Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi СЕҲРЛИ ҚЎЛЛАР

СЕҲРЛИ ҚЎЛЛАР


2016 йил апрел ойи ўрталарида бувимнинг аҳволи оғирлашиб, реанимацияга тушиб қолдилар. Биз ҳаммамиз зудлик билан Бухорога етиб келдик. Бувим узоқ йиллар юқори қон босим ва деменсиядан азият чекарди. Йўтал ҳам кўп безовта қиларди. Боз устига йиқилиб тушиб, чап сонлари ҳам синган. Бувимнинг оғриққа чида олмай тинмай бақиришларини кўриб онам, холамлар, менинг ҳам юрагим эзилиб кетди. Нима қилиш керак? Реаниматологлар гормонлар, оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи дорилар, мия ва юрак фаолиятига қувват берувчи дорилар ёзиб беришган. Бироқ ҳеч бир дори бувижонимга ёрдам бермаяпти, аҳволлари баттар оғирлашаяпти. Ёшлари 75 дан ошган бувимнинг “Онажон, онажон” деб оғриққа чида олмай ёрдам сўраб бақиришларини кўриб, онам: “Онажон! Нима қилай, айтинг, нима қилай” деб кўзлари тўла ёш билан оналарини бағридан қўйиб юбормасдилар.   Иккита қўшни ҳамшира венага туша олмай уйдан чиқиб кетишди. Чунки кон томирни топиб бўлмасди. 
     Шу куниёқ отам Тошкентдан зудлик билан Бухорога етиб келдилар. Бувим билан боғлиқ вазиятни сўрадилар. Сўнгра кўзларини юмиб, дод солиб, чалқанчасига бақириб ётган бувижонимнинг олдига ўтирдилар. Игна санчилавериб кўкариб кетган қўлларини силадилар. Отам бир қўлини бувимнинг пешонасига қўйиб, иккинчи қўли билан уларнинг чап қўлини ушладилар. Бувимни секин гапга солиб: “Ассалому алайкум аяжон”! Бувим Отамга юзланиб сўниқ овозда “Вой ўғилгинам, келдингизми” дедилар-у, яна кўзларини оғриқ кучидан вой-войлаб бошладилар. Отам сокин овозда сўзлай бошладилар: “Эсингиздами, мен Бухорога келганимда хурсанд бўлиб, эрта саҳардан туриб дастурхон тузардингиз! Кўчага чиқиб, тандирда ёпилган иссиқ нон ва бир коса Бухоро қаймоғидан олиб келардингиз. Иккаламиз балконда ўтириб роса гурунглашиб, иссиқ нонни қаймоққа ботириб ердик...”. 
    Отамнинг бу гапларидан дод-войлаб ётган бувим бирдан жимиб қолдилар. Отам сўзлашда давом этдилар: “Эсингиздами, сиз Олмахон Ҳайитовани жуда севиб тинглардингиз. Унинг қайси қўшиқлари сизга ёқарди?” деб сўрадилар. Бувим бўлса “Онам дерман” деган қўшиғи” деб юбордилар. Бир неча соатдан буён оғриққа чида олмай дод-войлаб ётган бувижонимнинг тинчиб қолгани, боз устига сўзлай бошлаганига ойижоним хурсанд бўлиб кетди. 
    Дадам бувим билан Тошкентда бўлиб ўтган ширин онларни, қизиқарли воқеаларни, тоғ ёнбағрига дам олгани чиққанларини бувимга эслатишда давом этдилар. Бироқ бирор марта ҳам “Ҳозир оғриғингиз қолади, тинч ухланг” деган сўзларни ишлатмадилар. Дадам касаллик ҳақида умуман оғиз очмадилар. Бувим 10 дақиқа ўтар-ўтмай равон нафас олиб, тинчгина ухлаб қолдилар. Ойижоним, холамлар ва мен бу ҳолатдан ҳайратда қолдик. Ойижонимнинг қувончи чексиз эди. Катта холам: “Яьна, нима қилдингиз? Гипноз қилдингизми?” деди ҳайрат тўла кўзлари билан дадамга боқиб. Дадам: “Кўрдинглар-ку, ҳеч нарса қилганим йўқ. Аям билан яхши онларни бир эсладик, холос”, дедилар кулиб. Дилбар холам: “Келинглар, ёшлик даврларни биз ҳам бир эслайлик” деб уйдан даста-даста расм тўла албомларни олиб чиқдилар. Дадам, ойим, холамлар бувим ётган хонада ёшлик даврларида тушган расмларни кўриб, кулишиб, суҳбатлашиб ўтиришди. Хонадаги шовқин бувимга сира таъсир қилмасди. Чунки улар қотиб ухлаб қолгандилар. Ҳамма хурсанд! 
    “Бўлажак невролог сифатида мен дадамга қараб: “Адажон, ростдан ҳам гипноз ишлатмадингиз! Бор йўғи қўлингизни бувимнинг пешанасига қўйиб суҳбатлашдингиз, холос. Нима учун ҳам оғриқлар қолди, ҳам бувим ухлаб қолдилар? Ҳалиям ухлаяптилар” деб сўрадим. Дадам: “Тўғри, бу ерда гипноз ишлатмадим. Мен мияни патологик фикрлашдан физиологик ҳолатга ўтказишга ҳаракат қилдим. Мияни бир неча ойлар, балким йиллардан буён эгаллаб олган патологик сигналлардан тозаладим. Ҳаётда ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтган ширин онларни қайта уйғотдим ва уларни бувингнинг миясига қайта жойладим, ўғлим. Бунинг натижасида мия ўзи учун зарур бўлган тинчлантирувчи медиаторларни қайта синтез қила бошлади ва бувинг ширин уйқуга кетди” дедилар кулиб.    “Дадажон, барибир сизнинг қўлларингиз сеҳрли! Мен ҳам сизга ўхшагим келади” дедим дадамни кучиб. 
                                                                                                                                                           Азизжон     Ибодуллаев


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha