СТУПОР


Ступор (lot. stupor “қотиб қолиш”, “донг қотиш”) – ташқи таъсиротга жавоб реакциясининг бутунлай сўниши ва мутизм билан намоён бўлувчи қотиб қолиш. 
    Ступорнинг қуйидаги турлари фарқланади: 
  • кататоник
  • депрессив
  • реактив
  • Катотоник ступор оғир руҳий касалликларда ривожланади ва беморнинг турли ҳолатларда бутунлай қотиб қолиши билан намоён бўлади. У гапирмайди (мутизм), оғриқни сезмайди, ҳеч қандай ҳаракат қилмайди, кўзлари очиқ ҳолатда бир нуқтага тикилиб қолади. Тик ҳолатда қотиб қолган бемор йиқилиб ҳам тушмайди, худди ҳайкалга ўхшаб қотиб туради. Агар врач беморнинг мускулларини букиб-ёзмоқчи бўлса, бунинг уддасидан чиқа олмайди. Чунки беморда юқори даражада мускуллар гипертонуси кузатилади. Бемор билан ҳеч қандай мулоқотга киришиб бўлмайди, у ўзининг атрофида нималар (ўйин-кулги, уруш-жанжал) бўлаётганини сезмай қотиб тураверади ёки оёқ-қўллари ва гавдаси букилган ҳолатда ётаверади. 
  • Катотоник ступорда баъзан қуйидаги негатив ҳолатлар кузатилади: беморни жойига ётқизмоқчи ёки ўрнига ўтқазмоқчи бўлсангиз, у фаол қаршилик кўрсатади; олдидаги овқат солинган идишни олмоқчи бўлсангиз, идишга ёпишади, ёнига яқинлашсангиз, у сиздан узоқлашади ёки хонадан чиқиб кетмоқчи бўлсангиз, у сиз билан мулоқотга киришишга ҳаракат қилади ва ҳ.к. Шунингдек, баланд овозда берилган саволга жавоб бермаган беморнинг қулоғига шивирлаб гапирилса, жавоб қайтаради. Баъзи беморлар тунда ўрнидан туриб юради, ўзини тартибга келтиради, ҳожатхонага бориб келади, ҳатто овқатланади ҳам. Сўнгра тўшакка келиб ухлаб қолади. Эртаси куни ўзига келса ва шу қилган ишларини айтиб берса, эслай олмайди.
  • Депрессив ступор оғир эндоген депрессияда кузатилади ва бунда ҳам бутунлай қотиб қолиш кузатилади. Бундай беморнинг юзида  депрессия ва азият чекканлик ҳолати билиниб туради.  Бемор билан мулоқотга киришиш мумкин, бироқ у фақат монотон товушда жавоб қайтаради ёки бошини қимирлатиб “ҳа-ҳа”, “йўқ-йўқ” қабилида жавоб қайтаради. Бемор ётган жойи ва уст-бошига умуман қарамай қўяди, ҳаммаёқ бесаранжом бўлиб ётади. Депрессив ступор баъзида психомотор қўзғалишларга ўтиб кетади. Бундай пайтларда бемор ўзига ва атрофдагиларга тан жароҳати етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам ступор ҳолатига тушган беморнинг ёнига болаларни яқинлаштирмаслик ва уни дарҳол шифохонага ётқизиш керак.
  • Реактив (психоген) ступор – оғир мусибатлар ёки кучли стрессдан сўнг соғлом одамларда кузатиладиган қотиб қолиш. Реактив ступор ҳам юқорида кўрсатилган белгилар билан намоён бўлади, бироқ жиддий симптомлар кузатилмайди. Бу ступор, одатда,  бир кун ичида ўтиб кетади.
      Тез ёрдам. Ҳар қандай ступорда бемор зудлик билан руҳий касалликлар шифохонаси ёки бошқа шифохоналарнинг тез ёрдам бўлимига ётқизилади ва назоратга олинади. Унинг ёнида доимо кузатувчи ва парвариш қилувчи одам бўлиши керак. Чунки бемор ўзига келганидан сўнг жонига қасд қилиши мумкин. 
       Катотоник ступорда дастлаб 20 % ли 2 мл кофеин эритмаси мушак ичига қилинади. Орадан 3-5 дақиқа ўтгач, барбамилнинг 5 % ли 5 мл эритмаси мушак ичига ёки вена ичига жуда секинлик билан юборилади. Венага юбориш тезлиги 1 дақиқага 1 мл дан ошмаслиги керак. Бемор ўзига келгач (мимик реакциялар пайдо бўлади, бир-икки сўзлар гапира бошлайди), барбамил қилиш тўхтатилади. Чунки барбамил кўп қилинса, бемор узоқ уйқуга кетиши мумкин. Нейролептиклардан 2,5 % ли 2 мл аминазин ёки 0,5 % ли 2 мл (10 мг) френолон ёки 1 % ли 2 мл (20 мг) мажептил мушак ичига юборилади. Албатта, бу дорилар билан нафас олиш марказлари фаоллигини сўндириб қўймаслик керак. Кучли катотоник ступорда бемор инсулин билан гипогликемик комага туширилиши мумкин. Депрессив ступорда ҳам барбамил ва кофеин қилинади. Бемор ўзига келгач, мелипрамин 200-300 мг ичишга берилади ёки 1,25 % ли 2 мл миқдорда мушак ичига юборилади.   Реактив (психоген) ступорда 0,5 % ли 2 мл диазепам (седуксен, реланиум) мушак ичига қилинади. Сўнгра 10-20 мг элениум ёки 3-5 мг феназепам бир-икки кун мобайнида ичишга тавсия этилади.



Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha