Сезги


Биз сезги аъзолари орқали теварак-атрофдаги оламдан доимо маълумот олиб турамиз. Бу маълумотлар организмга узлуксиз тушиб туради ва асаб тизимининг махсус тузилмалари орқали қабул қилинади, қайта ишланади ва жавоб реакцияси тайёрланади. Атроф-муҳитдаги барча нарса ва ҳодисалар тегишли рецепторларга таъсир этиб, сезги ҳосил қилади. Ташқи оламдан киши онгигача маълумотлар кириб келадиган ягона йўл сезги аъзоларидир. Уларга бениҳоя катта миқдорда турли-туман маълумотлар оқими келиб, бош мияга узатилиб туради.
        Сезги – ташқи олам ва ўз танамиз тўғрисидаги барча маълумотларни билишнинг дастлабки манбаи. Организм бир меъёрда ривожланиши учун ташқи муҳитдан ҳамиша ахборот олиб туриши керак. Бу маълумотнинг кўпайиб ёки камайиб кетишига организм мослашиб бориши зарур, акс ҳолда сезги ва идрок орасида номутаносиблик юзага келиб, асаб тизимида функционал бузилишлар рўй беради.
       Фанда сенсор изоляция деган тушунча бор. Космонавтларни ташқи ахборотлардан тўла изоляция қилиб, уларнинг асаб тизими чуқур ўрганилади ва коинотда яшашга мослаштирилади. Тўла ва қисман сенсор изоляция синалувчиларда олиб борилганда, бир неча соатдан сўнг улар аҳволи ёмонлашганидан шикоят қилиб, тадқиқотни тўхтатишни илтимос қилишган. Бундан бир неча йил олдин АҚШ да инфекция тушиш хавфини мутлақо йўқотиш учун мураккаб операция ўтказиладиган хоналарга умуман ойна қўйилмаган ва фақат эшик бўлган, холос. Бундай хоналарда узоқ вақт давом этадиган операциялар пайтида жарроҳлар руҳан чарчаб қолаверган ва бу ҳолат операциянинг сифатига салбий таъсир кўрсатган. Бундан кўриниб турибдики, энг мураккаб жисмоний ва ақлий меҳнатни талаб қилувчи шароитларда сезги аъзоларимизга ташқи оламдан тушувчи ахборотларнинг таъсир доираси ўта кенгдир. Бу ва бошқа далиллар инсон организмининг ташқи дунёдан сезгилар тарзидаги таассуротларга эга бўлиш эҳтиёжи нақадар кучли эканлигидан далолат беради.
        Сезги бузилишлари. Сезги бузилишлари хилма-хил бўлади. Сезги анализаторларининг периферик қисмидан тортиб, то пўстлоқдаги марказий қисмигача бўлган ҳар қандай соҳасининг зарарланиши сезги бузилиши билан кечади. Тери сезувчанлигининг турли хил ўзгаришлари асаб касалликларида жуда кўп учрайди. Тери сезувчанлиги (оғриқ, ҳарорат ва тактил) пасайишига гипестезия, кучайишига гиперестезия, йўқолишига эса анестезия деб айтилади. Ҳарорат сезгиси йўқолиши билан кечувчи касалликларда, масалан, сирингомиелияда беморнинг териси қаттиқ куйса ҳам оғриқни сезмайди. Тактил сезги (танани енгил силаганда пайдо бўладиган сезги) оғриқ ва ҳарорат сезгисига қараганда камроқ бузилади. Тана сезувчанлиги ошиб кетса, беморнинг баданига арзимаган нарса билан тегилса ҳам кучли оғриқ пайдо бўлади. Бунга гиперпатия дейилади. Гиперпатияда таъсир этилган жойдан бошқа жойларда ҳам оғриқ кузатилади ва бироз вақт сақланиб туради.
          Гиперестезия  психологияда  кенгроқ маъно касб этувчи атамадир. Гиперестезия – ташқи қўзғалишларни қабул қилишнинг меъёрдан ошиб кетиши. Бундай беморлар ёруғликка қарай олмайди, арзимаган ёруғлик ҳам уларнинг кўзини қамаштиради. Бошқалар учун оддий бўлган товушлар беморнинг қулоғига жаранглаб киради, ҳаттоки эшикнинг ғичирлаши, оқиб турган сувнинг жилдираган товуши ҳам беморлар учун ўта ёқимсиз туюлади. Уларнинг баъзиларида бу товушлардан қаттиқ боши оғрийди. Бировнинг қўли тўсатдан ушбу одамнинг танасига тегиб кетса ҳам ғашига тегади. Ҳатто ўз эгнидаги кийимлари ҳам танасини таъсирлантириб туради. Оддий ҳидлар ҳам ўта ўткирдек туюлади. Бундай бузилишлар неврознинг баъзи турлари, истерия ва психозлар учун хосдир. Узоқ давом этувчи соматик касалликлар ҳам гиперестезияларга сабабчи бўлади. Болаларда  гиперестезиялар ортиқча йиғлоқилик билан ҳам кечади.
          Психоген гипестезиялар гиперестезиялардан фарқли ўлароқ, ташқи таъсиротларни қабул қилишнинг пасайиши билан намоён бўлади. Атроф-муҳитдаги товушларнинг жарангдорлигини бемор англамайди, ҳамма нарса қоронғи тумандагидек кўринади. Бошқа бировларнинг овозида жарангдорлик ва жозиба йўқдек туюлади.
          Сенестопатияда эса бемор гўёки баданнинг турли соҳаларидан ва ички аъзолардан келаётган нохуш сезгиларни ҳис қилади. Бу сезгилар худди куйдирувчи, босувчи, сиқувчи ва ачиштирувчи хусусиятларга эга бўлади. Полиестезияда тананинг битта жойи таъсирлантирилса, гўёки унинг кўп жойи таъсирлантирилгандек туюлади. Бирор-бир ташқи таъсиротнинг бошқа бир таъсир каби қабул қилинишига дизестезия деб аталади. Масалан, бемор иссиқ таъсиротни совуқдек, совуқни иссиқдек қабул қилади.
          Тананинг ярмида сезги йўқолишига гемианестезия, битта оёқ ёки қўлда йўқолса моноанестезия дейилади. Оғриқ сезгиси йўқолишига, аналгезия, ҳарорат сезгиси йўқолишига термоанестезия деб аталади. Ҳеч қандай ташқи таъсирларсиз танада нина санчгандек, увишгандек, тери тортишгандек, баданда чумоли юргандек каби турли хил сезгилар пайдо бўлишига парестезия дейилади. 
          Танада кузатиладиган оғриқлар тери сезувчанлигининг бузилишида алоҳида ўрин касб этади. Оғриқ тиббиётда жуда катта диагностик аҳамиятга эга. Чунки оғриқлар одамга танада пайдо бўлган ёки қўзғалган касаллик ҳақида ахборот беради. Демак, у ҳимоя вазифасини ҳам ўтайди. Бу оғриқлар периферик нервлар, нерв чигаллари, орқа миянинг орқа илдизчалари, вегетатив тугунлар, кўрув дўнглиги, орқа марказий пушта зарарланганида ёки ортиқча таъсирлантирилганда  пайдо бўлади. Кўриб турганимиздек, тери сезувчанлиги бузилишлари турли-туман бўлиб, улар асосан асаб касалликларида кўп учрайди. Мушак-бўғим сезгиси бузилиши тери сезувчанлиги бузилишига қараганда камроқ кузатилади. Бунда бемор кўзлари юмилган ҳолда бўғимларда қилинган суст ҳаракатларни сезмайди.     Мураккаб сезги бузилишларидан бири бўлмиш астереогнозияда бемор кўзи юмуқ ҳолатда қўлига қўйилган нарсаларни пайпаслаб айтиб бера олмайди, кўзи очиқ ҳолатда эса уларни бемалол айта олади.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz)



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha