Янгиликлар » Янгиликлар » ЎҚИТУВЧИ ПСИХОЛОГИЯСИ

ЎҚИТУВЧИ ПСИХОЛОГИЯСИ


 

М.Г.Давлетшин, п.ф.д., профессор

Ўқитувчи психологияси 

режа: 

  1. Жамиятда Ўқитувчининг тутган ўрни ва вазифалари.
  2. Ўқитувчига куйиладиган талаблар.
  3. Ўқитувчининг касбга ҳос хислатлари.
  4. Педагогик қобилиятлар.
  5. Ўқитувчининг ўз малакасини ошириб боришининг муаммолари.

Ҳозирги замон Ўқитувчиларига қўйиладиган талаблар 

Ўқитувчининг ўрни ва унинг вазифалари ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ишига жамият ва жамоатчилик томонидан эътибор қаратилишининг нақадар муҳим аҳамиятга эгалиги аниқланади. Мамлакатимизда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»ни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида Ўқитувчининг ёш авлодга таълим ва тарбия беришида жамият олдида жавобгарлиги янада ортиб бораверади.

Ҳозирги шароитда жамиятнинг мактаб олдига қўяётган талаблари кун сайин ортиб бормоқда ва бу талабларни амалда тўғри ҳал қилиш вазифаси Ўқитувчига боғлиқдир.

Замонавий мактаб Ўқитувчиси қатор вазифаларни бажаради. Ўқитувчи – синфдаги Ўқув жараёни ташкилотчисидир. Ўқитувчи Ўқувчилар учун дарс пайтида, қўшимча дарсларда ва шу билан бирга дарсдан ташқари ҳолларда ҳам керакли маслаҳатлар беришда билимлар манбаидан биридир. Кўпчилик Ўқитувчилар синф раҳбари вазифасини бажариб, тарбия жараёни ташкилотчилари бўлиб ҳисобланадилар.

Замонавий Ўқитувчи ижтимоий психолог бўлмаслиги мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Ўқувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни йўлга сола олиши, болалар жамоасида ижтимоий-психологик механизмлардан фойдаланишни билиши зарурдир.

Ўқитувчи мактабнинг педагог жамоа аъзоси сифатида мактаб ҳаёти фаолиятини уюштиришда бевосита иштирок этиб, турли фан Ўқитувчилари ва синф раҳбарларининг методик бирлашмаларида ишлайди, топшириқларни бажаради. Ҳар бир Ўқитувчи Ўқувчиларнинг ота-оанлари ва жамоатчилик олдида маърузалар Ўқиб, суҳбатлар олиб борар экан, демак, у педагогик билимлар тағриботчиси ҳамдир. Вазифаларнинг шу қадар кўплиги учун ҳам жамиятнинг Ўқитувчилар олдига қуядиган талаблари тушунарлидир.

Маълумки, педагогик фаолият – киши меҳнатининг энг мураккаб соҳаларидан биридир.

Жамият томонидан қўйиладиган талаблардан энг муҳими Ўқитувчининг шахси ва унинг касби билан боғлиқ хислатларига қаратилган.

Ўқитувчининг энг муҳим ҳислатлари қуйидагилардан иборат:

-Ўқитувчининг ўз Ватанига содиқлиги, болаларни севиш, уларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш истаги, ўз юрти, она тили, ўз халқининг тарихи ва унинг маданиятини севиши, давлатининг мустақиллиги ғоясида яшашидан иборатдир;

-ижтимоий жавобгарликни юксак даражада ҳис этиши;

-олижаноблиги, ақли, фаросати, маънавий поклиги маънавият ва маърифат бўйича юксак мақсадларни болаларга сингдириб бориши;

-ўзини қўлга ола билиши, сабр-тоқатли, бардам, матонатлилигидир.

Жамиятнинг Ўқитувчи олдига қўядиган асосий талаблари қуйидагилардир:

-шахсни маънавий ва маърифий томонидан тарбиялашнинг, миллий уйғониш мафкурасининг ҳамда умуминсоний бойликларнинг моҳиятини билиши, болаларни мустақиллик, ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаши, ўз Ватани табиатга ва оиласига бўлган муҳаббати;

-кенг билимга эга бўлиши, турли билимлардан хабардор бўлиши;

-ёш педагогик психология, ижтимоий психология ва педагогика, ёш физиологияси ҳамда мактаб гигиенасидан чуқур билимларга эга бўлиши;

-ўзи дарс берадиган фан бўйича мустаҳкам билимга эга бўлиб, ўз касби, соҳаси бўйича жаҳон фанида эришилган янги ютуқ ва камчиликлардан хабардор бўлиши;

-таълим ва тарбия методикасини эгаллаши;

-ўз ишига ижодий ёндашиши;

-болаларни билиши, уларнинг ички дунёсини тушуна олиши;

-педагогик техника (мантиқ, нутқ, таълимининг ифодали воситалари) ва педагогик тактга эга бўлиши;

-ўз билими ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириб бориши.

Ҳар бир Ўқитувчи ана шу талабларга тўла жавоб бера оладиган бўлишига интилиши шарт.

Ўқитувчи жамият томонидан қуйилган талаблар билан бир қаторда ўз фаолиятида теварак-атрофидаги кишилар мактаб маъмурияти, ҳамкасблари, Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ундан нималарни кутишини ҳам эсдан чиқармаслиги лозим.

Ўқитувчининг ўз ишидан ниманидир кутаётганлигининг ўзиёқ муҳим аҳамиятга эгадир, мана шу тариқа кутишлар, гарчан жамият томонидан Ўқитувчига қуйладиган талабларга келсада, ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Лекин бу талаблар ҳамма вақт ҳам бир-бирига мос келмаслиги мумкин. Психологлар томонидан олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича халқ таълими бўлимлари ва мактаб директорлари Ўқитувчининг айрим хислатлари нақадар муҳимлигини ҳар хил баҳолайдилар. Жумладан, халқ таълими бўлимларининг мудирлари Ўқитувчидан биринчи навбатда ўз фанини яхши билишини ва дарс бериш методикасини мукаммал ўзлаштиришни талаб қилсалар, мактаб директорлари Ўқитувчига қўйиладиган бундай талабаларни учинчи ўринга қўядилар. Шу билан бирга халқ таълими бўлимларининг мудирлари Ўқитувчиларнинг Ўқувчилар ва ота-оналар, мактаб жамоаси билан қандай мулоқотда бўлишни билишини нақадар аҳамиятга эга эканлигига унчалик эътибор бермайдилар, мактаб директори эса бундай хислатларни Ўқитувчи шахсига қуйиладиган талаблар ичида биринчи ўринга қуядилар.

Ота-оналар Ўқитувчидан унинг иш стажи ва ёши қандай бўлишидан қатъий назар, фарзандларини тарбиялаш ва Ўқитиш маҳоратини кутадилар. Ўқувчилар эса Ўқитувчиларни уч хил хислатлари бўйича характерлаб берадилар. Жумладан, биринчидан Ўқитувчининг одамгарчилиги, адолатлилиги, соф виждонлилиги, болаларни яхши кўриш хислатлари; иккинчидан – Ўқитувчининг сезгирлиги, талабчанлиги билан боғлиқ ташқи хислатлари ва хулқ-атворига қараб; учинчидан, Ўқитувчининг ўз фанини билиши, уни тушунтира билиши каби таълим жараёни билан боғлиқ хислатларига қараб характерлаб берадилар.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, тарбия жараёнининг самарадорлигини оширишга қўйиладиган талаблар билан бирга Ўқитувчи шахси ва унинг фаолиятига нисбатан қўйиладиган ижтимоий талаблар ҳам ўсиб бормоқда.

Ўқитувчига жамият томонидан қўйиладиган талаблар, турли хилда ижтимоий кутишлар, педагогнинг индивидуаллиги, унинг, шу тариқа талабларга жавоб беришга субъектив тайёрлиги муайян Ўқитувчининг педагогик фаолиятига нақадар тайёрлигидан далолат беради.

Шуниси муҳимки, замонавий Ўқитувчи учун зарур бўлган шахсий хислатларни батафсил кўриб чиқиш керак. Бу қандай хислатлар экан?

Кўпчилик психологлар, шу билан бирга ўзбекистонлик психолог олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар замонавий Ўқитувчилар учун энг зарур хислатларни аниқлаб олиш имкониятини беради. Россия психологларидан Н.В.Кузьмина, В.Сластенин, Ф.Н.Гоноболин, ўзбекистонлик психологлардан Р.З.Гайнутдинов, М.Г.Давлетшин, С.Жалилова, А.Жабборов, М.Капланова ва бошқалар томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотлар Ўқитувчилик касбини атрофлича ўрганиб, анча батафсил кўрсатиб бериш имкониятини яратади. Бунда гап Ўқитувчилик касбининг профессиограмма (маълум тизимга келтирилган, меҳнат психологик томонидан ўрганишга ва ундан келгуси амалий фаолиятда фойдаланишга қаратилган қисқа ва ҳар томонлама батафсил кўрсатиб берилган ҳужжатга) профессиограмма дейилади. Профессиограмма психологик нуқтаи назардан ишлаб чиқариш фаолияти характеристика (аниқ бирорта касб бўйича келгуси амалий ишлар учун зарур бўган мазмундаги барча томонларини ўз ичига олиши керак)си устида боради.

Ўқитувчи профессиограммаси муайян фан томонидан Ўқитувчига қўйиладиган махсус талабларни ўз ичига қамраб олиши лозим. Бўлажак Ўқитувчи у ёки бу хилдаги фан томонидан қандай талаблар қўйилишини билиш ва шу асосида Ўқув-тарбия жараёнини ташкил қилиш учун педагогика олий Ўқув юртларида муайян мутахассислик бўйича Ўқитувчи профессиограммаси ишлаб чиқилиши зарурдир.

Бизнинг раҳбарлигимизда психологик тадқиқот ишларини олиб борган М.Абдуллажонова, Е.Гладкова, А.Машкуров, Т.Ҳамроқулов, Э.Хидиров ва бошқаларнинг илмий изланишлари ўзбек тили ва адабиёти, ўзбек мактабларида рус тили ва адабиёти, математика, жисмоний тарбия Ўқитувчилари ва мактабгача тарбия муассасаларининг тарбиячилари каби қатор мутахассисликлар бўйича Ўқитувчи профессиограммасининг таҳминий моделини (намунасини) аниқлаб олиш имкониятини берди.

Ҳар бир мутахассислик бўйича Ўқитувчининг иқтисослашган характеристикасини назарда тутган профессиограммаси тузилади. Жумладан, мактабнинг Ўқитувчи-мураббийси профессиограммасини мисол қилиб келтирамиз. Профессиограммада муҳим хислатларидан борган сари бирмунча ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда Ўқитувчининг қуйидаги хислатлари кўрсатиб бериши лозим.

1) Ўқитувчининг шахсий хислатлари:

-болаларни яхши кўриш, уларни севиш;

-амалий-психологик ақл-фаросатлик;

-меҳнатсеварлик;

-жамоат ишларида фаоллик;

-меҳрибонлик;

-камтарлик;

-одамийлик, дилкашлик;

-уддабуронлик, мустаҳкам характерга эга бўлиш;

-ўз билимини оширишга интилиш.

2) Касбига хос билими:

-таълим ва тарбия жараёни моҳияти билан унинг мақсад ва вазифаларини тушуниши;

-психология асослари, ёш психологияси ва педагогик психология асосларини билиши;

-этнопсихологик билимларни эгаллаш;

-ҳозирги замон педагогикаси асосларини билиши;

-ҳозирги замон педагогикасининг методологик асосларини эгалланганлиги;

-мактаб ёшида болаларнинг психологик-педагогик хусусиятларини тушуниши;

-ўз фанини Ўқитиш методикасини билиши;

-Ўқувчиларга тарбиявий таъсир этишнинг самарадорлигини билиши;

-ота-оналар ва жамоатчилик билан олиб бориладиган тарбиявий ишларнинг мазмунини билиши.

3) Ўз касбига хос хислатлари:

-миллий қайта қуриш мафкураси билан мустақил давлат мафкурасини тушуниши;

-замонавий мактабда олиб бориладиган Ўқув-тарбия жараёнида умуминсоний бойликлар, миллий анъаналар ва урф-одатларнинг аҳамиятини тушуниши;

-Ўқитувчининг кузатувчанлиги;

-ўз диққат-эътиборини тақсимлай олиши;

-педагогик фантазия (хаёл)нинг ривожланиши;

-ўзига танқидий муносабатда бўлиши;

-ўзини қўлга ола билиши, ўзини тута олиши;

-педагогик такт;

-нутқнинг эмоционал ифодаланиши.

4) Шахсий – педагогик уддабуронлиги:

-дарс машғулотлари учун зарур материалларни танлай билиши;

-Ўқувчиларнинг билиш фаолиятини бошқара олиши;

-таълим ва тарбия жараёнида Ўқувчилар онгининг тараққий этиб боришини истиқболли равишда режалаштира олиши;

-педагогик вазифаларни шакллантириш ва тарбиявий ишларни режалаштиришни билиши;

-болалар жамоасига раҳбарлик қилишда ўз фаолиятини режалаштиришни билиши;

-Ўқув мақсадларини режалаштира олиши;

-ўзининг таълим-тарбия ишларига тайёрланиш тизимини режалаштира олиши.

5) Ташкилотчилик малакалари:

-болалар жамоасини уюштира билиши;

-турли шароитларда болалар жамоасини бошқара олиши;

-болаларни бирор нарсага қизиқтириб, уларни фаоллаштира олиши;

-амалий масалаларни ҳал этишда ўзининг билим ва тажрибаларини усталик билан тез қўллай олиши.

6) Коммуникатив малакалари:

-болаларни ўзига жалб этишни билиши;

-болалар ва ота-оналар билан мақсадга мувофиқ педагогик муносабатларни тиклашни билиши;

-болаларнинг жамоалараро ва жамоа ичида ўзаро муносабатларни тартибга солишни билиши;

-болалар ва ота-оналар билан ташқаридан алоқа боғлашни билиши.

7) Гностик малакалари:

-болаларнинг асаб-психик тараққиёти даражасини аниқлай билиши;

-ўзининг тажрибаси ва педагогик фаолияти натижаларини танқидий таҳлил қила олиши;

-бошқа Ўқитувчиларнинг тажрибаларини ўрганиб, ундан (назарий ва амалий томондан) тўғри хулоса чиқара олиши;

-психологик ва педагогик адабиётлардан фойдаланишни билиши;

-Ўқувчиларнинг тўғри тушуниб, уларнинг хулқ-атвори сабабларини тушунтиришни билиши.

8) Ижодий хислатлари:

-педагогик маҳоратини такомиллаштиришга интилиши;

-Ўқувчиларни тарбиялаш дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш қобилияти;

-ўзини Ўқувчи ўрнига қўйиб, бўлиб ўан ҳодисаларга унинг назари билан қарай олиши;

-аваллги воқеалар, ҳодисалар ва тарбияланувчи шахсига янгича қарай олиш қобилияти;

-ўзининг Ўқувчига педагогик таъсир натижаларини олдиндан кўра билишга интилиши.

Шундай қилиб, кўрсатиб ўтилган моделнинг асосий тузилиши тариқасида қуйидагилар келтирилади;

-шахснинг жамоатчилик ва касбий йўналиши;

-педагогик маҳорат ва қобилияти;

-характерининг психологик хусусиятлари;

-билиш фаолияти;

-Ўқитувчи шахсининг болаларни касбга тайёрлаш ишлари даражасидаги умумий тараққиёти.

Профессиограмма ёшларга ўзларининг келгусида Ўқитувчилик касбини тўғри ва онгли равишда танлаб олишларига ёрдам беради.

Профессиограммани касбга хос равишда Ўқитишни ташкил қилишда таълимнинг самарадорлиги ва унинг муваффақияти қандай билим ва кўникмаларга, айниқса, шахснинг қандай қобилият ва шахсий хислатларига боғлиқ эканлигини албатта кўрсатиш зарурдир.

Мана шу профессиограммага асосан бўлажак мутахассис – Ўқитувчиларнинг сифат жиҳатидан ўз касбига нақадар тайёрлиги ҳақида бир фикрга келишимиз мумкин.

Тайёрланган Ўқитувчи шахсининг юқоридаги ана шу талабларга мос келиш ёки келмаслиги олий педагогика мактабларининг қандай Ўқитувчи тайёргарлигини кўрсатиб беради.

Педагогик касб, маълумки, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Педагогик фаолиятдан ютуқларга фақат шу касбга қизиққан, шу фаолият билан шуғулланишга мойил, оқибат натижада эса педагогик қобилиятга эга бўлган кишиларгина эриша олади.

Қобилият – бу, кишининг бирор фаолиятга яроқлилиги ва шу фаолиятни муваффақиятли амалга оширишидир.

Педагогик қобилият – бу қобилият турларидан бири бўлиб, кишининг педагогик фаолиятга яроқлилигини ва шу фаолият билан муваффақиятли шуғуллана олишини аниқлаб беради. Педагогик қобилиятнинг тузилиши қандай? Қуйида бу масалани кўриб чиқамиз.

Узоқ йиллар олиб борилган тадқиқотлар, педагогик қобилиятлар мураккаб ва кўпқиррали психологик билимлардан иборатлилигини кўрсатиб берди. Ана шу тадқиқот маълумотларидан фойдаланиб, педагогик қобилиятлар тузилишида муҳим ўрин эгаллайдиган қатор компонентлар (таркибий қисмлар)ни ажратиб кўрсатиш мумкин:

1.Дидактик қобилиятлар – бу болаларга Ўқув материалларни аниқ ва равшан тушунтириб, осон қилиб етказиб бериш, болаларда фанга қизиқиш уйғотиб, уларда мустақил фаол фикрлашни уйғота оладиган қобилиятлардир.

Дидактик қобилиятларга эга бўлган Ўқитувчи зарурат туғилганда қийин Ўқув материалини осонроқ, мураккаброғини соддароқ, тушуниш қийин бўлганини тушунарлироқ қилиб Ўқувчиларга мослаштириб бера олади. Ўқитувчининг мана шу хислатларини билиб олган Ўқувчилар одатда: «Ўқитувчининг энг муҳим томони ҳам унинг ҳамма нарсани аниқ,  равшан ва тушунарли қилиб беришида-да. Бундай Ўқитувчининг қўлида мазза қилиб Ўқигинг келади»; «Униси эса ҳеч нарсага ярамайдиган Ўқитувчи, ҳеч ҳам аниқ тушунтириб бера олмас эди»; «Ўқув материалини олдида тирик одамлар эмас, балки қандайдир механизмлар бордек, зерикарли ва ноаниқ – мужмал қилиб тушунтиради. Биз бундай Ўқитувчиларни ёқтирмаймиз» – дейдилар.

Ҳозирги тушунчамиздаги касбий маҳорат шунчаки билимларни осонроқ ҳаммабоп ва тушунарли қилиб Ўқувчилар онгига етказиб бериш қобилиятинигина эмас, балки, шу билан бирга Ўқувчиларнинг мустақил ишларини, уларнинг билиш фаоллигини оқилона ва моҳирлик билан бошқариб, уларни керакли томонга йўналтириб туришдан иборат қобилиятни ҳам ўз ичига олади.

Мана шу қобилиятлар асосида Ўқувчилар психологиясига хос доимий установка (йўналтириш) ётади. Қобилиятли педагог Ўқувчиларнинг тайёрлик даражасини, уларнинг тараққиёт даражасини ҳисобга олган ҳолда болаларнинг нимани билиши ва нимани билмаслигини, нималарни аллақачон эсдан чиқарганликларини тасаввур қила олади.

Кўпчилик Ўқитувчиларга, айниқса хафсаласиз Ўқитувчиларга, Ўқув материали оддийгина ва ҳеч қандай алоҳида тушунтириш ҳамда изоҳ беришни талаб қилмайдигандек туюлади.

Бундай Ўқитувчилар Ўқувчиларни эмас, балки биринчи галда ўзларини назарда тутиб иш олиб борадилар. Шунинг учун ҳам Ўқув материалини ўзига қараб танлайдилар. Қобилиятли, тажрибали Ўқитувчилар эса ўзларини Ўқувчи ўрнига қўйиб, катталар учун аниқ, равшан ва тушунарли бўлган материал Ўқувчилар учун ноаниқ ва тушунарсиз бўлиши мумкин деган нуқтаи назарда бўладилар. Шунинг учун ҳам бундай Ўқитувчилар материалнинг характери ва уни баён этиш усулларини алоҳида ўйлаб кўриб режалаштирадилар. Материални баён этиш жараёнида қобилиятли Ўқитувчи учун Ўқувчиларнинг қандай тушунаётганликлари ва зарур бўлганда дарс баёнотига алоҳида эътибор беришга интилаётганликлари каби қатор белгиларига қараб тўғри тасаввур қилиб, хулоса чиқара олади.

Ана шундай педагогик қобилиятни аниқлаш учун психолог Н.Гоноболин жуда қулай тест тавсия этади. Бу тестга кўра билиш характеридаги матнда Ўқитувчининг фикри айрим синф Ўқувчилари учун қийин деб ҳисобланган қисмларни алоҳида кўрсатиб, нима учун бу қисмларнинг қийинлигини тушунтириб бериш, шундан сўнг эса матнни Ўқувчиларга енгил ва уларнинг ўзлаштиришлари учун қулай қилиб тузиш тавсия этилади.

Қобилиятли Ўқитувчи шу билан бир қаторда материални ўзлаштириш, Ўқувчиларга бир оз нафас олиб ўзларига келиб олишлари ва ўз диққат-эътиборларини бир жойга қўйиб, айрим қўзғалишларни «сўндириб», бошқаларни эса жадаллаштириб, уларнинг бўшашганлигини, сустлигини ва лоқайдлигини енгишлари учун замин тайёрлаш зарурлигини ҳам назарда тутади. Бундай Ўқитувчи зарур шароит яратилмагунча дарсни бошламайди. Ҳаддан ташқари шиддат билан бошланган дарс Ўқувчиларда ҳимоя қилувчи тормозланишнинг вужудга келтириб, мия фаолияти тормозланади ва Ўқитувчининг сўзлари етарлича идрок қилинмайди.

2.Академик қобилиятлар – математика, физика, биология, она тили, адабиёт, тарих ва бошқа шу каби фанлар соҳасига хос қобилиятлардир.

Қобилиятли Ўқитувчи ўз фанини фақат ҳажмидагина эмас, балки атрофлича кенг, чуқур билиб, бу соҳада эришилган ютуқлар ва кашфиётларни доимий равишда кузата бориб, Ўқув материалини мутлоқо эркин эгаллаб, унга катта қизиқиш билан қарайди ҳамда озгина бўлсада тадқиқлт ишларини олиб боради.

Кўпчилик тажрибали педагогларнинг айтишларича, Ўқитувчи ўз фани бўйича бундай юксак билим савиясига эришиш, бошқаларни қойил қилиб ҳайратда қолдириш, Ўқувчиларда катта қизиқиш уйғота олиш учун у юксак маданиятли, ҳар томонлама мазмунли, кенг эрудицияли (билимдон) одам бўлмоғи лозим.

Бундай Ўқитувчилар ҳақида Ўқувчилар: «Маҳмуд ака худди профессорнинг ўзгинаси-я. Биз унинг билмаган бирорта соҳаси бормикин деб тез-тез ўйлаб турамиз. Дарсларга у бутун вужуди билан киришиб кетади» дейдилар. Баъзан Ўқувчилар ўз Ўқитувчиси ҳақида «Бақир-чақир қилади-ю, аммо заррача билими йЎқ» деб бутунлай тескарисини айтсалар, жуда алам қилади.

3.Перцептив қобилиятлар – бу Ўқувчининг, тарбияланувчининг ички дунёсига кира билиш, психологик кузатувчанлик, Ўқувчи шахсининг вақтинчалик психик ҳолатлари билан боғлиқ нозик томонларини тушуна билишдан иборат қобилиятдир.

Қобилиятли Ўқитувчи болаларнинг ҳар қандай майда-чуйда хатти-ҳаракатларида, ёрқин ифодаланадиган айрим ташқи холатларида ҳамда уларнинг ички дунёсида юзага келадиган ўзгаршларни сездирмасдан билиб олади. Ана шундай ҳолларда Ўқувчилар: «Муҳаббат опа кимнингдир кайфиятида ўзгаришлар бўлса ёки кимдир дарсга тайёрламасдан келган бўлса кўзига қарабоқ билиб олади», «Бизнинг Ўқитувчимиз ҳеч қаёққа қарамаса ҳам, ҳамма нарсани кўриб туради» дейдилар.

4.Нутқ қобилияти – кишининг ўз туйғу-ҳисларини нутқ ёрдамида, шу билан бирга мимика ва пантомимика ёрдамида аниқ ва равшан қилиб ифодалаб бериш қобилиятидир. Бу Ўқитувчидан Ўқувчиларга узатиладиган ахборот асосан иккинчи сигнал тизими – нутқ орқали берилади. Бунда мазмун жиҳатидан унинг ички ва ташқи хусусиятлари назарда тутилади. («Биз учун адабиёт Ўқитувчимиз – Назира опанинг дарсини эшитишдан катта лаззат йЎқ. Назира опамлар шу қадар яхши ва чиройлик қилиб гапирадиларки, ҳатто танаффусга чалинадиган қўнғироқ ҳам ҳалақит беради»).

Дарсда қобилиятли Ўқитувчининг нутқи ҳамма вақт Ўқувчиларга қаратилган бўлади. Ўқитувчи янги материални тушунтирадими, Ўқувчилар жавобини шарҳлаб берадими, Ўқувчилар жавобини, уларнинг хатти ҳаракатлари ёки хулқ атворини маъқуллайдими ёки танбеҳ берадими, хуллас нима қилишидан қаътий назар нутқи ҳамма вақт ўзининг ишончлилиги, жозибадорлиги каби ички қувват билан алоҳида ажралиб туриши лозим. Ўқитувчи нутқи, унинг талаффузи аниқ равшан, оддий ва Ўқувчилар учун тушунарли бўиши керак. Бериладиган ахборотлар шундай тузилиши керакки, бунда Ўқувчиларнинг фикру зикри ва диққат эътиборини юқори даражада фаоллаштирадиган бўлсин. Бунинг учун эса Ўқитувчи ўртага савол ташлаб, аста секинлик билан Ўқувчиларни тўғри жавобга олиб келади, Ўқувчиларнинг диққат эътиборини фаоллаштирувчи («Бунда айниқса зийрак бўлинг!», «Ўйлаб, яна ўйлаб кўринг!») каби сўз ва ибораларни ўз меъёрида ишлатади.

Ўқитувчи узун жумлаларни, мураккаб оғзаки изоҳларни, қийин атамаларни ва зарурати бўлмаса, турли таърифларни ишлатмаслиги лозим. Шу билан бирга Ўқитувчи шуни ҳам ҳисобга олиши керакки, Ўқитувчининг лўнда-лўнда бўлиб чиққан қисқа нутқи кўп ҳолларда Ўқувчиларга тушунарсиз бўлиб қолар экан. Ўқитувчининг ўз ўрнида ишлатиладиган ҳазил аралаш ва хайрихоҳлик билдирувчи арзимаган кинояли нутқи Ўқувчиларни жуда жонлантириб, Ўқувчилар томонидан ўта яхши қабул қилинар экан.

Қобилиятли Ўқитувчининг нутқи жонли, образли, аниқ-равшан интонацияли ва ифодали, эмоцияга бой, дона-дона бўлиб, бунда стилистик ва грамматик хатолар мутлақо бўмаслиги лозим. Бир хил оҳангдаги эзма нутқ Ўқувчиларни жуда тез толиқтириб, уларни зериктиради ва беҳафсала қилиб қўяди. Бу билан бирга бундай нутқ И.П.Павловнинг физиологик таълимотига кўра, доимий таъсир этувчан қўзғовчига айланиб, бош мия катта ярим шарлари пўстида тормозланиш жараёнини юзага келтириб, Ўқувчини эзма ва уйқучан қилиб қўяди. Нутқ тезлиги кўп жиҳатдан Ўқитувчининг индивидуал психологик хусусиятига боғлиқ. Айрим Ўқитувчилар тез гапирсалар, бошқалари секин гапирадилар. Аммо Ўқитувчи Ўқувчиларнинг билимларини эгаллаб олишлари учун энг қулай тезликдаги нутқ – ўртача жонли нутқ эканлигини эсдан чиқармаслиги лозим.

Шошқалоқ нутқ билим ўзлаштиришга ҳалақит бериб, болаларни тез толиқтиради ва муҳофаза қилувчи тормозланишни юзага келтиради. Ўта секин нутқ ланжлик ва зерикишга олиб келади. Нутқнинг баландлиги – қаттиқ гапириш ҳам ҳудди шу сингари ҳолларга олиб келади. Ҳаддан ташқари қаттиқ, кескин, бақириб гапириш Ўқувчиларнинг асабига тегиб, уларни тез толиқтириб муҳофаза қилувчи тормозланишини юзага келтиради. Мана шу ерда шарқ мутафаккирларидан Носриддин Тусийнинг «… Ўқитувчи нутқи ҳеч қачон ва ҳеч қаерда заҳархандали, қўпол ёки қаттиқ бўиши мумкин эмас. Дарс пайтида Ўқитувчининг ўзини тута олмаслиги ишни бузиши мумкин…» деган насиҳатини келтиришимиз жуда ўринли бўларди. Ўқитувчининг бўш, паст овози ёмон эшитилади. Нутқи, имо-ишоралар, турли кескин ҳаракатлар Ўқувчиларни жонлантиради. Бу тариқа имо-ишоралар ва ҳаракатлар тажрибали Ўқитувчиларда ўз меъёрида ишлатилади. Лекин бир хилдаги тинимсиз ҳаракатларнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши кишининг асабига тегади.

5.Ташкилотчилик қобилияти – бу биринчидан, Ўқувчилар жамоасини уюштира билиш, бунда жамоани жипслаштира олиш ва иккинчидан, ўзининг шахсий ишини тўғри ташкил қила олиш қобилиятидир. Ўқувчилар ўз Ўқитувчилари ҳақида турлича фикрда бўладилар. Жумладан айрим Ўқувчилар: «…Биз Азим акани жуда яхши кўрамиз. Улар синфимизда бир вақтнинг ичида, жуда тезлик билан ишчанлик кайфиятини уюштириб, барчамизнинг ўзининг пухталиги, озодалиги эпчиллиги ва тадбиркорлиги билан ҳайратда қолдирадилар» десалар, айрим Ўқувчилар: «Собир акамлар бизнинг ихлосимизни қайтариб, хафсаламизни бир пул қиладилар. Улар кўп ишга уринадилару, аммо бирортасини ҳам охирига етказмайди…» дейдилар. Баъзан айрим Ўқувчиларнинг ўз Ўқитувчиси ҳақида: «…Нодира опамлар биз билан худди она товуқдек овора бўладилар. Агар биз шўхлик қила бошласак, улар ўзларини кўрмасликка, пайқамасликка солардилар. Ажойиб аёл эди-ю, аммо унинг дарсида ҳеч ким ҳеч нарса қилмас эди-да…» деган фикрларни ҳам эшитиш мумкин.

Ўқитувчининг ўз ишини ташкил қила билиш деганда унинг ўз ишини тўғри режалаштириб, уни назорат қила олиши назарда тутилади. Тажрибали Ўқитувчиларда вақтга нисбатан ўзига хос сезувчанлик – ишни вақт бўйича тўғри тақсимлаб, мўлжалланган вақтдан тўғри фойдалана олиш кўникмаси пайдо бўлади. Дарс давомида, албатта, кўп ҳолларда вақтни беҳуда йЎқотиш ҳам мумкин. Лекин бу йЎқолган дарс режасини тузатиш зарурияти тузилган ҳоларда бўлиши мумкин. Тажрибали Ўқитувчилар вақтни сеза билишни ўрганиш учун дарс режасини ёки матнда вақтни назорат қилиш учун белгилар олиб боришни тавсия этадилар. Жумладан: дарснинг 10, 20, 30 ва бошқа дақиқалари давомида мабодо кўзда тутилмаган вақт ортиб қолган тақдирда фойдаланиш учун қандай қўшимча материалларн тайёрлаш ёки вақт етмай қолган тақдирда қандай материални кейинги дарсга қолдириш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берадилар.

6.Авторитар қобилияти – бу Ўқувчиларга бевосита эмоционал – иродавий таъсир этиб, уларда обрў орттира билишдан иборат қобилиятдир. (Гарчан Ўқитувчининг ўз фанини мукаммал билиши, сезгирли ва хушмуомалалиги асосида қозонилади).

Авторитар қобилият Ўқитувчининг ростгўйлиги, иродавий уддабуронлиги, ўзини тута билиши, фаросатлилиги, талабчанлиги каби иродавий хислатлари ҳамда қатор шахсий хислатларга, шу билан бирга Ўқувчиларни таълим тарбиясида жавобгарликни ҳис этиш, унинг эътиқоди, ўкувчиларга маънавий ва маърифий эътиқодни сингдира олганлигига ишончи каби хислатларга ҳам боғлиқдир.

Ўқувчилар (айниқса ўғил болалар, ўспиринлар – буни алоҳида таъкидлаб ўтиши керак) талаб қилишни биладиган, Ўқувчиларни мажбур қилмаган ва дЎқ пўписа қилмаган, шу билан бирга беҳуда расмиятчиликка йўл қўймаган ҳолда ўз айтганини қилдира оладиган Ўқитувчиларни жуда ҳурмат қиладилар. Шу мунлосабат билан Ўқувчиларнинг Ўқитувчилар ҳақида айрим фикрларини мисол қилиб келтирамиз:

«Унинг ажойиб ҳислати бор – у хеч қандай зарда ва бақириқ, чақириқсиз ишлай олади»; «Биз уни жиддийлиги, вазминлиги ва талабчанлиги учун жуда яхши кўрамиз. У ҳамма вақт шунчаки мулойимгина сипогина талаб қилади, аммо унинг талаби шу қадар таъсирчанки, унга қулоқ солмаслик мумкин эмас»; «Бизнинг математика Ўқитувчимиз ҳамма вақт ювош, осойишта, ўзини тутган ва шу билан бир қаторда бутун синфга ажойиб таъсир эта олади»; «Кимё Ўқитувчимизнинг обрўсига эътибор этмай кўрингчи, у ҳар қандай шароитда ҳам ўз айтганига эришади»; «Ниғмат ака бизга устунлик билан таъсир этади. У ҳадеб талаб қилавермайди агар талаб қиладиган бўсалар унда бўйин товлаб бўлмайди», ёки Ўқувчиларнинг ў Ўқитувчилари ҳақидаги мана бундай фикрлари: «Полвон ака мактабимиздан кетганига биз хурсанд бўлдик. У бизни дЎқ пўписа, бақириқ-қичқириқ, буйруқбозлик билан қўлга оламан деб ўйларди-ю, аммо бизни бардош беришгагина мажбур этарди, холос».

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг мактаб таълими жараёнида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида жуда ачиниб айтган фикрларини келтириш ўринли бўлур эди: «Мабодо бирор Ўқувчи Ўқитувчига эътироз билдирса, эртага у ҳеч ким ҳавас қилмайдиган аҳволга тушиб қолади. Мактаблардаги жараёнда Ўқитувчи ҳукумрон. У боладан фақат ўзи тушунтираётган нарсани тушуниб олишни талаб қилади, принцип ҳам тайёр: «менинг айтганим – айтган, деганим – деган».

Шу билан бир қаторда Ўқувчилар Ўқитувчининг бўшлиги, ландавурлиги, лақмалиги, соддаларча ишонувчанлиги, сусткашлиги ортиқча риёгарчилиги, иродасизлиги каби хислатларни баралла қоралайдилар: «яхши одаму, лекин ўта бўш: уни алдаб кетиш ҳеч гап эмас»; «Тушуниб бўмайди: бирда жуда қаттиққўл, талабчан, баъзан ҳеч қандай талаб деган нарса йЎқ»; «Жуда бўшанг, ланж: уни кўришинг билан уйқинг келади»…

7.Коммуникатив қобилияти – бу болалар билан мулоқотда бўлишга, Ўқувчиларга ёндашиш учун тўғри йўл топа билишга, улар билан педагогик нуқтаи-назардан мақсадга мувофиқ ўзаро алоқа боғлашга педагогик тактнинг мавжудлигига қаратилган қобилиятдир.

Педагогик такт психологиясини ўрганишда психолог И.В.Страхов бениҳоят катта ҳисса қўшган. Унинг фикрича бунда муҳими – Ўқувчиларга таъсир этишнинг энг қулай усулларини топа билиш, тарбиявий таъсирни қўллашда мақсадга мувофиқ педагогик чораларга эътибор бериш, аниқ педагогик вазифаларни ҳисобга олиш, Ўқувчи шахсининг психологик хусусиятлари ва унинг имкониятлари ҳамда мазкур педагогик ҳолатларини ҳисобга олиш зарурдир.

Педагогик тактнинг яққол ифодаларидан бири – ҳар қандай педагогик таъсирга нисбатан қўлланиладиган чора-тадбирларни (рағбатлантириш, жазолаш, панд-насиҳат) ҳис эта билишдан иборатдир. Фаросатли Ўқитувчи болаларга эътибор бериб зийраклик билан қарайди, уларнинг индивидуал психологик хусусиятлари билан ҳисоблашади. «У биз билан ҳайрон қоларли даражада ажойиб яқин дўстларча яқин муносабатда бўлади»; «Бизнинг тарих Ўқитувчимизнинг кучли томони – ҳар кимга қандай ёндошишини билар эди»; «Энг ёмони – Ўқитувчининг Ўқувчилар олдида хушомадгўйлик қилишидир. Бизнинг зоология Ўқитувчимиз Фарида опамлар шундайлардан эди: улар нимаики қилиб бўлса-да, у болаларни ўзига қаратиш учун хушомадгўйлик қиларди! Нега улар ўзларини шунчалик камситиб ерга уради? деб ўйлар эдим. Ахир улар ўз фанини яхши билардику»; «Иброхим ака эса, қарабсанки, ҳеч нарсадан – ҳеч нарса йЎқ, киши дилига озор берар, тушириб қолар ёки беҳудага уришиб, койиб берар эди».

Педагогик тактнинг йЎқлиги кўпинча оғир оқибатларга олиб келади. Тошкент мактабларидан бирида она тили ва адабиёт Ўқитувчиси Ўқувчиларга жуда кўп талабларни қўйгану, аммо ҳеч қандай изчилик билмаган: бир вазифа бериб туриб, шу заҳотиёқ бошқа талабларни қўя бошлаган. Арзимаган хатолар, тартиб бузишлар рўй берса, шу заҳотиёқ мазмунан ва шакл жиҳатидан ўта қўпол ва алам қиладиган кескин гапларни қилиб, «2» қўярди. Масалан, дафтарнинг четида қолдирилган жойнинг хатолиги ёки интизом бузганлик каби ва арзимаган нарсалар учун ёпишгани-ёпишган эди. Ўқитувчининг бу ҳатти ҳаракатлари учун Ўқувчиларда дард, алам тўлиб тошганди. Кўп ўтмай Ўқувчиларнинг норозилиги ва қатъий эътирози очиқдан-очиқ намойишкорона билдирилиб, Ўқитувчига қулоқ солмайдиган, атайлаб интизом бузадиган ва Ўқитувчини кескин танқид қиладиган бўлиб қолдилар. Бундай ачинарли аҳвол фақат ана ўша Ўқитувчи мактабдан кетгандан кейингина тузатилди.

Ўқитувчининг педагогик такти масаласи муносабати билан шуни ҳам айтиш жойизки, қачон Ўқувчилар Ўқитувчининг ижобий хислатлари тўғрисида гапирар эканлар, улар ҳамиша Ўқитувчининг адолатлилиги каби хислатларини биринчи ўринга қўядилар.

«Кўп ҳолларда ноҳақ иш қиладилар – бирор масалани яхшилаб текшириб кўрмасдан иш тутадилар». Ўқитувчининг  бундай хислатига Ўқувчилар нечукдир ачинишли талабчанлик муносабатида бўладилар. Ўқитувчининг адолатсизлиги ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу тўғрида ҳар қайсимиз мактаб амалиётидан қандайдир тасаввурга эгамиз.

8.Педагогик ҳаёл – бу кишининг Ўқувчилар шахсини тарбиявий томондан лойиҳалаштиришда ўз иш-ҳаракатларининг натижасини олдиндан кўра билишда намоён бўладиган қобилиятдир. Бу қобилият Ўқитувчи маълум Ўқувчидан келгусида ким чиқишини кўз олдига келтиришда, тарбияланувчиларда у ёки бу хилдаги хислатларни ўсиб ривожланиши олдиндан кўра билишида намоён бўлади. Бу қобилият педагогик оптимизм, тарбиянинг кучига, Ўқувчиларга бўлган ишонч билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Ўқувчилар айрим Ўқитувчилар тўғрисида: «Аҳмад акамлар, чамаси ичимиздаги энг ярамасларга ҳам ишончларини йЎқотмасдилар, шунинг учун ҳам биз уларни ҳурмат қилардик» деган фикрларни изҳор қиладилар.

9.Диққатни тақсимлай олиш қобилияти – бу қобилият бир вақтнинг ўзида диққатни бир қанча фаолиятга қарата олишда намоён бўлиб, Ўқитувчи ишида ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Қобилиятли, тажрибали Ўқитувчи ўзининг диққат-эътборини Ўқув материалини қандай баён этилишига, унинг мазмунига, ўз фикрларини атрофлича қилиб қандай очиб беришга ёки Ўқувчи фикрига баралла қаратади ва шу билан бирга бир вақтнинг ўзида барча Ўқувчиларни кузатиб, уларни толиққан-толиқмаганлигига, эътиборли ёки эътиборсизлигига, дарсни тушуниш-тушунмаслигига аҳамият бериб, Ўқувчиларнинг интизомини кузатади ҳамда оқибат натижада ўзининг шахсий хулқ-атворига (юриш-туришига, ўзини тутишига, мимика ва понтамимикасига) эътибор беради. Тажрибасиз Ўқитувчи, кўпинча Ўқув материалини баён этишга берилиб кетиб, Ўқувчиларнинг нима қилаётганликларини сезмай қолади ва назоратдан чиқариб қўяди, агар, бордию, Ўқувчиларни диққат эътибор билан кузатишга ҳаракат қилса, бундай ҳолларда ўз баёнотининг изчиллигини йЎқотиб қўяди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қобилиятлардан ташқари, Ўқитувчи инсон шахсининг мақсад сари интилиши, уддабуронлик, меҳнатсеварлик, камтарлик каби қатор ижобий хислатларига эга бўлиши лозим.

У Ўқувчиларни тарбиялар экан, ўзининг хулқ-атвори, юриш-туриши, хуллас, бутун Ўқитувчилик шахси билан Ўқувчиларга ўрнак бўлиши керак.

Ўқитувчининг ўзини қўлга ола билиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Хулоса қилиб, шуни айтиш жойизки, Ўқитувининг барча ижобий, умуминсоний ахлоқ меъёрларига мос келувчи хислатлари катта аҳамиятга эга. Агар биз қуйидаги хислатларини олиб қарайдиган бўлсак, буларнинг барчаси ҳам ўта муҳим омиллардир. Жумладан, Ўқитувчининг ташқи қиёфаси унинг обрўси шаклланишига таъсир этади. Ўқитувчининг озодалиги, ихчамлиги, унинг покизалиги, саришта-сарамжонлиги, сипогарчилиги, унинг қилиқлари, ўзининг чиройлик тутиши, қадди-қомати ва юриш-туришлари Ўқувчиларда жуда яхши таассурот қолдиради. Жумладан, Ўқувчиларнинг «Фарида опани нечук яхши кўрмайсан, улар ҳар доим шу қадар хушчақчақ, озода, саришта-саранжомлар-ку!?» ёки «Ноила опа мактабда эмас, балки театрда ишлаб, томоша кўрсатиши керак – чунки уларнинг турқи-қиёфаси, юриш-туриши ясама, сохта» деган фикрларни олишимиз мумкин.

Муҳим давлат вазифасини – «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури»ни амалга ошираётган замонавий мактаб Ўқитувчисининг хислатлари, унинг ижодий фаолияти ХХI асрда шаклланиб, асосан амалий ишда, педагогик тажрибаларни эгаллаш жараёнида ўсиб-ривожлана боради.

Ҳозирги жамиятимизда Ўқитувчининг мустақил равишда билимларни эгаллаб, ўз малакасини ошириб бориши – бир томондан Ўқитувчилик фаолиятининг борган сари нақадар муваффақиятли бораётганлигини кўрсатса, иккинчи томондан муҳим вазифа эканлигидан далолат беради – чунки бу кечиктириб бўлмас жараён шахсни интеллектуал қашшоқликдан қутқариб қолади

Психологик нуқтаи назардан Ўқитувчи доимий равишда ўз билимларини ошириш билан шуғулланиши зарурдир. Чунки Ўқитувчилик меҳнатининг асосий хусусияти ҳам шудир. Педагог ҳамма вақт одамлар орасида бўларкан, у биринчидан, одамларни кўпдан бери қизиқтириб келаётган ҳақиқатни ўз қарашлари бўйича тўғри тушунтириб бериши лозим. Албатта, Ўқитувчидаги бу тариқа қарашлар кўп йиллар давомидаги меҳнат ва ҳаёт фаолияти жараёнида шаклланади; иккинчидан, Ўқитувчининг ўзи ахборотлар олиш учун Ўқувчиларга нисбатан чекланган вақт имкониятига эга: учинчидан, у ўта тор доирадаги тенгқурлари билангина мулоқотда бўлиш имкониятига эга бўлиб, кўпинча ўз касбига хос қизиқишлар билангина чекланиб қолади.

Ўқитувчининг мустақил билим эгаллаши деганда унинг ўз билимларини доимий равишда касбий ва умуммаданий ахборотлар билан тўлдириб, ўзининг индивидуал ижтимоий тажрибасини кенг миқиёсда доимо янгилаб бориши тушунилади.

Одатда аксарият Ўқитувчилар мустақил билим эгаллаш зарурлигини тушунган ҳолда, ундан муваффақиятли фойдаланадилар.

Бунинг мотивлари одатда педагогик фаолият жараёнида Ўқитувчи олдида юзага келадиган муаммоларни англаб олиш натижасида шаклланади. Кўп ҳолларда бундай мотивлар Ўқитувчиларни қандай Ўқитиб ва қандай тарбиялаш керак деган хоҳиш-истаклар тариқасида, фаннинг охирги ютуқлари, ўзининг педагогик маҳоратини такомиллаштириш эҳтиёжи туғилиши муносабати билан шакллана боради.

Шу билан бирга яққол кўзга ташланиб турган айрим ҳоллардан кўз юма олмаймиз. Масалан Ўқитувчилар оммасининг маълум қисми мустақил изланишда бўлиб, ўз билим савиясини ошириш билан фаол шуғулланмайди, малакасини оширишга интилмайди, баъзилар муайян билимлар соҳасида тараққиётдан бутунлай ортда қолмоқдалар. Бундай Ўқитувчилар ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбия тараққиётига жиддий зарар келтирадилар.

Бу муаммони ҳал этишда асосий вазифа малака ошириш тизими зиммасига тушади. Республикамизда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш институтларининг тармоқлари жорий этилган. Булар вилоятлардаги халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш институтлари, Тошкент халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш инстиути ва Авлоний номидаги халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш Марказий институтидир.

Халқ таълимидаги бу тизимнинг асосий вазифаси доимий равишда Ўқитувчи кадрларнинг малакасини ошириш, Ўқитувчи кадрларни ўзларининг касбига хос билим савиясини, кўникма, малакаларини, маънавият ва маърифатини, шу билан бир қаторда иқтисодий экологик ва ҳуқуқий маълумотни оширишга даъват этувчи ижтимоий психологик соҳаларни ривожлантириб боришдан иборатдир.

Ўқитувчининг мустақил билим эгаллаши ва малакасини ошириш педагогик фаолиятнинг самарадорлигини оширишда зарурий шартлардандир.

Шарқ мутафаккирлари Ўқитувчи ўзи Ўқиб турсагина – Ўқитувчи бўла олади, агар у Ўқишни тўхтатиб қўяр экан, унда Ўқитувчилик ҳам ўлади, деб жуда ҳаққоний айтганлар.

Бу ҳақиқатни ёши қанча бўлишидан, педагогик маҳоратидан, қандай дарс беришидан қатъий назар барча Ўқитувчилар яхшилаб билиб олишлари лозим.

Такрорлаш учун саволлар:

  1. Жамиятда Ўқитувчининг тутган ўрни ва вазифаларини ёритиб беринг.
  2. Замонавий Ўқитувчига қўйиладиган талабларни эслатинг.
  3. Ўқитувчи ва Ўқувчилар орасидаги ўзаро муносабатларини асослаб беринг.
  4. Ўқитувчининг педагогик қобилиятлари ҳақида тушунча беринг.
  5. Ўқитувчининг ўз малакасини ошириб боришнинг психологик муаммоларига изоҳ беринг.



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив