Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi COVID-19 ДА НЕРВ СИСТЕМАСИНИНГ ЗАРАРЛАНИШИ

COVID-19 ДА НЕРВ СИСТЕМАСИНИНГ ЗАРАРЛАНИШИ


Қисқача тарихи. 2019-йили декабр ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида офталмолог Li Wenlian биринчи бўлиб тез тарқалувчи оғир респиратор касаллик ҳақида маълумот беради [13]. Кейинчалик хитойлик олимлар вирус юқиб оғир зотилжам ривожланган беморлардан аввал фанга номаълум бўлган янги вирусни чиқариб олишади [23]. Бу вирусга SARS-CoV-2 (оғир ўткир респиратор синдромни чақирувчи тожли вирус-2) деб ном беришади. 2020-йили 11 февралда ЖССТ ушбу вирусли инфекцияни COVID-19 деб номлайди [8]. COVID-19 (ингл. COronaVIrus Disease 2019) ўзбекчага 2019-йили юзага келган тожли вирус дегани.

COVID-19 барча давлатларга яшин тезликда тарқалиб 2020-йили март ойида Ўзбекистонга ҳам етиб келади. Бутун дунёда ковид пандемияси эълон қилинади, чегаралар ёпилади, транспорт қатновлари тўхтатилади, одамларнинг кўчага чиқиши қатъиян тақиқлаб қўйилади. Чунки пандемия талаблари шундай эди. Оғир кечувчи ўткир респиратор бузилишлар оқибатида одамлар уйда, тез тиббий ёрдам машинасида ва шифохоналарда ҳалок бўлиб бошлайди. Деярли барча давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ковид пандемияси олдида ўта ожиз бўлиб қолади. Шифохоналарда жойлар етишмаганлиги боис, зудлик билан йирик спорт мажмуалари, ҳарбий казармалар ва ҳаттоки футбол майдонларида беморлар учун йирик госпиталлар ташкил қилинади. Қисқа муддатли тайёрловлардан сўнг турли соҳа врачлари ковид билан касалланганларни даволашга жалб қилинади. Бироқ бу борада ҳеч кимда тажриба йўқ эди.

Бир неча ой ичида дунё бўйлаб ҳалок бўлганлар сони миллиондан ошиб кетади ва вируснинг турли штаммлари пайдо бўлиб унинг асоратлари ҳам авж олади. Охир-оқибат ковид нафақат чуқур тиббий, балки глобал миқёсдаги муаммога айланади. Давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар бошқа барча муаммоларни четга суриб, ўз диққат эътиборини ковид  масаласига қаратишади. Ковид билан касалланиш ва ўлим статистикасининг жаҳон ОАВ тинимсиз ёритилиши барча аҳоли қатламлари орасида тотал қўрқув, хавотир, ваҳима ва депрессия авж олишига сабабчи бўлади. Аҳолининг бошқа бир қатламларида эса, аксинча, апато-абулик синдром аломатлари пайдо бўлади ва улар пандемия талабларини бажармай қўяди.    SARS-CoV-2 тез юқувчанлиги, оғир кечиши, ўлим ҳолатлари юқорилиги ва аниқ даволаш дастури йўқлиги боис барча давлатлар аҳолисини саросимага солиб қўйди. COVID-19 дастлаб катта ёшдагиларда аниқланган бўлса, орадан кўп ўтмай эрта ёшдаги болалар ҳам касалланиб бошлашди. SARS-CoV-2 нафақат нафас олиш тизими, балки организмнинг барча аъзоларини зарарлаши билан ажралиб турди. Қисқа муддат ичида пандемия даражасига етиб организмнинг барча аъзо ва тўқималарини зарарлайдиган бундай вирус ва касаллик инсоният тарихида бўлмаган эди [8, 14]. 

COVID-19 экспериментал тиббиётдан тортиб клиник тиббиётнинг барча соҳа мутахассислари диққат-эътиборини ўзига жалб қилди. Образли қилиб айтганда, тиббиёт илм-фани буткул ковидни ўрганишга йўналтирилди. Фанга ковид билан боғлиқ янги атамалар кириб келди. Шулардан бири – нейроковид. Ковид сабабли нерв системаси зарарланиши умумлаштириб “нейроковид” деб номланди.    
  
    Таснифи. Турли соҳа мутахассислари COVID-19 билан боғлиқ касалликлар таснифини таклиф қилишмоқда. Бундай таснифларнинг аксарияти ҳали расман тасдиқланмаган ва клиник синовлар арафасида турибди. “Асаб ва руҳият” илмий-тиббий марказида 2020-2021-йиллари ковид ва унинг асоратлари билан мурожаат қилган беморларда нерв системаси зарарланишларини кузатишлар асносида проф. Ибодуллаев З.Р. қуйидаги таснифни илгари сураяпти [1].  
 
COVID-19 да нерв системаси зарарланиши таснифи (Ибодуллаев З.Р, 2021)*
I. Нейроковид кечиши бўйича:
  • - ўткир
  • - нимўткир
  • - сурункали
II. Нейроковид топографияси бўйича:
А. Периферик нерв системаси зарарланиши:
  • - спинал ва краниал илдизчалар
  • - нерв чигаллари 
  • - периферик нервлар
Б. Марказий нерв системаси зарарланиши:
  • - бош мия 
  • - орқа мия 
В. Қон томирлар зарарланиши
  • - церебрал 
  • - спинал 
  • - периферик
III.  Нейроковиднингнозологик турлари бўйича:
  • - моно- ва полиневропатиялар, шу жумладан краниал 
  • - Гийен-Барре синдроми
  • - Миллер-Фишер синдроми
  • - менингит
  • - менингоэнцефалит
  • - ўткир геморрагик энцефалит
  • - энцефалопатия
  • - энцефаломиелит
  • - миелит, миелопатия
  • - веноз синуслар тромбози
  • - ишемик инсульт
  • - геморрагик инсульт
  • - эпилепсия 
  • - паркинсонизм
  • - сурункали чарчаш синдроми
  • - бошқа синдром ва касалликлар
IV. Когнитив ва психоэмоционал бузилишлар 
  • - амнезия, афазия, агнозия, деменция
  • - апато-абулик синдром
  • - ўткир ва сурункали психозлар
  • - эйфория, дисфория
  • - депрессия
  • - хавотирли-фобик бузилишлар
  • - паник атакалар
  • - обсессив-компульсив бузилишлар
  • - бошқа бузилишлар
 
* – клиник кузатувлар давом этаяпти ва ушбу таснифга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
 
Этиологияси ва патогенези. SARS-CoV-2 вируси ҳаво-томчи ва контакт йўл орқали инсон организмига тушади. Шунингдек, ҳавода, айниқса ёпиқ жойларда ҳали муаллақ сақланиб турган  вируслар ҳам организмга тушиб касаллик чақиради. Тожли вируснинг бундай юқишини ҳаво-заррачалари орқали юқиш дейилади. Демак, тожли вирус 3 хил йўл орқали юқади. Тожли вирус оғиз-бурун бўшлиғи ва кўзлар шиллиқ қаватларининг эпителиал хужайраларига жойлашиб олади. Вирус хужайра мембранаси ва унинг рецептор аппаратини издан чиқаради, цитоплазма элементларини зарарлайди, РНК структурасини бузади [6]. Юқори нафас йўллари орқали организмга тушган SARS-CoV-2 вируси ҳидлов нерви рецепторларига ёпишиб олади ва уларнинг фаолиятини издан чиқаради. Демак, ковидда аносмия нафақат юқори нафас йўллари зарарланиши сабабли, балки ҳидлов нерви невропатияси туфайли ҳам ривожланади [10].  Шу боис ҳам аносмия ОРВИ белгилари ўтгач ҳам, бир неча ой сақланиб туради [5].

Маълумки, таъм билиш VII, IX, X нервлар орқали таъминланади. Уларнинг терминал шохчаларидаги таъм сезиш рецепторлари зарарланиши эса узоқ давом этувчи агевзияга олиб келади [20]. SARS-CoV-2 вируси кўзлар шиллиқ пардаларининг эпителиал хужайраларига тушгач, кўз тузилмалари бўйлаб тарқалади ва конъюктивит, кератит, увеит, хореоидит ривожланади [4, 18]. Патологик жараён бу билан тўхтаб қолмайди. Вирус репликацияси жадал давом этади, ретинал парда ва ганглиоз хужайралар аксонлари зарарланиб оптик невропатияга олиб келади [17, 18]. Тожли вирус бош мияга краниал, яъни I, II, V, VII, IX, X нервлар ҳамда васкуляр йўллар орқали ГЭБ ни енгиб ўтиб тушади. Шунингдек, bulbus olfactorius да тўпланган вирус бош мияга ғалвирсимон суяк орқали тушади деган тахминлар ҳам бор. Шунингдек, “цитокин бўрон” сабабли организмда рўй бераётган умумий яллиғланиш жараёнлари, сепсис, аутоиммун-аллергик реакциялар ва кучли интоксикация ҳам нерв системасини бевосита ва билвосита зарарлайди [9, 10, 21].   

Патоморфологияси. SARS-CoV-2 вируси МНС ва унинг қон томирларида турли даражада ифодаланган морфофунционал ўзгаришларни юзага келтиради [9, 10, 21.]. Цитотоксик ва периваскуляр шишлар, нейронлар некробиози, некротик ярачалар, васкулит ва васкулопатиялар, веноз стаз, артериялар ва веноз синуслар тромбози оғир неврологик бузилишлар сабабчисидир [15].  Бош мия ва орқа мияда кечаётган экссудатив-пролифератив реакциялар даражаси албатта касалликнинг ўткир, нимўткир ва сурункали даврларида турлича намоён бўлади. “Цитокин бўрон” кучли намоён бўлган пайтларда нафас олиш тизимининг издан чиқиши, умумий гипоксия, тарқалган коагулопатия, политромбоз ва пердиапедик геморрагиялар сабабли мия тўқималари атрофияси, некроз, демиелинизация, периваскуляр яллиғланиш инфильтратлари, лакунар инфаркт, геморрагик васкулит ривожланади [2, 11, 12, 15, 16].  

Нейроковиднинг клиник турлари

Постковид аносмия ва агевзия. Ковиднинг яққол клиник симптомлари бошланишидан анча олдин аносмия пайдо бўлиши, дастлаб барча ОРВИ ларга хос белги деб қаралди. Бироқ бошқа этиологияли ОРВИ ларда ҳид сезиш функцияси 7-10 кунларда қайта тикланса, COVID-19 сабабли ривожланган аносмия бир неча ойлаб сақланади. Демак турғун аносмиянинг асосий сабаби – SARS-CoV-2 вирусининг bulbus olfactorius да узоқ муддат сақланиши ёки унинг бевосита зарарланиши билан боғлиқ деб ҳисоблаш мумкин [5, 7, 19].  Ковиднинг асимптом кечиши бизга аён. Ковид инфекцияси ПЗР ва ИФА да тасдиқланса-да, умумий клиник симптомларсиз кечишини биламиз [1, 15, 21]. Аммо “симптомсиз” кечган ковидда деярли ҳар доим аносмия кузатилади. Демак, ҳидлов бузилишлари билан намоён бўлаётган симптом бор ва бундай беморларда инфекция организмнинг бошқа структураларига тарқалмаган. Айнан мана шундай “симптомсиз” кечган ковидда вакцинация ўтказилиши оқибатида Гийен-Барре ва ишемик инсульт ривожланган ҳолатларни кузатганмиз [1]. Демак, вакцина олиш учун мурожаат қилганларда ҳид билиш ва таъм сезиш йўқолган бўлса, ПЗР ва ИФА тестлари ўтказилиб ковид юққанлиги аниқланиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда организмда аутоиммун-аллергик реакциялар фаоллашиб нерв системасининг поствакцинацион зарарланишлари ривожланиши мумкин. Агевзия ковидда кўп учрайдиган симптомлардан бири. Агевзия юзага келиши албатта таъм сезиш учун масъул бўлган парасимпатик толаларнинг рецептор қисми, ганглиялар ва мия устунида жойлашган ядролар зарарланиши билан боғлиқ [19]. Постковид агевзия ҳам худди аносмия каби бир неча ойлар сақланиб туради [20].     

            Тригеминал невралгия. Ковидда тригеминал невралгия кучли даражада намоён бўлади. Кўп ҳолларда V нервнинг биринчи шохчаси зарарланиши кўп кузатилади. Бунинг оқибатида кўз-пешона соҳасида хуружсимон кечувчи ва санчувчи ўта кучли оғриқлар пайдо бўлади [1, 22]. Айниқса, тригеминал оғриқлар, параорбитал шишлар, конъюктивит ва кератитнинг биргаликда намоён бўлиши оғир ҳолатни юзага келтиради.
            SARS-CoV-2 вируси Гассер тугунида тўпланиб уни зарарлаши эса янада оғир неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Бунда оғриқлар юз соҳасининг ярмини эгаллаб олади, оғриқли тиклар пайдо бўлади, юз терисида вегетатив-трофик ўзгаришлар юзага келади, невралгияга симпаталгия ҳам қўшилади. Ушбу оғир ҳолат узоқ давом этади.

            Юз нерви невропатияси. Ковидда Белл фалажи ягона симптом сифатида кам учрайди. Бироқ тиззасимон тугун (gangl. geniculi) зарарланиши ҳисобига ёнма-ён ўтувчи мимик мускулларни иннервация қилувчи толалар ҳам зарарланади [22]. Хант синдроми номи билан юритиладиган ушбу касалликда санчувчи ва куйдирувчи оғриқлар қулоқ супрасининг олдинги қисми, ташқи эшитув йўли, қаттиқ танглай, юқори жағ соҳасида кузатилади. Жуда оғир кечади.

            Гийен-Барре синдроми. SARS-CoV-2 вируси периферик нервларда аутоиммун-аллергик реакцияларни бошлаб беради ва натижада Гийен-Барре синдроми ривожланади [2, 3]. Аксарият ҳолларда оёқларда бошланган периферик фалажлик, бир неча соатлар ичида қўлларга ўтади ва периферик тетрапарез ривожланади, диафрагмал нервлар зарарланиши ҳисобига ўлим ҳолатлари рўй беради [1].

            Хулоса

Адабиётлар шарҳи шуни кўрсатадики, COVID-19 инфекцияси марказий ва периферик нерв системасининг турли соҳаларини зарарлаши мумкин. Бунинг негизида SARS-CoV-2 вирусининг нерв тўқималарини бевосита зарарлаши, диффуз коагулопатия ва политромбоз, умумий интоксикация, гипоксик ишемия, аутоиммун-аллергик жараёнлар, демиелинизация ётади. Ковид инфекцияси аносмия, агевзия, тригеминал невралгия, инсомния каби моносимптомлар билан намоён бўлиши билан бир қаторда, оғир Гийен-Барре синдроми, геморрагик энцефаломиелит, каверноз синус тромбозлари, шемик ва геморрагик инсульт каби оғир неврологик касалликлар билан ҳам намоён бўлади.
 
Адабиётлар рўйхати
 
1.     Аsab kasalliklari. Darslik. 2-nashr., Z. Ibodullayev. – T: Zamin Nashr., 2021. – 959 b.
2.    Alberti P, Beretta S, Piatti M, et al. Guillain-Barré Syndrome Related to COVID-19 Infection. Neurol Neuroimmunol Neuroinflamm. 2020; 7 (4). 
3.    Camdessanche J.P, Morel J, Pozzetto B, et al., COVID-19 may induce Guillain-Barré syndrome. Rev Neurol (Paris). 2020. 176 (6): 516–518., 
4.     Cheema M, Aghazadeh H, Nazarali S, et al. Keratoconjunctivitis as the initial medical presentation of the novel coronavirus disease 2019 (COVID-19). Can J Ophthalmol. 2020; (20).
5.     Gane SB, Kelly C, Hopkins C. Isolated sudden onset anosmia in COVID-19 infection. A novel syndrome? Rhinology. 2020;58(3):299–301.
6.    Hoffmann M., Kleine-Weber H., Schroeder S. et al. SARS-CoV-2 Cell Entry Depends on ACE2 and TMPRSS2 and Is Blocked by a Clinically Proven Protease Inhibitor. // Cell. 2020. Vol. 16. N. 181 P. 271-280.
7.     Hopkins C, Surda P, Kumar N. Presentation of new onset anosmia during the COVID-19 pandemic. Rhinology. 2020;58(3):295–298. 
8.    Lai C.C., Shin T.P., Ko W.C. et al., Severe acute respiratory syndrome coronavirus 2 (SARS-CoV-2) and coronavirus disease-2019 (COVID-10): the epidemic and the challenges // Int. J. Antimicrob. Agents 2020. Vol. 55, N 3. P. 105-113.
9.     Li X, Geng M, Peng Y et al, Molecular immu ne pathogenesis and diagnosis of COVID-19 // J. Pharmaceut. Analysis. 2020. Vol. 10. P. 102-108.
10.  Montalvan V., Lee J., Bueso T. et al., Neurological manifestations of COVID-19 and other coronavirus infections: A systematic review // Clin Neurol Neurosurg. 2020 Vol. 194. P. 105921. 
11. Novi G, Rossi T, Pedemonte E, et al., Acute disseminated encephalomyelitis after SARS-CoV-2 infection. Neurol Neuroimmunol Neuroinflamm. 2020;  7(5). 
12. Parsons T, Banks S, Bae C, et al., COVID-19-associated Acute Disseminated Encephalomyelitis (ADEM). J Neurol. 2020., 1–4., 
13. Petersen E., Hui D., Hamer D.H. et al. Li Wenliang, a face to the frontline healthcare worker.   The first doctor to notify the emergence of the SARS-CoV-2 (COVID-19), outbreak // Int. J. Infect. Dis. 2020. Vol. 93. P. 205-207.
14.  Petrosillo N., Viceconte G., Ergonul O. et al., COVID-19, SARS and MERS: are they closely related? // Clin. Microbiol. Infect. 2020. Vol. 26. P. 729-734. 
15. Reichard R.R, Kashani K.B, Boire N.A, et al., europathology of COVID-19: a spectrum of vascular and acute disseminated encephalomyelitis (ADEM)-like pathology. Acta Neuropathol. 2020;140 (1):1–6., 
16.  Riva N, Russo T, Falzone YM, et al., Post-infectious Guillain-Barré syndrome related to SARS-CoV-2 infection: a case report. J Neurol. 2020.1–3. 
17.  Salducci M, La Torre G. COVID-19 emergency in the cruise’s ship: a case report of conjunctivitis. Clin Ter. 2020;171(3).
18.  Scalinci SZ, Trovato Battagliola E. Conjunctivitis can be the only presenting sign and symptom of COVID-19. IDCases. 2020.
19.  Vaira LA, Deiana G, Fois AG, et al. Objective evaluation of anosmia and ageusia in COVID-19 patients: Single-center experience on 72 cases. Head Neck. 2020; 42(6):1252–1258.  
20.  Vaira LA, Salzano G, Deiana G, De Riu G. Anosmia and ageusia: common findings in COVID-19 patients. Laryngoscope. 2020;130 (7):1787. 
21.  Wang L., Shen Y., Li M. et al. Clinical manifestations and evidence of neurological involvement in 2019 novel coronavirus SARS-CoV-2: a systematic review and meta-analysis // J. Neurol. 2020. Vol. 267. N 10. P. 2777-2789.
22.  Wee LE, Chan YF, Teo NW, et al. The role of self-reported olfactory and gustatory dysfunction as a screening criterion for suspected COVID-19. Eur Arch Otorhinolaryngol. 2020;1–2
23. Wu F., Zhao S., Yu B. et al. A new coronavirus associated with human respiratory disease in China  // Nature 2020. Vol. 579. P. 265-269. 
 
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha