Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi СУПРАТЕНТОРИАЛ ЎСМАЛАР

СУПРАТЕНТОРИАЛ ЎСМАЛАР


Мияча чодиридан (tentorium cerebelli) тепада жойлашган ўсмаларга супратенториал ўсмалар деб айтилади. Супратенториал ўсмалар катталарда кўп учрайди ва бирламчи интракраниал ўсмаларнинг 70% ини ташкил қилади. Болаларда эса бу кўрсаткич 30% га тенг.
   Супратенториал ўсмалар қуйидаги соҳаларда жойлашади:
  • пешона бўлагида;
  • тепа бўлагида;
  • чакка бўлагида;
  • энса бўлагида;
  • тўрт тепаликда;
  • пўстлоғости тузилмаларида;
  • қадоқсимон танада;
  • кўрув дўнглигида;
  • ён қоринчада;
  • III қоринчада;
  • гипофизда;
  • кўрув нервида.

        Супратенториал ўсмалар клиникаси уларнинг қайси соҳада жойлашганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида жойлашган марказларга таъсир қилувчи ўсмалар учун қўзғалиш ва йўқотиш симптомлари хос. Қўзғалиш симптомлари бош мияда жойлашган марказларнинг ортиқча таъсирланиши сабабли юзага келади ва психомотор қўзғалишлар, эпилептик хуружлар билан намоён бўлади. Айниқса, Жексон типидаги мотор ва сенсор эпилептик хуружлар қўзғалиш симптомларига яққол мисол бўла олади. Йўқотиш симптомлари бош мияда жойлашган марказлар зарарланиши сабабли вужудга келади ва марказий фалажликлар, сезги бузилишлари, афазия ва шу каби бошқа неврологик дефектлар билан намоён бўлади.
       Олдинги марказий пушта ўсмаси. Бу соҳа ўсмалари учун Жексон типидаги фокал мотор эпилептик хуружлар ва марказий типдаги фалажликлар хос. Агарда ўсма олдинги марказий пуштанинг юқори қисмида жойлашса, фокал эпилептик хуружлар ва фалажлик белгилари қарама-қарши томондаги оёқда кузатилади.    Хуружлар, асосан миоклоник типда бўлиб, кўпинча, оёқ панжасидан бошланади. Бу ердан бошланган клоник титрашлар қўл ва мимик мускулларга тарқайди. Чунки олдинги марказий пуштанинг оёқ проекцион соҳасида жойлашган қўзғалиш ўша заҳоти олдинги марказий пуштанинг бошқа проекцион соҳаларига узатилади.
        Жексон типидаги мотор хуружлар тананинг қайси қисмидан бошланишига қараб, ўсма олдинги марказий пуштанинг қайси соҳасида жойлашганини аниқлаб олиш мумкин. Агарда ўсма олдинги марказий пуштанинг пастки қисмида жойлашса, фокал эпилептик хуружлар мимик мускуллардан бошланиб, қўлга ва кейинчалик тананинг бошқа қисмларига тарқайди. Хуружлар гемитипда, яъни тананинг бир томонида кузатилади ва хуруж пайтида бемор ҳушини йўқотмайди.
       Жексон типидаги эпилептик хуружлар оғиз атрофи, чайнов ва ютқум мускулларида кузатилса, бунда ўсма олдинги марказий пуштанинг энг пастки қисмида ва оперкуляр соҳада жойлашган бўлади. Бунда бемор тўсатдан оғзини чапиллатиб, лабларини ялаб ва оғзининг ичида тилини айлантира бошлайди. Буни оперкуляр эпилептик хуруж деб аташади. Баъзида Жексон типидаги фокал хуружлар катта хуружларга ўтади ва бемор ҳушини йўқотади. Бундай пайтда тоник-клоник типдаги хуружлар кузатилади.
       Олдинги марказий пушта ўсмасида кузатиладиган марказий фалажликлар монопарез ва гемипарез кўринишида намоён бўлади. Қарама-қарши томонда VII ва ХII нервларнинг марказий фалажлиги ҳам кузатилади. Дастлаб парезлар енгил кўринишда намоён бўлади ва вақт ўтган сайин оғирлаша боради. Демак, секин ривожланувчи (бир неча ой ичида) ва зўрайиб борувчи фалажлик бош мия ўсмалари учун жуда хос.
      Орқа марказий пушта ўсмаси. Бу соҳада жойлашган ўсмалар клиникаси Жексон типидаги сенсор хуружлар ва сезги бузилишлари билан намоён бўлади. Жексон типидаги сенсор хуружлар – булар тўсатдан пайдо бўладиган ва бир неча дақиқа давом этадиган парестезиялардир. Орқа марказий пуштанинг қайси қисмида қўзғалиш кузатилса, парестезия тананинг ўша қисмидан бошланади. Агар ўсма орқа марказий пуштанинг пастки қисмида жойлашса, парестезиялар юздан, ўрта қисмида жойлашса – қўлдан, юқори қисмида жойлашса – оёқдан бошланади ва тананинг қолган ярмига тарқайди.
       Сезги бузилишлари қарама-қарши томонда моноанестезия ва гемианестезиялар билан намоён бўлади. Улар аввал енгил кўринишда, яъни гипестезия типида бўлиб, кейинчалик анестезияга ўтади.
Орқа марказий пушта соҳасида жойлашган ўсма олдинги марказий пушта томон ўсса, у ҳолда Жексон типидаги сенсор хуружларга Жексон типидаги мотор хуружлар қўшилади. Кейинчалик эса сезги бузилишларига (гемианестезияга) ҳаракат бузилишлари (гемипарез) қўшилади. Олдинги ва орқа марказий пушталар соҳасида жойлашган ўсма, одатда, тез аниқланади. Чунки бу соҳада жойлашган ўсманинг дастлабки симптоми Жексон типидаги фокал хуружлардир. Улар, асосан бош миянинг ҳажмли жараёнларида (ўсма, абсцесс, гематома, гумма, киста) кузатилишини ҳар бир невропатолог яхши билади. Бундай пайтда врач беморни МРТ текширувига юбориб, фокал хуружлар сабабини тез аниқлаши лозим. Бу соҳа ўсмаларида ИКГ жуда кеч ривожланади ёки у пайдо бўлмасдан туриб ташхис аниқланади.
       Пешона соҳаси ўсмаси. Пешона соҳаси ўсмалари, айниқса, префронтал соҳада жойлашганлари, узоқ вақтгача клиник симптомларсиз кечади. Аксарият ҳолларда бемор тўсатдан пайдо бўлган психомотор қўзғалишлар ёки эпилептик хуружлар билан шифохонага тушиб қолади. Касалликнинг кескин тарзда бундай бошланиши геморрагик инсултга ўхшаб кетади ва фақат зудлик билан ўтказилган текширувлар, айниқса, МРТ текшируви, ташхисни тўғри аниқлаш имконини беради.
Таъкидлаб ўтилганидек, пешона психикаси симптомлари пешона соҳаси зарарланиши учун жуда хос. Баъзида пешона психикаси узоқ вақт пешона ўсмаларининг ягона симптоми бўлиб қолади. Кейинчалик руҳий бузилишларга неврологик симптомлар қўшилади. Пешона ўсмаларида энг кўп учрайдиган неврологик симптомлар – булар пешона атаксияси, астазия-абазия, эпилептик хуружлар (умумий, адверсив, оперкуляр), нигоҳ фалажлиги, псевдопаркинсонизм, юз нервининг марказий фалажлиги ва орал автоматизми рефлексларидир.
       Пешона атаксияси юқори ва ўрта пешона пушталарининг олдинги соҳаси ўсмасида, яъни префронтал соҳа зарарланганда ривожланади. Чунки бу ердан мияча фаолиятини назорат қилувчи йўллардан бири tr. frontopontoceredellaris бошланади. Пешона атаксияси қарама-қарши томонда гемиатаксия билан намоён бўлади. Чунки tr. frontopontoceredellaris қарама-қарши томондаги мияча ярим шарини назорат қилади. Гемиатаксия томонда координатор бузилишлар вужудга келади, яъни бармоқ-бурун синовида интенсия, товон-тизза синовида атаксия аниқланади. Шунингдек, адиодохокинез яққол кўзга ташланади. Статик ва динамик атаксия кузатилади ва кўзни юмиш атаксиянинг кучайишига кам таъсир қилади. Скандирлашган нутқ ва нистагм кузатилмайди. Оғир ҳолларда астазия-абазия ривожланади, яъни бемор тик тура олмайди ва юра олмайди. Астазия-абазия пешона соҳаси зарарланиши учун жуда хос симптом.
       Орал автоматизми рефлекслари пешона соҳаси ўсмаларида кўп кузатилади. Улар, асосан, хартум (лабни чўччайтириш симптоми), Маринеску-Родович (кафт-ияк симптоми) ва Янишевский (ушлаб олиш симптоми) рефлекслари билан намоён бўлади.
       Экстрапирамидал бузилишлар пешона соҳасининг пўстлоғости ўсмаларида кўп учрайди. Чунки думли ядронинг (nucleus caudatus) бош қисми пешона бўлагига кириб боради. Агарда ўсма пешона бўлагининг пўстлоғости қисмида жойлашса, унда думли ядронинг бош қисми зарарланади ва паллидар синдром ривожланади. Паллидар синдром, асосан, гипокинезия, амимия, нутқ акинезияси ва ихтиёрий ҳаракатларга бўлган мотивациянинг сустлашуви билан намоён бўлади.
       Пешона соҳаси ўсмасида апраксия, мотор афазия ва аграфия каби симптомлар ҳам кузатилади. Бу симптомлар доминант ярим шар ўсмаларида (айниқса, афазия) яққол намоён бўлади.
      Пешона соҳаси асосида жойлашган ўсмаларда бир томонлама аносмия ва амавроз ривожланади. Чунки пешона бўлагининг тагидан ҳидлов (n. olfactorius) ва кўрув (n. opticus) нервлари ўтади. Агарда ўсма кўрув нервини зарарласа, Фостер-Кеннеди синдроми ривожланади, яъни ўчоқ томонда кўрув нерви атрофияси, қарама-қарши томонда эса кўз туби димланиши кузатилади.
      Пешона бўлагининг медиал соҳаси ўсмаларида вегетатив-висцерал симптомлар, яъни юрак-қон томир ва нафас олиш фаолияти бузилишлари, тос аъзолари дисфункцияси ва бошқа вазомотор реаксиялар кузатилади.
       Нигоҳ фалажи ҳам пешона соҳаси ўсмаларида кўп учрайдиган симптомлардан биридир. Бу симптом ўрта пешона пуштасининг орқа қисми ўсмаси, яъни нигоҳ маркази зарарланганда кузатилади. Бунда бемор “ўчоқ томонга қараб ётади”.  Агарда нигоҳ маркази таъсирлантирилса, кўз ва бош ўчоққа қарама-қарши бўлган томонга титраб бурилади. Бундай хуружларга адверсив эпилептик хуружлар деб айтилади.
         Биз пўстлоқ марказлари зарарланганда учрайдиган фокал эпилептик хуружлар ҳақида тўхталиб ўтдик. Баъзида пешона соҳаси ўсмаларида катта эпилептик хуружлар ҳам ривожланади: бемор тўсатдан ҳушидан кетади, тананинг иккала томонида тоник-клоник хуружлар пайдо бўлади, тилини тишлаб олади, оғзидан кўпик чиқади ва тагига сийиб юборади. Баъзида бу хуружлар кетма-кет рўй беради, яъни эпистатус ривожланади ва бемор ҳаёти учун жуда катта хавф солади.    Хуружлардан сўнг нейропсихологик ва неврологик симптомлар янада зўраяди. Бош миянинг ҳажмли жараёнлари сабабли ривожланган эпилептик хуружлардан сўнг ўчоқли неврологик симптомлар зўрайиб бориши ёки пайдо бўлишини эсда тутиш лозим.
       Тепа бўлаги ўсмаси. Орқа марказий пуштанинг орқасида жойлашган тепа бўлаги ўсмаларида мураккаб сезги, яъни стереогноз, локализация ва танага чизилган фигураларни аниқлаш каби сезгилар бузилади. Тепа бўлагининг орқа марказий пуштага яқин жойлашган ўрта қисми (40-майдон) ўсмасида астереогнозия кузатилади.
       Чап тепа бўлагининг бурчак пуштаси (gyrus angularis) ўсмасида конструктив апраксия, алексия, акалкулия, чекка усти пуштаси (gyrus supramarginalis) ўсмасида кинестетик ва фазовий апраксиялар (апракто-агнозия) аниқланади. Апрактоагнозия Герстман синдроми деб ҳам аталади ва унинг асосий белгиси чап ва ўнг томонларни фарқлашнинг бузилиши ҳисобланади. Герстман синдроми – оптик-фазовий агнозиянинг асосий клиник синдромларидан бири.
       Тепа бўлаги зарарланиши учун патогномоник симптомлардан бири – бу “тана схемаси” бузилиши. Бу синдром, асосан, субдоминант ярим шарнинг париетал соҳаси зарарланиши учун хос бўлиб, қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади: 1) аутотопогнозия – ўз танаси қисмларини билмаслик ёки уларни нотўғри (катта, кичик ёки бошқа буюмдек) қабул қилиш; 2) анозогнозия – ўз танасидаги дефектларни (масалан, гемипарезни) инкор қилиш, англамаслик; 3) псевдополимелия – ортиқча қўл-оёқлар бордек тасаввур қилиш.
       Ўсма орқа париетал соҳа, яъни энса бўлаги билан чегарадош соҳаларни (37 ва 39-майдонлар) эгалласа, унда оптик-фазовий агнозия ривожланади. Бу синдром ривожланганда бемор “чап-ўнг”, “юқори-қуйи” каби фазовий муносабатларни фарқлай олмайди. Масалан, беморнинг рўпарасида туриб “Менинг чап қўлимни кўрсатинг”, десангиз, у Сизнинг ўнг қўлингизни кўрсатади. Шунингдек, бемор кўчага чиққанда чап ва ўнг томонда жойлашган обектларни адаштириб юборади. Баъзида оптик-фазовий агнозия “фазонинг бир томонини инкор қилиш” синдроми билан намоён бўлади. Обьект катта-кичиклиги қандай бўлишидан қатъи назар, бемор унинг ярмини кўради, холос, иккинчи ярмини эса “кўрмайди”, яъни инкор қилади. Обьектнинг бир томонини инкор қилиш синдроми ўнг ярим шарнинг париетал соҳаси ўсмасида кўп кузатилганлиги боис, бемор обьектнинг чап томони борлигини инкор қилади.
       Чакка бўлаги ўсмаси. Чакка бўлаги ўсмаларида эпилептик хуружлар жуда кўп учрайди. Улар “Чакка эпилепсияси” деб ҳам аталади. Эпилептик хуружларнинг кўп кузатилиши бўйича чакка бўлаги ўсмалари марказий пушталар ўсмаларидан сўнг 2-ўринда туради. Чакка бўлаги ўсмасида кузатиладиган эпилептик хуружлар учун эшитув, ҳидлов ва таъм билиш галлюцинациялари хос. Бу галлюцинациялар, кўпинча, эпилептик хуружлар хабарчиси, яъни аура сифатида намоён бўлади. Баъзида эса галлюцинациялар эпилептик хуружларсиз алоҳида учрайди. Агарда ўсма чакка бўлагининг ички қисмидан ўтувчи Грасиоле тутамига тарқалса, кўрув галлюцинацияси ҳам кузатилади.
       Доминант ярим шарнинг чакка бўлаги ўсмасида юқорида кўрсатилган симптомлардан ташқари сенсор (22-майдон) ва амнестик афазиялар (37-майдон) вужудга келади. Чакка бўлагининг чуқурроқ қисмида жойлашган ўсмада Грасиоле тутамининг вентрал толалари зарарланади. Бунда юқори квадрант гемианопсия ривожланади ва ўсма катталашган сайин у тўла гемианопсияга ўтади. Бу бузилишларни фақат окулист аниқлай олади.
       Чакка бўлагининг орқа қисми (21-майдон, вестибуляр анализатор) ўсмасида вестибуляр бузилишлар кўп кузатилади. Улар бош айланиш хуружлари, мувозанат бузилиши ва турли галлюцинациялар билан намоён бўлади. Хуружсимон кечувчи ушбу вестибуляр бузилишлар чакка, тепа ва энса бўлаклари чегарасида жойлашган ўсмаларда кўп учрайди.
       Чакка бўлагининг медио-базал қисмида жойлашган ўсмада Корсаков типидаги амнезия кузатилади, яъни беморда эслаб қолиш қобилияти бузилади. Бемор ҳеч нарса ва ҳеч қандай воқеани эслаб қола олмайди. Бу ҳолат бирламчи хотира жараёнида асосий аҳамиятга молик бўлган тузилма бўлмиш гиппокамп ўсмасида учрайди. Гиппокамп ўсмасида ҳидлов агнозияси ҳам кузатилади, яъни бемор ўзига аввал таниш бўлган ҳидларни (гул ёки лимон ҳиди) айтиб бера олмайди. Ҳидлов агнозияси бемор кўзини юмган ҳолатда текширилади. Масалан, беморга атир ҳидлатилади ва ундан “Бу ниманинг ҳиди?” деб сўралади. У ҳидни сезганини айтади, аммо ниманинг ҳиди эканлигини билмайди. Каттароқ ҳажмга етган ва ичкарига қараб ўсган чакка бўлаги ўсмасида гемипарез ҳам ривожланади. Унинг пайдо бўлиши ўсманинг ички капсулагача ўсганлиги билан боғлиқ.
       Юқорида келтирилган аксарият симптомлар (масалан, афазия, агнозия ва амнестик синдромлар) ўнг томондаги чакка бўлаги ўсмаларида кузатилмайди ёки жуда суст ривожланган бўлади. Шунинг учун ҳам субдоминант ярим шарнинг чакка бўлагида жойлашган ўсма катта ҳажмга етмагунча аниқланмай қолади. Дастлабки эпилептик хуружлар ёки кечроқ пайдо бўлган ўчоқли неврологик симптомлар беморни жиддийроқ текширишни талаб қилади. Ҳар қандай гумонли ҳолатларда зудлик билан КТ/МРТ текширувларини ўтказиш зарур.
        Бош мия катта ярим шарларининг бошқа соҳалари ўсмаларига қараганда чакка бўлаги ўсмасида дислокасион синдром тез ривожланади. Дислокацион синдром, одатда, катта ҳажмга етган чакка бўлаги ўсмасида вужудга келади ва тўрт тепалик синдроми (нигоҳнинг вертикал фалажи, нистагм, қорачиқ фотореакцияси бузилиши), III нерв зарарланиш белгилари (птоз, ғилайлик, диплопия, мидриаз) билан намоён бўлади. Бу симптомлар дислокацион синдромнинг дастлабки белгиларидир. Кейинчалик алтернирлашган Вебер синдроми, кўрув нерви тракти зарарланиши, пўстлоғости ядролари ва гипертензион синдром каби бошқа белгилар ҳам қўшилади.
       Энса бўлаги ўсмаси. Энса бўлаги ўсмалари неврологик симптомлар энг кам учрайдиган ўсмалардан ҳисобланади. Бу соҳада ўсмалар жуда кам учрайди ва узоқ вақт кўрув агнозияси, квадрант гемианопсия, скотома, метаморфопсия, алексия ва кўрув галлюцинацияси (кўпинча, фотопсия) билан намоён бўлади. Бу бузилишларни махсус нейропсихологик ва офталмологик текширувларсиз аниқлаб бўлмайди. Эпилептик хуружлар жуда кам учрайди ва кўрув ауралари билан намоён бўлади.
       Ўсма бурчак пуштаси томон қараб ўса бошласа оптик-фазовий агнозия ривожланади. Оптик-фазовий агнозия энса бўлагининг иккала томонини эгаллаган ўсмада ҳам, қадоқсимон тананинг орқа қисмида жойлашган ўсмада ҳам кўп учрайди.  Энса бўлагининг пастки қисмидаги ўсма мияча ва мия устунини босиб қўяди ва бу тузилмалар ўрнидан силжийди, яъни дислокасион синдром шаклланади. Бунинг натижасида ликвор йўллари бекилиб, ИКГ ривожланади. Энса соҳаси ўсмасида ИКГ эрта шаклланади ва кўрув нерви диски тез димланади. Ўсма клиникасининг бу тарзда намоён бўлиши баъзида субтенториал ўсмалар, яъни мияча ўсмалари клиникасига ўхшаб кетади. Лекин мияча ўсмасида гемианопсия ва кўрув агнозияси кузатилмайди. Бундай пайтда МРТ текширувисиз ўсма локализациясини тўғри аниқлаш анча мушкул.
       Экстрапирамидал соҳа ўсмаси. Бу соҳа ўсмалари нисбатан кам учрайди. Бош миянинг оқ моддасида ўсувчи бу ўсмалар (асосан, глиомалар) экстрапирамидал тузилмаларни зарарлаб, стриопаллидар синдромни юзага келтиради.
        Паллидар ядролар зарарланса – паркинсонизм, стриар ядролар зарарланса – гиперкинетик синдром ривожланади. Паркинсонизм синдроми гипомимия, брадикинезия, олигокинезия, мускуллар тонусининг пластик тарзда ошиши, бош ва қўлларда тремор каби симптомлар билан намоён бўлади. Гиперкинетик синдром эса хорея, атетоз, миоклония, баъзида гемибаллизм ва гемитремор каби симптомлар билан кечади. Табиийки, бу симптомлар кучайиб борувчи хусусиятга эга. Бундай пайтда паркинсонизм ёки гиперкинезларни бартараф этишга оид дорилар ёрдам бермайди. Клиник ташхис қўйишда симптомларнинг бир томонлама пайдо бўлиши, яъни гемипаркинсонизм ёки гемигиперкинезлар типида юзага келишига эътибор қаратиш лозим.
       Экстрапирамидал соҳа ўсмасида капсуляр гемисиндром ҳам ривожланади. Бу синдром гемипарез, гемигипестезия ва гемианопсия (ёки гемиатаксия) билан намоён бўлади. Ўсма пешона бўлаги томон ўса бошласа – пешона зарарланиши учун хос бўлган, чакка бўлаги томон ўсса – чакка бўлаги зарарланиши учун хос симптомлар вужудга келади. Айниқса, мултиформ спонгиобластомалар инфилтратив тарзда тез ўсади, мия шиши, бўкиши ва перифокал шиш тез ривожланади. ИКГ ва дислокацион синдром ҳам тез шаклланади. Баъзида бехосдан қўшилган респиратор инфексиялар сабабли тана ҳарорати кескин кўтарилади, ўткир тарзда психик бузилишлар пайдо бўлади ва касаллик клиникаси худди пўстлоғости менингоэнцефалитига ўхшаб кечади. Бундай пайтда ўтказилган МРТ текшируви ташхисни тўла аниқлаш имконини беради.
        Таламус ўсмаси. Таламусдан алоҳида ўсувчи ўсмалар жуда кам учрайди. Таламус ўсмаси гемиалгия, гемигипестезия, гиперпатия, гемиатаксия, гемианопсия ва “таламик қўл” шаклланиши билан намоён бўлади. Бу симптомлар мажмуаси Дежерин-Русси синдроми деб аталади. Тананинг бир томонида кузатиладиган таламик оғриқлар жуда кучли бўлади. Аммо оғриқлар таламус зарарланиши учун патогномоник симптом эмас. Баъзида таламус ўсмаси оғриқсиз намоён бўлади, ҳатто гиперпатия кузатилмаслиги ҳам мумкин. Таламик оғриқлар, асосан, ўткир геморрагия ва яллиғланиш касалликларида кўп учрайди.
       Таламус ядролари стриопаллидар система билан жуда кўп йўллар орқали боғланганлиги учун таламус ўсмасида хореик ва атетоид гиперкинезлар, гипомимия ҳам ривожланади. Таламус психоэмоционал реакцияларни таъминлашда ҳам бевосита иштирок этади. Чунки таламус жуда кўп пўстлоқ марказлари ва лимбикоретикуляр система билан мустаҳкам алоқаларга эга. Шу боис таламус ўсмасида психоэмоционал бузилишлар кўп учрайди. Таламус хотира жараёнида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги учун ушбу соҳа ўсмаларида хотира бузилишлари кўп кузатилади.
      Таламусдан кўрув функцияси билан боғлиқ афферент йўллар ўтганлиги боис у зарарланганида кўрув галлюцинацияси ва оптик-фазовий агнозиялар вужудга келади. Таламус ўсмасида гемиатаксия баъзан шу қадар яққол намоён бўладики, у ҳатто мияча ўсмасида кузатиладиган атаксияга ўхшаб кетади. Бундай атаксияга псевдоцеребелляр атаксия дейилади. Бу типдаги атаксиянинг пайдо бўлиши миячани таламус билан боғлайдиган эфферент ва ички капсуланинг орқа сонидан ўтувчи булбо-таламо-кортикал йўллар зарарланиши билан боғлиқ. Ички капсуланинг орқа сони таламусга чегарадош жойлашган. Агарда таламус ўсмаси ички капсулага қараб ўсса, унинг орқа сонидан ўтувчи пирамидал йўллар зарарланиши ҳисобига гемипарез ривожланади.
       Қадоқсимон тана ўсмаси. Қадоқсимон тана – бош миянинг чап ва ўнг ярим шарларини бир-бири билан боғлаб турувчи комиссурал йўллардан иборат тузилма. Унинг олдинги қисми иккала пешона бўлагини, ўрта қисми тепа, орқа қисми чакка ва энса бўлакларини бири-бири билан боғлайди. Қадоқсимон тананинг олдинги қисми ўсмасида “пешона психикаси”ни эслатувчи психомотор бузилишлар кузатилади. Қадоқсимон тананинг орқа қисмидан ўсувчи ўсмада оптик-фазовий агнозия ривожланади.
        Мия қоринчалари ўсмаси. Ушбу соҳа ўсмаларида ИКГ тез ривожланганлиги учун дастлаб миянинг умумий симптомлари пайдо бўлади. Бу симптомлар, асосан, кучли ва зўрайиб борувчи бош оғриқлар, церебрал қусиш, бош айланиши, кўришнинг пасайиши билан намоён бўлади.
       Уларнинг ичида узоқ давом этувчи бош оғриқлар асосий ўрин касб этади. Айниқса, бош оғриқларнинг гоҳида хуружсимон бўлиб зўрайиб кетиши ва қайт қилишлар билан намоён бўлиши вентрикуляр ўсмалар учун жуда хос. Шунингдек, кўрув нерви диски димланиши ҳам эрта ривожланади. Кейинчалик умумий интоксикация ҳисобига руҳий бузилишлар вужудга келади.
       Мия қоринчаларининг бирламчи ва иккиламчи ўсмалари фарқланади. Бирламчи ўсмалар қоринчаларнинг хориоидал чигалларида ёки эпендимал қаватда ўсади, иккиламчи ўсмалар аввал мия паренхимасида пайдо бўлиб, кейинчалик мия қоринчалари ичига ўсиб киради. Булар, асосан, мултиформ глиобластомалардир.
Бирламчи ўсмалар узоқ вақт клиник симптомларсиз кечади ва жуда катта ҳажмга етади. Ўчоқли неврологик симптомлар бўлмаслиги ёки касаллик фақат бош оғриқ билан намоён бўлиши сабабли вентрикуляр ўсмалар узоқ вақт аниқланмай қолади. Бундай беморлар бош оғриқларни босиш учун, одатда, аналгетиклар ичиб юришади. Баъзи беморлар бош оғриқлар кучайиб қусиш ва кўриш пасайиши қўшилгандан сўнг врачга мурожаат қилишади. Умуман олганда, барча субьектив неврологик симптомлар ичида энг кўп учрайдигани ҳам бош оғриқ, врачга энг кам мурожаат қилувчилар ҳам бош оғриқдан азият чекувчи беморлардир. Чунки сурункали бош оғриқдан азият чекувчи беморлар буни одатий ҳол ёки чарчаш аломати деб врачга мурожат қилишмайди. Шу боис ўсма билан боғлиқ бош оғриқлар сабаби кеч аниқланади. Кўриш фаолияти пасая бошлаган бемор, албатта, окулистга мурожаат қилади. Кўрув нерви диски димланишини аниқлаган окулист беморни невропатолог кўригига юборади.
       Ликвор, асосан, ён қоринчаларнинг хориоидал чигалларида ишлаб чиқарилади. Соғлом одамда бир кунда 400 мл дан ортиқ ликвор ишлаб чиқарилади ва параллел тарзда реабсорбция бўлиб туради. Бу тўқималардан ўсувчи ўсмалар хориоидал чигалларни қўзғайди ва ликвор гиперсекрециясини юзага келтиради. Бунинг натижасида ИКГ тез ривожланади. Агарда ўсма ён қоринчани III қоринча билан боғловчи Монро тешиги ёнида ўсса, окклюзион гидроцефалия тез ривожланади. Ликвор гиперсекресияси ва унинг қайта сўрилиши бузилганлиги сабабли ён қоринча ўсмаларида гипертензион-гидроцефал синдром тез ривожланади. Мия қоринчалари, айниқса, ён қоринчалар жуда кенгайиб кетади.
       III қоринча ўсмаси. Бу соҳа ўсмаларида ҳам гипертензион-гидроцефал синдром, яъни окклюзион гидроцефалия эрта ривожланади. Бунинг асосий сабаби III қоринчанинг тепа-олдинги қисмида жойлашган ўсмада Монро тешиги, пастки-орқа қисмида жойлашган ўсмада Силвий сув йўлига кириш қисмининг бекилиб қолишидир. Бироқ ён қоринча ўсмаларидан фарқли ўлароқ, III қоринча ўсмаларида ўчоқли неврологик симптомлар эрта пайдо бўлади. Шунингдек, III қоринчанинг тубида жойлашган вегетатив марказлар қўзғалиши ёки зарарланиши ҳисобига пароксизмал диэнцефал синдромлар ҳам пайдо бўлади.
       Таламуснинг пастки қисмида жойлашган ўсмаларда гипоталамус зарарланиши ҳисобига организмда моддалар алмашинуви кескин бузилади. Гипоталамик соҳа зарарланиши барча вегетатив функцияларнинг чуқур бузилишлари билан кечади. Улар диэнцефал эпилептик хуружлар, патологик уйқучанлик, кардиоваскуляр, терморегуляция ва моддалар алмашинуви бузилишлари билан намоён бўлади.
Турк эгари соҳаси ўсмаси. Булар асосан гипофиз аденомаси ва краниофарингиомалар.
      Гипофиз аденомасининг асосий белгилари – битемпорал гемианопсия, кўрув нерви атрофияси ва турк эгари катталашуви. Ушбу симптомларни аниқлаган ҳар бир врач “Беморда гипофиз ўсмаси йўқмикан?” деган фикрга келади. Маълумки, гипофиз ўта муҳим нейроендокрин аъзо ҳисобланади. Гипофиз гормонлари организмда кечадиган барча метаболик жараёнларда бевосита иштирок этади.    Гипофиз ўсмалари унда ишлаб чиқариладиган гормонлар гиперсекрециясига сабабчи бўлади. Соматотроп гормон (СТГ) ортиқча ишлаб чиқарилса, акромегалия ривожланади. Акромегалияда беморнинг юзи, айниқса, бурни, пастки жағи, қўл панжалари катталашиб кетади. Адрено-кортикотроп гормон (АКТГ) гиперсекрецияси натижасида Кушинг синдроми ривожланади. Кушинг синдроми учун бесўнақай семириш, артериал гипертония, гипокалсиемия, остеопороз, жинсий заифлик каби белгилар хос. Пролактин гиперсекрецияси аёлларда лакторея ва аменореяга олиб келса, эркакларда гинекомастия ва эректил дисфункцияни келтириб чиқаради. Қайси гормон гиперсекрецияси рўй бериши ўсма гипофизнинг қайси қисмида ўсганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Демак, гипофиз ўсмасида барча гормонлар миқдори бир хил тарзда ошавермайди. Бу соҳа ўсмаларида бош оғриғи, ИКГ ва кўрув нерви диски димланиши кам учрайди ёки кузатилмайди.
       Гипофиз аденомасини оператив йўл билан олиб ташлаш осон. Бу мақсадда, асосан, транссфеноидал усул қўлланилади. Шунингдек, нур ва дори билан даволаш усуллари ҳам ўтказилади.
       Краниофарингиома ҳам турк эгари соҳаси ўсмалари сирасига киради. Бу ўсма туғма бўлиб, гипофизар соҳа эпителиал ҳужайраларининг эмбрионал қолдиқларидан ўсади. Краниофарингиома турк эгарига нисбатан 2 хил тарзда жойлашади: экстрацелляр, яъни турк эгаридан ташқарида ва интрацелляр, яъни турк эгари ичида. Краниофарингиома, асосан, болалик ва ўсмирлик даврида учрайдиган ўсмадир. Бу ўсмалар жуда секин ўсади ва кўпинча, кистага айланади. Кистага калсинатлар ҳам тўпланади.
      Касаллик клиникаси, асосан, битемпорал гемианопсия, кўришнинг пасайиши, адипозогенитал дистрофия ва бошқа гормонал бузилишлар, яъни гипотиреоз, қандсиз диабет, гипокортицизм, гипогонадизм, нанизм билан намоён бўлади. Ўсма секин ўсганлиги боис, бу симптомлар аста-секин шаклланади.





Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha