. 
  2. Тиббий психолог – бу “даволаш иши” таълим йўналиши бўйича бакалавриатурани тугатиб, сўнгра магистратура ёки клиник ординатурада “Тиббий психология” ихтисослиги бўйича тайёрланган мутахассис.  
  3. Клиник психолог – бу психологик фанлар бўйича бакалавриатурани тугатиб, сўнгра “Клиник психология” бўйича тайёрланган мутахассис.  
  4. Тиббий психолог ташхис қўйиш жараёнида тиббий диагностикадан фойдаланишга, даволаш жараёнида эса фармакотерапияни қўллашга юридик ҳуқуқи бор. Чунки у тиббий таълимга эга. Клиник психолог эса тиббиётда фаолият кўрсатсада, тиббий диагностикадан фойдалана олмайди, доридармонлар тавсия этишга ва плацеботерапия ўтказишга ҳам ҳаққи йўқ. 
  5. Тиббий психолог психосоматик бузилишларни органик бузилишлардан фарқлай олади, клиник психолог эса – йўқ. Чунки клиник психолог касалликлар клиникаси билан эмас, беморлар психологияси билан шуғулланади ва у врач эмас. 
  6. Тиббий психолог психоген ва психосоматик бузилишларни коррексия қилишда ёрдамчи даволаш усуллари, яъни физиотерапия, игнатерапия, магнитотерапия, лазеротерапия ва шу каби тиббиётга алоқадор методлардан фойдаланишга ҳақли, клиник психолог эса – йўқ. Чунки бундай муолажалар тиббий муолажалар ҳисобланади.
  7. Тиббий психолог махсус тайёрлов курсларини ўқиб, невропатолог, психоневролог ёки психиатр касбида ишлаши мумкин, клиник психологда эса бундай имконият йўқ. Бунинг учун у тиббий маълумот олиш учун қайтадан ўқиши зарур. 
  8. Клиник психолог турли касалликларда беморлар психологияси ва касалликларнинг психологик структурасини билсада, бироқ психоэмоционал бузилишларнинг патогенетик механизмлари бўйича билимга эга эмас. 

     Тиббий ва клиник психологиянинг ўхшаш томонлари: 
  1. Тиббий психолог ҳам, клиник психолог ҳам соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатувчи психологдир. Иккала касб эгаси ҳам клиникаларда фаолият кўрсатишади ва уларнинг асосий вазифаси беморларга психотерапевтик ёрдам кўрсатишдан иборат. Улар ҳар қандай йўналиш даги даволаш муассасаси, яъни психиатрия, неврология, психоневрология, кардиология, нейрохирургия, травматология, педиатрия, онкология, физиатрия, акушерлик ва гинекология,  тез тиббий ёрдам, дерматовенерология, ОИТС каби махсус клиникалар, соғломлаштириш марказлари ва, албатта, психосоматик тиббиёт марказлари бўлимларида фаолият кўрсатишади. 
  2. Тиббий психолог учун ҳам, клиник психолог учун ҳам асосий иш қуроли – бу психодиагностика ва психотерапия. Шунингдек, иккала касб эгалари ҳам психоген ва психосоматик бузилишлар профилактикаси билан шуғулланишади. Бу мақсадда улар психогигиена ва психопрофилактика услубларидан кенг фойдаланишади. 
  3. Тиббий психолог ҳам, клиник психолог ҳам ҳар қандай турдаги психотерапия, яъни гипнотерапия, бихевиорал терапия, когнитив психотерапия, когнитивбихевиорал терапия, гешталттерапия, рационалэмотив терапия, психодинамик терапия каби психотерапевтик усулларни қўллашга ҳақли. Ушбу услублар ўқитиш дастурига киритилган ва улар албатта, махсус курсларда малака ошириб туришлари лозим.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
            © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha