Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ТИЛОСТИ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ

ТИЛОСТИ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ


Тилости нерви (n. hypoglossus) фақат ҳаракат толаларидан иборат бўлиб, тил мускулларини иннервация қилади. Тилости нерви ядроси қарама-қарши томондан бир томонлама кортикал иннервацияга эга. Унинг аксонлари кал­ла бўшлиғидан тилости канали (canalis hypoglossi) орқали ташқарига чиқади ва тил мускулларига боради. Тилости нерви ва унинг ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмида жойлашган барча патологик жараёнларда зарарланади. Булар – мия устуни инсульти, менингиома, шваннома, нейрофиброма, ён амиотрофик склероз, сирингобульбия ва энцефалитлар. Шунингдек, диф­терия, ботулизм ва бошқа патологияларда ҳам тилости нерви зарарланади. Унинг алоҳида невропатияси кам учрайди. Кўп ҳолларда XII нерв IX, X ва XI нервлар билан биргаликда зарарланади. Бундай пайтларда бульбар синдром ривожланади.

Нервнинг бир томонлама зарарланиши тилнинг ўша томонга оғиши, фибрилляр ва фасцикуляр тебранишлар ва тил ярмининг атрофияси билан намоён бўлади. Артикуляция бузилади, яъни дизартрия ривожланади. Бемор артикуляцияси қийин бўлган, дейлик, "орқаваротига қарамай кела қолдими?" каби жумлаларни айта олмайди. Шу каби артикуляцияси қийин бўлган сўзларни беморга гапиртириб, дизартрияни афазиядан фарқлаб олиш мумкин. Дизартрияда бемор худди оғзига ёнғоқ солган одамдек гапиради.

Тилости нерви ёнидан ўтувчи пирамидал йўллар ҳам зарарланса, алтернирлашган Жексон синдроми ривожланади. Бунда ўчоқ томонда тилости нервининг периферик фалажлиги, қарама-қарши томонда эса марказий гемипарез ривожланади. Бу нерв икки томонлама зарарланса, тил тўла фалажланиб қолади (glossoplegia) ва анатрия ривожланади. Бемор чайналган овқатни ҳам тили билан ҳаракатлантира олмайди.

Тилости нервининг периферик фалажлигини унинг марказий фалажлигидан фарқлаш лозим. Уни иннервация қилувчи кортиконуклеар йўллар зарарланса, тил қарама-қарши томонга оғади, атрофия кузатилмайди, фибрилляр тебранишлар бўлмайди.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha