Янгиликлар » Янгиликлар » Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ – 50 ЁШДА

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ – 50 ЁШДА


Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ – 50 ЁШДА

Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев 50 ёшни қаршилади. Биз олимни ушбу юбилей таваллуди билан қутлаймиз.

З.Р. Ибодуллаев 1965 йили 19 январда Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида ўқитувчи оиласида таваллуд топган. У 1982 йили Тошкент Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Зарифбой Ражабович институтда ўқиб юрган давридаёқ неврология фанига меҳр қўяди ва талабалар илмий жамиятида фаол иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллайди. Ушбу институтни 1988 йили “Даволаш иши” йўналиши бўйича тугатиб академик Наби Мажидов тавсиясига кўра ТошДавТИ асаб касалликлари кафедрасида қолдирилади. 1989 йили ушбу кафедранинг ўқув-илмий лабораториясига мудир этиб тайинланади. 1991 йили 2-Тошкент Давлат тиббиёт институтининг асаб касалликлари кафедрасига ассистент лавозимига ишга қабул қилинади. З.Р. Ибодуллаев 1994 йили проф. М.М. Асадуллаев илмий раҳбарлигида “Клинико-нейрофизиологические особенности доинсультных форм цереброваскулярных заболеваний при инсулиннезависимом сахарном диабете” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Ёш олим 1995 йили асаб касалликлари кафедрасининг доценти лавозимига ишга қабул қилинади. 1997-2000 йиллари янги ташкил этилган “Тиббиёт психологияси” курсига мудир этиб тайинланади. Бу даврда у тиббиёт психологияси бўйича ўқув-услубий қўлланмалар, дастурлар ва дарслик яратишга киришади. Олимнинг ташаббуси билан талабаларга “Психоанализ таълимоти” ва “Психосоматик синдромлар” мавзулари ўқув дастурига киритилади. У бир қанча психологик тестларни ўзбек тилига ўгириб чоп қилдиради. З.Р. Ибодуллаев муаллифлигида 2008 йили тайёрланган “Тиббиёт психологияси” дарслиги “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринига сазовор бўлади ва 3 маротаба нашрдан чиқади.

З.Р. Ибодуллаев 2005 йили «Межполушарная функциональная асимметрия и нейропсихологические синдромы при церебральных инсультах, пути их коррекций» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Унинг докторлик диссертациясида илгари сурган 2 та йирик концепцияси, яъни амбидекстларда инсульт модели ва миянинг психологик ҳимоя концепцияси хорижлик олимларда катта қизиқиш уйғотади.

2006 йили проф. З.Р. Ибодуллаев Тошкент тиббиёт акдемиясининг илмий бўлими бошлиғи этиб тайинланади. Унинг ташаббуси билан илмий бўлимда бир қатор янги лойиҳалар ишлаб чиқилади ва тадбиқ этилади. Хусусан, кафедралар илмий салоҳиятини баҳолашнинг янги миқдорий шкаласи ҳамда иқтидорли талабаларни танлаб олишнинг 3 босқичли тизими ишлаб чиқилади. З.Ибодуллаев томонидан таклиф қилинган ушбу лойиҳалар 2006 йили Олий таълимни ривожлантириш марказида қўллаб-қувватланади ва бошқа олий таълим муассасаларига тадбиқ этилади.

Проф. З.Р. Ибодуллаев 100 дан ошиқ илмий асарлар муаллимфи. Унинг илмий раҳбарлигида неврология, нейропсихология ва тиббий психология йўналишлари бўйича диссертация ишлари тайёрланган ва тайёрланмоқда. З.Р. Ибодуллаев муаллифлигида “Асаб касалликлари” дарслиги ва врачлар учун “Инсульт ва кома” қўлланмаси нашрдан чиқди. З.Р. Ибодуллаев Республикамизда “Тиббиёт психологияси” ни ўқитиш бўйича салмоқли ишларни қилиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида ушбу фанни ўқитиш концепцияси ишлаб чиқилди ва Давлат таълим стандарти тузилди. З.Р. Ибодуллаевнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги меҳнатлари муносиб тақдирланиб 2014 йили “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” унвонига сазовор бўлди.

З.Р. Ибодуллаев моҳир педагог ва амалиётчи олим. Проф. З.Р. Ибодуллаев “Неврология” ҳамда “Психология” журналлари таҳририяти аъзоси ҳамдир. Ҳозирда олим Асаб касалликлари кафедраси профессори ва “Тиббий психология” бўйича магистратура директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда. З.Р. Ибодуллаев 3 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Биз унга соғлиқ-саломатлик ва келажакдаги ишларига омадлар тилаймиз.

Тошкент тиббиёт академияси
асаб касалликлари кафедраси жамоаси,
“Неврология” журнали таҳририяти



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив