Янгиликлар » Янгиликлар » «Эъзозланган меҳнат» интервью

«Эъзозланган меҳнат» интервью


Тошкент тиббиёт академияси тарихида яна бир қувончли кун! Чунки профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб касалликлари” дарслиги тиббиёт йўналишида тайёрлаб танловга берилган барча дарсликлар ичида “Йилнинг энг яхши дарслиги” деб тан олинди ва муаллиф 1 даражали диплом билан тақдирланди. Шу муносабат билан биз совриндор билан суҳбат уюштирдик.

Зарифбой Ражабович 2008 йили яратилган “Тиббиёт психологияси” дарслиги ҳам йилнинг энг яхши дарслиги совринига сазовор бўлиб 1-ўринни эгаллади. Бу дарслик 3 маротаба нашрдан чиққан бўлса-да, ҳозирда уни топиш қийин. Бу китоб қўлма-қўл бўлиб кетган. Бунинг сири нимада?

Жавоб: Китобга бўлган меҳрда. Бу меҳрни менга ва ака-укаларимга отам сингдирганлар. Отам китобни жуда яхши кўрганлар. Бизнинг уйимиздаги китоблар сони 2 та мактаб кутубхонаси китоблари сонидан ҳам кўп бўлган. Масалан, “Шарқ юлдузи” ва “Фан ва турмуш”, “Гулхан” журналларини бутун оила бўлиб ўқирдик. “Калила ва Димна” асари менга ёд бўлиб кетган. Уни қайта-қайта ўқирдим ва ҳеч тўймасдим. Айниқса Ўткир Ҳошимов ва Одил Ёқубов романларини севиб мутоала қилардим. Мактабда ўқиб юрган пайтимда “Мен ҳам шунақа китоблар ёзсам, ҳамма севиб ўқиса” деб орзу қилардим.

 Нима учун биринчи ёзган китобингиз тиббиёт психологиясига оид. Сизни баъзилар психолог дейишса, бошқа бировлар невролог дейишади. Қайси фан Сизга кўпроқ яқин психологиями ёки неврология?

Жавоб. Мен мия бўйича мутахассисман. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Қандоқ қилиб асаб ва руҳиятни бир-биридан ажратиб ўрганиш мумкин. Ахир унисигаям, бунисигаям мия жавобгарку? Буюк мутафаккир Ибн Сино ҳам “Барча руҳий кучларнинг манбаи мияда” деб хитоб қилган. Яна бир ҳақиқатга эътибор қилинг. Буюк француз олими Жан Мартен Шарқони жахон неврологияси отаси дейишади. У неврология бўйича биринчи дарслик муаллифи, биринчи кафедрани ҳам у очган. Жуда кўп оғир неврологик касалликларни ўзи ўрганиб белгиларини ёзиб қолдирган. Мен Шаркони – неврологиянинг Ибн Синоси деб атаган бўлур эдим. Бу инсон барча Европа қиролларининг шахсий врачи бўлган. Неврология қироли деб ном чиқарган Шарко гипноз ва психотерапияга жуда ўч бўлган. Ўша пайтлари психотерапевт ва гипнозчи деб ном чиқарган. Зигмунд Фрейдни ҳамма психоаналитик дейишади. Аслида у невропатолог бўлган. Нейроанатомияни мукаммал билган Бенедикт неврологик касалликларни гипноз билан даволаган. Рус неврологияси асосчиларидан бири В.М. Бехтерев жуда кучли психотерапевт ва гипнозчи бўлган. Ҳар бир неврологга ёд бўлиб кетган Оппенгейм ўзининг бир кунини ҳам психологиясиз тасаввур қила олмаган. Энди даволашдан умид йўқ деган беморларни психотерапевтик йўл билан оёққа турғазиб юборган. Буюк нейропсихолог А.Р. Лурия жуда кучли невролог бўлган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳар қандай оддий невропатологдан сўранг, нерв системасининг бирор-бир касаллиги руҳият бузилишисиз намоён бўлмайди. Агар юқорида мен тилга олган неврологлар психологияга эътибор қилишмаганида, бу қадар юксак чўққиларга эришмаган бўлур эди. Демак ҳар бир невролог психологияни мукаммал билиши керак. Менинг назаримда докторлар дорилар билан даволашга берилиб кетаётгандек! Психологиясиз тиббиёт муваффақиятсизликларга дучор бўлаверади. Ҳар қандай шифокор беморларни даволашда психологик усулларни кенг қўллаши керак.

 
Проф. Ибодуллаев З.Р. беморда нейропсихологик текширувларни ўтказмоқда

Менинг “Асаб ва руҳият” номли китобимда “Матонатли Дилдора” деган кичик бир воқеани эсланг. Ўшанда психологиянинг кучига яна бир бор иқрор бўласиз. Чунки дардга учраган ҳар қандай беморнинг авваломбор руҳияти синади.

 Зарифбой Ражабович! Ўтган йили юксак совринни қўлга киритган “Асаб касалликлари” дарслигингиз 1000 бет экан. Шундай хажмдаги дарсликни тайёрлашга жуда катта материал ва вақт керак. Бунга қандай улгурдингиз ва қандай вақт топдингиз.

Жавоб: Неврология бўйича дарслик яратиш менинг орзуим эди. Чунки шу пайтгача асаб касалликларига оид бирорта дарслик бўлмаган. Мавжуд дарсликлар умумий неврологияга оид эди. Бу албатта таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатарди. Ўзим институтда 1991 йилдан буён неврологиядан дарс бераман. Ўзбек тилида дарслик йўқлигига талабалар ҳам кўп шикоят қиларди. Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти дарсликлар тайёрлашни профессор-ўқитувчилар олдига кўндаланг қўйди. Бизнинг академияда жуда яхши дарсликлар тайёрлаб бошланди. Мен ушбу дарсликни 8 йилда ёзиб тугатдим ва уни ҳар йили янги маълумотлар билан тўлдириб келдим. Бунинг учун неврологияга оид жаҳон олимлари томонидан яратилган энг яхши китобларни тўплаб юрганман. Ишонаверинг, шу битта китобни ёзаман деб 60 дан ошиқ китоб тўплаганман. Дарслик қандай шаклда бўлиши, қандай боблардан иборат бўлишини ва мундарижани олдиндан тузиб қўйганман.

 Зарифбой Ражабович. Дарсликнинг қайси қисмини ёзиш сизда қийинчилик уйғотган.

Жавоб. Патогенез қисмини, яъни касалликларнинг ривожланиш механизмини ёзиш. Биласиз бунинг учун энг сўнгги маълумотлардан фойдаланиш зарур. Ҳар бир мавзуга оид сўнгги пайтларда чоп қилинган илмий мақолалардан ҳам кўп фойдаландим. Бу мақсадда ҳатто физиология, патофизиология, нейрофизиология, гистология ва морфологияга оид дарсликларни ҳам харид қилишга тўғри келди.

 Ҳозирда далилларга асосланган тиббиёт ҳақида кўп сўз юритилади. Бироқ фармакологик компаниялар ҳатто ривожланган давлатларда ҳам тиббиётга ўз босимини ўтказишга ҳаракат қилади. Дарсликнинг даволаш қисмини ёзишда қандай йўл тутдингиз.

Жавоб: Ҳар бир касаллик бўйича жахон экспертлари томонидан тавсия этилган ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига қатъиян амал қилдим. Далилларга асосланган тиббиёт томонидан тан олинмаган бирорта дори ушбу дарсликка киритилгани йўқ.


Япониялик профессор инсульт касаллигини даволашнинг янги технологиялари ҳақида маъруза қилди.

  Китоб каттароқ бўлиб қолган. Уни талабалар ўзлаштириши осон бўлиши учун дарсликка нима янгиликлар киритдингиз.

Жавоб: Тўғри китоб хажми каттароқ бўлган. Бунинг асосий сабабларидан бири – ҳар касаллик сўнгида “Ташхис қўйиш алгоритми” ни ёзиб чиққанман. Бу эса мавзуни ўзлаштиришни жуда осонлаштиради. Шунингдек, ташхис қўйиш ва даволаш схемалари ҳамда жадваллардан кенг фойланганман.

 Яқинда Германия ва Италияда неврологияга оид Ҳалқаро анжуманларда иштирок этиб келдингиз. Ҳориж давлатларидан қандай таъсиротлар билан қайтдингиз.


Паркинсон касаллиги бўйича Ҳалқаро ташкилот президенти Э.Уолтрес билан учрашув, Италия, Милан

2015 йил, июн. Берлинда Неврологларнинг Ҳалқаро анжумани. Профессорлар Ибодуллаев З.Р., Маджидова Ё.Н., Рахимбаева Г.С.

Жавоб. Менинг мақсадим Ўзбекистон неврологиясини ривожланган ҳориж давлатлари неврологияси даражасигача кўтариш. Бу йўлда барча неврологлар қатори бор кучимни сарфлашга ва яхши кадрлар тайёрлашга ҳаракат қиламан.


Уйқу бузилишлари бўйича Америкалик  профессорнинг ТТА га ташрифи.

 Таҳририятдан: Зарифбой Ражабович! Сизнинг ушбу хайрли ишларингизга омад тилаймиз. Сиз тайёрлаган дарсликлар албатта Ўзбекистонда невролог мутахассисларни тайёрлашда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади!

Манзура Бекчанова суҳбатлашди.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив