Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi СИМУЛТАН АГНОЗИЯ

СИМУЛТАН АГНОЗИЯ


Симультан агнозияда бемор нарсаларни бутунлигича эмас, балки уларнинг бўлагини, бир қисмини кўради, холос. Симультан агнозия Балинт синдроми деб ҳам аталади.
    Агар беморга айлана ичига чизилган квадрат кўрсатилса, бемор ё квадратни ёки айланани кўради, уларнинг иккаласини биргаликда кўрмайди. Бемор учун битта сўзни ўқиб, иккинчисига ўтиш ҳам қийин. Шунинг учун Балинт (1909) кўрув агнозиясининг бу турини «нигоҳнинг руҳий фалажи» деб атаган. Баъзи муаллифлар бу ҳолатни «окуломотор атаксия» деб ҳам аташади. Симультан агнозияни аниқлаш учун бемордан геометрик фигуралар билан ишлашни, матнни кўчириш ёки ёзишни талаб қилиб кўриш кифоя (1-расм, а, б, в).
    
1-расм (a, б, в). Симультан агнозияда геометрик фигуралар билан ишлаш ва хуснихатнинг бузилиши (А.Р. Лурия, 1973): a, б – бемордан геометрик фигуралар устидан худди шундай қилиб чизиб чиқиш сўралганда у бунинг уддасидан чиқмаган; в – ҳарфларни бир чизиқдан тўғри ёза олмаган.

Нима учун бемор иккита тасвирдан бирини кўради ёки битта тасвирнинг бир қисмини кўради, холос? Беморда кўз олмасининг тўла ҳаракати сақланса-да, у нарсаларни бус-бутунлигича қабул қила олмайди. Мутахассислар фикрича, бунинг сабаби нигоҳ бошқарилиши бузилиши билан боғлиқ. Беморнинг нигоҳи бошқарилмайдиган бўлиб қолади, унинг кўз олмаси беихтиёр ҳаракатлар қилаверади ва оқибатда кўз орқали обьектни излаш, унинг контурларини яратиш бузилади.
     
Симультан агнозия келиб чиқишининг сабаби бош мия пўстлоғида жойлашган кўрув ҳужайралари фаолиятининг пасайишидир, дейди тадқиқотчилар. Бу ҳужайралар фақат локал қўзғалишларгагина қобилиятли, деб тахмин қилинади.   Симультан агнозия энса-тепа бўлагининг икки томонлама зарарланишида учрайди.    Кўрув агнозияларини текшириш усуллари “Нейропсихологик албом” ёрдамида амалга оширилади.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz







Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha